Ўқитувчилар учун “Ҳокимлик маоши”, талабаларга ҳафтада бир кун бепул тушлик
  • 23 Январь 2018

Ўқитувчилар учун “Ҳокимлик маоши”, талабаларга ҳафтада бир кун бепул тушлик

Гулистон давлат университети қошида мактабгача таълим, мактаб, ўрта махсус касб-ҳунар таълими ва олий таълим муассасалари ҳамкорлигини яхшилаш ҳамда малакали кадрлар тайёрлаш,  уларга ўқув-методик ёрдам бериш мақсадида мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкил этилди.

Кенгаш Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарорларида (2017 йил 20 апрелдаги ПҚ-2906, 2017 йил 27 июлдаги ПҚ-3151, 2017 йил 28 июлдаги ПҚ-3160, 2017 йил 9 сентябрдаги ПҚ-3162) белгиланган вазифаларни тўлақонли амалга оширишга кўмаклашади. Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг 3 та — мактабгача таълим, умумтаълим мактаблари, ўрта маҳсус касб-ҳунар таълими шўъбалари фаолият кўрсатади.

Бу ҳақда Сирдарё вилояти ҳокимлиги расмий веб-сайти хабар тарқатди.

“Бугунги тараққиётимиз, ҳалқимиз фаровонлиги илм-фаннинг ишлаб чиқаришга қанчалик жалб этилганлиги билан белгиланади. Мен олимларга суянаман. Уларнинг кашфиётларини, янгиликларини, инновацион ғояларини ҳаётга тадбиқ этилишини хоҳлайман” — дейди вилоят ҳокими, мувофиқлаштирувчи кенгаш раиси Ғофуржон Мирзаев.

Шунингдек, университетдаги “Энг иқтидорли, истеъдодли талабалар”дан 12 нафарига ҳар ойда 500 минг сўмдан “Сирдарё вилояти ҳокими стипендияси”, ҳар ойда ҳар бир факультетдан “Энг яхши, билимли, салоҳиятли, қатор ютуқларга эришган, чет элларда мақолалари босилган, гранд-лойиҳалари мавжуд ўқитувчилари учун вилоят ҳокимининг 1 000 000  сўм қўшимча “Ҳокимлик маоши” берилиши эълон қилинди.

Бундан ташқари, вилоят ҳокими 4446 нафар талабанинг ҳар хафта бир кунлик тушлиги бепул қилиб берилилиши, ҳафтанинг ҳар пайшанба куни университет ошхоналарида “балиқ куни” жорий этилишини айтиб ўтган.

Мактабгача таълим, умумтаълим мактаблари ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими йўналишлари бўйича энг яхши фаолият кўрсатган таълим муассасалари учун йил якунига кўра мувофиқлаштирувчи кенгаш тавсиясига асосан 3 та йўналиш бўйича мукофотлар жорий қилинди. 

Айни пайтда мувофиқлаштирувчи кенгашнинг 2018 йилги иш режаси тасдиқланган.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn