Балиқчининг  “Болалар дунёси”
  • 25 Январь 2018

Балиқчининг  “Болалар дунёси”

 Балиқчи туманида “Болалар дунёси” номи билан аталувчи нодавлат мактабгача таълим муассасаси ўз фаолиятини бошлади. Дастлаб 10 нафар болажонлар билан машғулот бошлаган маскан айни кунда 60 нафар кичкинтойларни ўз бағрига олди. Улар уч гуруҳга бўлинган ҳолда ўзбек, рус ва инглиз тилларида сабоқ олишяпти.

-Ҳудудимизда иккита мактабгача таълим муассасаси мавжуд,-дейди Ўрмонбек маҳалласида истиқомат қилувчи Моҳира ая Неъматова. –Бироқ уларда тарбияланувчилар сони чегараланганлиги боис набирамни боғчага бера олмаётгандим. “Болалар дунёси”нинг ташкил топиши биз каби бувижонлар учун айни муддао бўлди. Энди набираларимизни мактабга тайёрлашда тажрибали устозлар кўмагидан баҳраманд бўлиш имконига эгамиз.

Тадбиркор Дилфузахон Саримсоқова томонидан фаолияти йўлга қўйилган ушбу хусусий боғчада 18 нафар ишчи-ходимлар фаолият юритяптилар. Муассаса гарчи туманнинг Ўрмонбек, Бўстон, Хўжаобод ҳамда Мирзааҳмедов номли маҳалла аҳолиси фарзандларига хизмат кўрсатиши кўзда тутилган бўлсада, Олтинкўл, Шаҳрихон, Улуғнор каби чегарадош  туманлардан ҳам ўғил-қизларини етаклаб келаётганлар сони ортиб бормоқда. Бу ҳам бўлса таълим муассасасида ёш авлод камолоти йўлида кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг ифодасидир.

Саминжон ҲУСАНОВ,

“Халқ сўзи” мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn