Илм-фан ва маънавиятга юксак эътибор ифодаси
  • 19 Январь 2018

Илм-фан ва маънавиятга юксак эътибор ифодаси

Бугунги давр барча соҳалар қаторида илм-фанни жадал ривожлантириш, унинг тараққиётини янги босқичга кўтаришни талаб  этмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 30 декабрь куни мамлакатимизнинг бир гуруҳ илм-фан намояндалари, давлат ва жамоат ташкилотлари, Фанлар академияси аъзолари билан учрашуви ҳам республикамизни ҳар томонлама тараққий эттириш йўлидаги яна бир ташаббуси бўлди.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 29 декабрда имзоланган “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолари ҳамда собиқ Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги фанлари академиясининг ҳақиқий аъзолари ва мухбир аъзолари фаолиятини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоларини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонлари бу борадаги ғамхўрликнинг амалдаги ифодасидир. Тарихда кузатилмаган бундай эътибор, табиийки, ҳар бир зиёлини беҳад руҳлантирди. Буни улардан айримларининг қуйидаги фикрларидан ҳам билиш мумкин.

Турғунпўлат ДАМИНОВ, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги:

— Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 30 декабрда етакчи илм-фан намояндалари билан учрашуви биз учун том маънода тарихий воқеа бўлган эди. Давлатимиз раҳбари академиклар билан юзма-юз мулоқот қилиб,  илм-фан тараққиётидаги муаммолар, шунингдек, таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги интеграция бўйича фикрларимизни тинглади.
Шубҳасиз, ўзаро ишончга асосланган бундай учрашув инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган давлат сиёсатининг амалдаги рўёби ифодасидир. Учрашув давомида тиббиёт, гуманитар соҳа, табиий ҳамда аниқ фанлар вакиллари сўзга чиқишди. Президентимиз олимларнинг ҳар бирини диққат билан тинглади ва айтиб ўтилган муаммоларнинг тагига етиб, тегишли вазирлик ҳамда идоралар раҳбарларига тезкор чоралар кўриш ҳақида топшириқлар берди. Орадан ўтган бир йил давомида бу борадаги эътибор янада мустаҳкамланиб, академия фаолиятини кучайтиришга оид ҳужжатлар қабул қилиниши сўз ва амал уйғунлигининг яққол далили бўлди.
Хусусан, Президентимиз томонидан 2017 йил 29 декабрда имзоланган иккита Фармон, бундан олдин зиёлилар билан учрашуви ҳар биримизга кенг имкониятлар эшигини очди. Биз, академиклар, янада фидойилик билан меҳнат қилиш, давлатимиз раҳбари белгилаб берган вазифаларни ҳал этишга ўз ҳиссамизни қўшишдан толмаймиз.

Балташ АБДАЛИМОВ, собиқ Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги фанлари академиясининг мухбир аъзоси:

— Юртбошимизнинг илм-фан вакилларига кўрсатаётган ғамхўрлиги қалбимизга ифтихор бахш этиб келмоқда. Ёшим 77 да, очиғи, илм йўлига кирганимдан бери, бу қадар кенг қамровли эътиборни, академикларга нисбатан эҳтиромни кўрмагандим. Ўз навбатида, бундай эъзоз зиммамизга улкан масъулият юклади. Бу Ўзбекистонимизнинг келажаги, Ватанимиз довруғини илм-фандаги ютуқлари билан оламга танитадиган фарзандларимиз олдидаги масъулиятдир.
Биз, олимлар қўйилган вазифаларни бажаришимиз учун барча шарт-шароит мавжуд. Мисол тариқасида 2016 йилнинг 30 декабрида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Республика Фанлар академияси академиклари, олимлар, вазирлар, республика олий таълим муассасаларининг ректорлари билан учрашувини олайлик. Давлатимиз раҳбари ўша куни расмиятчиликни бир четга суриб, самимий мулоқот қилди. Бу ҳаммамизни лол қолдирди. Шу сабабдан мазкур учрашув олимларга кўтаринки руҳ бағишлади. Юртбоши-миз ўз чиқишини бундай сўзлар билан бошлади: “Мана, менинг қўлимда тайёрлаб берилган маъруза турибди. Лекин мен уни сизларга ўқиб ўтирмайман. Мен сизларни эшитмоқчиман. Илм-фанни ривожлантириш учун нима қилмоғимиз керак? Нима қилсак, замонамиздан хоразмийлар, бухорийлар, берунийлар, улуғбеклар пайдо бўлади?”
Бу фарзандларимизга илм-маърифат етказиш учун мудроқлик ҳолатидан чиқинг, дея юракдан айтилган эзгу сўз, эзгу даъват эди.
Бугун Президентимиз раҳнамолигида олиб борилаётган эзгу ислоҳотлар, шиддату шижоат билан ҳаётга татбиқ этилаётган лойиҳалар самарасини халқимиз кўраяпти, гувоҳи бўлаяпти, ўз тақдири мисолида яққол ҳис қилаяпти. Шу маънода, биз, зиёлилар ҳам халқимиз орасидан улуғ аждодларга муносиб кишилар камол топишига ишонамиз. Илм-фанни ривожлантириш мақсадига йўналтирилган техник ва моддий базанинг борлиги, давлатимизнинг шу йўналишда олиб бораётган оқилона сиёсати режаларимизни амалга оширишга улкан мадад бераяпти.

Феруз НАЗИРОВ, академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази директори:

— Давлатимиз раҳбарининг эътиборидан бошимиз кўкка етди. Негаки, бундай юксак рағбат инсонга куч-қувват бағишлайди, қанот беради. Ўзбекистон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси сифатида эътироф этилганимдан мамнунман. Айниқса, Ўзбекистон Фанлар академияси фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган янги ҳужжатлар мамлакатимиз зиёлилари, илм-фан фидойилари томонидан катта мамнуният билан қабул қилинди. Чунки унда белгиланган вазифаларнинг ҳар бири кўнглимиздаги ниятлар билан уйғундир.
Президентимизнинг мамлакатимизда фан ва технологияларни жадаллик билан ривожлантириш, юқори малакали кадрлар тайёрлашни такомиллаштириш, тиббиёт -тизимини бугунги давр талабларига мослаштириш, бунда моддий-техника базасини мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатлари келажагимизни ўйлаб қилинаётган ишлар -сирасидандир.
Умуман, ушбу фармонлар академик фан нуфузини ошириш, илмий-тадқиқот фаолиятининг кадрлар ва интеллектуал салоҳиятини мустаҳкамлаш, уни ташкиллаштириш ва бошқариш тизимини такомиллаштириш, илмий-тадқиқот муассасалари имкониятини кенгайтириш, иқтидорли ёшларни илм-фанга кенг жалб қилиш ва олимларнинг сермашаққат меҳнатларини муносиб моддий рағбатлантиришга кенг йўл очиши муқаррар.

Тўра МИРЗАЕВ, Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти етакчи илмий ходими:

— Очиғи, бугун зиёлиларга қаратилаётган ғамхўрликни ҳеч нарса билан таққослаб бўлмайди. Давлатимиз раҳбарининг Фармонига биноан, бир қатор юртдошларимиз сафида Ўзбекистон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолигига қабул қилинишим ҳаётимдаги унутилмас воқеадир. Юртбошимизнинг илм-фан билан шуғулланиш, янги кашфиёт ва ихтиролар қилиш игна билан қудуқ қазишдек гап, шундай экан, бу машаққатли соҳада фидокорона меҳнат қилаётган олимларимиз фаолияти таҳсин ва рағбатга муносиб, дея таъкидлагани маънавиятга, маърифатга, илм-фанни ривожлантиришга бўлган эътиборнинг ёрқин намунасидир.
Ўзбек тили — дурдона асарлар яратилган ноёб тил. “Девону луғотит турк”, “Қутадғу билиг”, “Ҳибат ул-ҳақойиқ”, “Қисас ул-анбиё”, “Хамса”, “Бобурнома”, Лутфий, Атойи, Саккокий ғазалиёти, “Алпомиш”, “Гўрўғли”, “Ўғузнома” каби халқ достонлари... Олис ва яқин тарихимизда яратилган ушбу асарларимиз, тил ёдгорликларимизни ўқиган борки, улардаги чуқур маъно, сўз оҳангларидан олам-жаҳон завқ олади. Айни пайтда “Ўзбек халқ ижодий ёдгорликлари”нинг 100 жилдлиги нашр этилаётгани ҳам тарихда -кузатилмаган ҳолат. Бундай нодир асарларни ўқиш инсон тафаккури, бадиий диди ва эстетикасини бойитади. Шу маънода, Президентимизнинг мамлакатимиз ижодкор--зиёлиларига кўрсатаётган эҳтироми замирида ёшларимизни бой маънавий меросимиз -билан таништириш, улар қалбида тарихимизга муҳаббат уйғотишдек улуғвор ниятлар мужассам.

«Халқ сўзи» мухбири
Мақсуд ЖОНИХОНОВ ёзиб олди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn