Қорақалпоғистонлик олим Орол атрофидаги ўткир муаммони ҳал этиш технологиясини яратди
  • 26 Январь 2018

Қорақалпоғистонлик олим Орол атрофидаги ўткир муаммони ҳал этиш технологиясини яратди

 

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг экология ва тупроқшунослик кафедраси Экология ихтисослиги таянч докторанти Маҳмуд Алламуратов бир қатор олимлар билан биргаликда Орол денгизи ҳудудидаги қум ва тупроқни қотириш йўли билан мазкур ҳудуддан тарқалаётган чанг-тўзонни тўхтатиш технологиясини яратди.

Айтиш жоизки, Орол денгизининг қуриши ушбу минтақа аҳолисини қийнаётган оғир муаммолардан биридир. Маълумотларга кўра, денгизнинг чўлланиш ва шўрланиш жараёни тезлашиши оқибатида сўнгги йилларда 50 минг гектарга яқин экин майдони қишлоқ хўжалигида фойдаланиш учун яроқсиз ҳолга келмоқда. Денгизнинг қуриган ўрнида 5,5 миллион гектардан зиёд чўл пайдо бўлганлиги ушбу муаммони янада кескинлаштирмоқда.

Шамол эсганда мазкур ҳудуддан заҳарли кимёвий элементлар, тузли чанг аралаш тўзон ҳавога кўтарилиб, олисларга тарқалади. Шу боис, қум ва тупроқни қотирувчи, ўсимликлар ўсишига зарар қилмайдиган махсус реагентларни ишлаб чиқариш экология, атроф муҳитни асраш, кимё ва биология фанлари шуғулланадиган аҳамиятли масала бўлиб қолмоқда.

Эътиборлиси, кўплаб мамлакатларда қумларни қотириш ва тупроқ унумдорлигини орттиришда турли органик, кимёвий қўшимчалардан фойдаланилади. Аммо, қўлланиладиган кимёвий реагентлар қиммат, уларни олиш жараёни мураккаб, заҳарли, шунингдек Орол денгизи минтақаси иқлимига чидамсиздир.

Биз сўз юритаётган тадқиқотдан кўзланган асосий мақсад маҳаллий хом ашё ва саноат чиқиндиларидан фойдаланган ҳолда қум ва тупроқни қотирувчи полимер реагентлар ишлаб чиқариш, тупроқнинг шамол ва сув эррозиясига чидамлилиги ҳамда унумдорлигини орттиришдир. — Илмий ишдаги асосий янгилик шуки, мамлакатимизда илк бор қотирувчи полимер реагентларни фосфогипс, галоид каби маномерлар асосида олиш технологияси ишлаб чиқилди, — дейди М. Алламуратов. — Бунда, олинган қотирувчи реагентлар таркиби, тузилиши ва физик-киёвий таркиби ўрганилди. Уларнинг тупроқ ва цемент композициялари физик-механик ўзига хослигига таъсири аниқланди. Ҳамда синтезланган полимер қотирувчи-реагентлар билан қайта ишланган қум ва тупроқнинг физик-кимёвий хусусиятлари тадқиқ этилди.

Айни пайтда ушбу технология минтақадаги бир неча агрофирма ва ўрмон хўжаликлари томонидан синов тариқасида қўлланилмоқда. Пировардида, тупроқ унумдорлиги ортишига, заҳарли тўзон кўтарилишининг камайишига эришилмоқда.

“Яхши ниятлар билан бошланган ушбу иш Орол минтақасидаги экологик, ижтимоий, технологик ва иқтисодий масалаларни ҳал этишга ўзининг ижобий таъсирини кўрсатишига ишонаман”, — дейди олим.

М. Алламуратовнинг Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети олимлари билан ҳамкорликда яратган “Тупроқ ва қумни мустаҳкамлаш учун полимер композиция” деб номланган тадқиқотига Ўзбекистон Республикаси интеллектуал мулк агентлиги томонидан патент берилди.

Ҳидоят АҲМЕДОВ,

“Халқ сўзи” мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn