«Темурбеклар мактаби» ёшларнинг чинакам мардлик, матонат ва жасорат масканига айланди
«Темурбеклар мактаби» ёшларнинг чинакам мардлик, матонат ва жасорат масканига айланди Ҳасан Пайдоев сурати.
  • 17 Январь 2018

«Темурбеклар мактаби» ёшларнинг чинакам мардлик, матонат ва жасорат масканига айланди

Тошкент шаҳридаги “Темурбеклар мактаби” — Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафига етук ўғлонларни тайёрлаб бераётган таянч ўқув масканларидан бири.

Бу ерда ёш авлоднинг ҳарбийлик кўникмаларини эгаллаши, жисмонан чиниқиши, уларни мустақил фикрлайдиган, халқ хизматига камарбаста этиб тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилади.

Бугунги кунда муассасада 450 нафардан ортиқ ёшлар таҳсил олмоқда. Уларга тажрибали педагог ва ҳарбий соҳа мутахассислари ахборот технологиялари ҳамда моделлаштириш услублари, улуғ аждодларимиз мероси асосида сабоқ беришаяпти.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади. Хўш, давлатимиз раҳбари таклифи асосида бундай муассасаларга нега айнан “Темурбеклар мактаби” деб ном берилди?

— Соҳибқирон Амир Темурнинг юксак шижоату жасорати бўлажак Ватан ҳимоячилари учун чинакам ибрат, — дейди “Темурбеклар мактаби” директори ўринбосари, подполковник Қамбарали Азизов. — Қолаверса, бобокалонимиз маърифату адолат борасида улуғ фазилатлар соҳиби бўлган. Ҳарбий-тактик услублари ҳали-ҳануз жанговар тайёргарлик машғулотларида пухта ўрганилади. Шу маънода, келажагимизни соғлом ва баркамол, эл-юртига муносиб, энг муҳими, Амир Темурдек ўз аҳдига содиқ ҳамда ватанпарвар инсонлар тимсолида кўриш — халқимиз орзуси. Биз сабоқларимизда ана шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратаяпмиз.

Даргоҳда ўқув-тарбия ишлари ўқувчиларни ҳарбий касбга йўналтириш, уларнинг олий ҳарбий таълим муассасаларида ўқишини назарда тутадиган дастурларга таяниб, инновацион, илғор педагогик технологиялардан кенг фойдаланган ҳолда ташкил қилинаётир. Бу борада, айниқса, ҳарбий қисмлар ва олий ҳарбий таълим муассасалари билан ўрнатилган ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этмоқда.

Муассасада назарий ва амалий машғулотлар учун махсус хоналар, замонавий ҳарбий техникалар мавжуд. Йигитларнинг спорт билан шуғулланиб, дам олиши учун барча шарт-шароит яратилган. Ўн тўрт мингдан ортиқ ўқув-услубий, бадиий адабиётлар ҳамда дарсликларга эга ахборот-ресурс маркази ишлаб турибди.

Ёниқ юрак, қатъияту иштиёқ билан ана шу машғулотлар ва тўгаракларда тобланиб бораётган норғул йигитлар шаҳар, мамлакат ҳамда жаҳон миқёсида ўтказилаётган турли мусобақа ва танловларда муносиб қатнашиб келишаяпти. Жумладан, 2017 йилнинг декабрь ойида халқаро комбат-айкидо бўйича Ўзбекистон кубогида ушбу “Темурбеклар мактаби” ўқувчиларининг олти нафари биринчи, уч нафари иккинчи ўринни эгаллади.

— Болалигимдан ҳарбий бўлишни мақсад қилганман, — дейди “Темурбеклар мактаби” ўқувчиси Амирбек Олимов. — Ҳозир бу ерда соҳа сир-асрорларини ўрганиб, ижтимоий-сиёсий билимларим, дунёқарашимни кенгайтириб бораяпман. Келгусида Ватанимизга муносиб ўғлон бўлиб, юртимиз шарафини юксакларга кўтаришга ҳисса қўшаман!

Муҳаммаджон АҲМАДЖОНОВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn