Афғонистон фуқароларини ўқитиш марказининг илк қалдирғочлари кутиб олинди
Афғонистон фуқароларини ўқитиш марказининг илк қалдирғочлари кутиб олинди ЎзА олган сурат
  • 22 Январь 2018

Афғонистон фуқароларини ўқитиш марказининг илк қалдирғочлари кутиб олинди

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузурида Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази ўз фаолиятини бошлади.

Ўзбек ва афғон халқларини яқин қўшничилик  ва азалий дўстлик ришталари ўзаро боғлаб туради. Шу боис, Афғонистонда тинчлик ва осойишталикни ўрнатиш, ўзаро манфаатли шерикликни мустаҳкамлаш, савдо, иқтисодий, транспорт, маданий ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш бўйича Ўзбекистон томонидан кенг кўламли саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Биргина ўтган йили икки давлат раҳбарининг 5 маротаба учрашгани, 4-5 декабрь кунлариАфғонистон Ислом Республикаси Президенти жаноб Муҳаммад Ашраф Ғани мамлакатимизга расмий ташриф билан келгани икки давлат ўртасидаги  муносабатларга янгича руҳ бағишлади.

Таъкидлаш жоизки, бундан уч ой аввал Остонада бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида Ўзбекистон ва Афғонистон Ислом Республикаси давлат раҳбарлари ўртасида бўлиб ўтган музокалар чоғида ўзаро ҳамкорликни янада кучайтириш мақсадида Термиз туманида Афғон фуқароларини ўқитишга мўлжалланган ўқув марказини ташкил этиш режалаштирилганди. Шу келишув ижросини таъминлаш мақсадида, Янгиариқ қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи  биноси капитал реконструкция қилиниб, Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази ташкил этилди.

— Марказ фаолиятини самарали йўлга қўйиш учун барча шарт-шароитлар муҳайё этилди, - дейди таълим маркази раҳбари Ойбек Рўзиев. –Жумладан, 750 ўринли ўқув биноси, 180 ўринли фаоллар зали, 100 ўринли ошхона, спорт зал, стадион ва спорт майдончалари, шунингдек, 110 ўринли талабалар тураржойлари тубдан таъмирланиб, зарур жиҳозлар билан таъминланди. Таълим самарадорлигини ошириш мақсадида информатика ва ахборот технологиялари, кимё, физика, темир йўл транспорт тизимини мукаммал ўқитиш учун энг замонавий лаборатория ва лингафон хоналари ташкил этилди. Бундан ташқари, ўқув марказининг электрон кутубхона тизими яратилган бўлиб, унинг базасига лотин алифбосидаги 700 дан ортиқ электрон адабиётлар жойлаштирилган. Иккита инфокиоск учун ўзбек ва дари тилларида дастурий таъминот ишлаб чиқилди ва ушбу дастурдаги 5 та бўлим маълумотлар билан тўлдирилди. Марказнинг “Электрон таълим тармоғи”га уланиши пировардида бу ердан туриб, талабалар республикадаги барча олий таълим муассасалари электрон таълим  ресурсларидан фойдаланишлари мумкин бўлади.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, марказда ўқитиш ишлари Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланган ўқув режалари ва дастурларига мувофиқ амалга оширилади.

— Машғулотлар ўзбек ва дари тилларида олиб борилади, -дейди таълим марказнинг маъанавий-маърфий ишлар бўйича директор ўринбосари Тошпўлат Тошев.- Талабаларга машғулотларни олиб бориш учун Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Термиз давлат университети, Тошкент давлат шарқшунослик институти, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети малакали профессор-ўқитувчилар ўқув режасига мувофиқ жалб этилади. Марказ битирувчиларига қисқартирилган (2 йиллик) таълим муддатларида ўзбек тили ва адабиёти таълим йўналиши бўйича бакалавр даражасини берувчи давлат намунасидаги тегишли ҳужжат берилади.

— Ўзбек заминига қадам қўйишим билан қалбимдаги кечинмаларим мени тўлқинлантириб юборди, - дейди афғонистонлик Аҳмад Жавод Муҳаммад Назар. – Боиси Ўзбекистонни кўриш, бу юрт одамлари билан бевосита мулоқотда бўлиш орзусида эдим. Бу ерда кўрганларим юртингиз ҳақидаги таассуротларимни янада бойитди. Дўст ўзбек халқи бизни самимий ва очиқ чеҳра билан қарши олди. Ўзбекистонда таҳсил олиш мен учун қувончли, албатта. Ўзим болаликдан адабиёт ва санъатга ошуфтаман.  Навоий ва Машраб девонларини севиб ўқийман. Уларнинг ижодидан кўплаб намуналарни ёд олганман. Таҳсил жараёнида бу даҳо ижодкорлар меросини чуқур ўрганиш, ўзбек тили ва адабиёти бўйича малакали мутахассис бўлиб етишишга астойдил интиламан.

Таълим марказининг очилиш маросими кенг жамоатчилик иштирокидаги катта тантанга айланди. Тадбирда Афғонистон Ислом Республикаси Президентининг инфратузилма, технологиялар ва инсон ресурслари масалалари бўйича бош маслаҳатчиси Ҳумоюн Қаюмий, Афғонистон Республикаси Президентининг МДҲ давлатлари билан ҳамкорлиги бўйича махсус вакили Шокир Коргар ва бошқалар янги иш бошлаган ўқув маркази давлатларимиз ўртасидаги дўстлик муносабатларини мустаҳкамлашга, маданий-гуманитар соҳадаги алоқларни янада ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлашди.

— Хорижий талабаларни олий таълим тизимига қамраб олиш анъанаси мавжуд бўлса-да, Ўзбекистонда айнан афғонистонлик ёшлар учун ўқув маркази ташкил этилгани улкан янгилик. Бундай амалиётнинг дунёда муқобили йўқ, десам муболаға эмас, — дейди Афғонистон Республикаси Президентининг МДҲ давлатлари билан ҳамкорлиги бўйича махсус вакили Шокир Коргар. - Афғонистонда 7 миллиондан ортиқ ўзбеклар яшайди. Ўзбек тили учинчи расмий тил ҳисобланади. Аммо Афғонистонда  ўзбек тилини ўқитиш бўйича малакали мутахассисларга бўлган эҳтиёж юқори. Бу марказ ана шу борада биз учун таянч маскани бўлади. Бинобарин, жамият тараққиёти учун таълим ривожи ҳал қилувчи омиллардан саналади. Бу борада юртингизда эришилган ютуқ ва натижалар ҳар қанча эътироф ва таҳсинга лойиқ. Афғонистон тараққиётини таъминлаш учун малакали мутахассисларни тайёрлаш, таълим тизмини интеграциялаштириш борасида айнан Ўзбекистонга ҳамкорлик қўлини узатганимиз мана шу омиллар билан боғлиқ. Қолаверса, бизни азалий қўшничилик, қардошлик муносабатлари боғлаб туради. Таълим марказининг очилиши ўзбек ва афғон халқларини ўзаро яқинлаштиришда янги саҳифа очишига ишонаман.

Илҳом РАҲМАТОВ,
“Халқ сўзи” мухбири.




Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn