Жиззахда “Сайёр китоб карвони” ҳафталиги бошланди
  • 25 Январь 2018

Жиззахда “Сайёр китоб карвони” ҳафталиги бошланди

Китоб ихлосмандлари эҳтиёжини қондириш, янги китобларни тарғиб қилиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллигига бағишлаб Жиззахда “Сайёр китоб карвони” ҳафталиги ўтказилмоқда.  

Вилоят ҳокимлиги ҳамда вилоят матбуот ва ахборот агентлиги  бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур ҳафталикнинг очилиш маросимида давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ёзувчи ва шоирлар, маънавият тарғиботчилари, ноширлар, ўқувчи ва талабалар иштирок этди. 

Унда сўзга чиққанлар Президентимизнинг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши вилоят аҳолисини, айниқса, ёшлар маънавиятини оширишда муҳим аҳамиятга эга эканлиги алоҳида таъкидланди. 

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти И. Каримов таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан таниқли давлат арбоби фаолиятига бағишланган видеофильм намойиш этилди. Кўргазмада мустақиллигимиз меъмори асарлари намойиш этилди.  

Шунингдек, ҳафталикнинг очилиш маросимида мамлакатимиздаги еткачи нашрёт уйлари томонидан чоп этилган янги китобларнинг кўргазмаси ҳам бўлиб ўтди. 

— Президентимизнинг фармойиши ижроси доирасида янги турдаги кўплаб бадиий, илмий, ёшларбоп китоблар яратилмоқда, — дейди  “Зиёбахш пресс” МЧЖ қошидаги “Китоблар олами” дўкони раҳбари Лобар Неъматова. — Дунё тан олган Абу Али ибн Сино,  Абу Наср Форобий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий каби буюк аждодларимиз ҳақидаги адабиётлар шулар жумласидандир. Қолаверса, анъана айланаётган китоб байрамлари, ҳафталиклар ҳамда таниқли ёзувчи ва шоирлар билан бўлиб ўтаётган учрашувлар вилоятимизда китобхонлар сонининг янада кўпайишига хизмат қилмоқда. 

Тадбир доирасида “Кутубхонага китоб совға қиламан” хайрия акцияси ҳам ташкил этилди.Тўпланган китоблар вилоятнинг чекка қишлоқларида кўчма кутубхоналар ташкил этиш учун тақдим этилди. 

Китоб ҳафталиги тадбирлари вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида давом этмоқда. 

 Толибжон ЭРГАШЕВ,

 “Халқ сўзи” мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn