Ўзбек олими Хитой Фанлар академиясига аъзо бўлди
  • 12 Декабрь 2017

Ўзбек олими Хитой Фанлар академиясига аъзо бўлди

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Биоорганик кимё институти директори, академик Шавкат Солиҳов илм-фан соҳасидаги ютуқлари учун Хитой Фанлар академиясининг хорижий аъзолигига сайланди.

Академик Шавкат Солиҳов Хитой Фанлар академиясига Ўзбекистондан сайланган биринчи олимдир. Унинг раҳбарлигида оқсил кимёси, токсинлар кимёси ва биотехнология соҳасида самарали илмий изланишлар олиб борилган, кўплаб ютуқларга эришилган. Фанда биринчи марта Ўрта Осиё ҳайвонлари заҳарларидан токсик хоссаларга эга бўлган 50 дан ортиқ физиологик фаол оқсил ҳамда пептидлар ажратиб олинган. 70 дан кўпроқ ўсимликлардан фан учун номаълум бўлган 150 дан зиёд полифенол табиатли биологик фаол моддаларнинг кимёвий таркиби аниқланиб, улар асосида ҳозир мамлакатимиз тиббиёт амалиётида кенг қўлланилаётган вирусларга, шамоллашга қарши ва қон тўхтатувчи дори-дармон -препаратлари яратилган. Пахта чигитидан госсипол моддасини ажратиб олиш ҳамда уни катта миқёсда ишлаб чиқариш технологиясини яратишда ҳам олимнинг хизматлари катта.

Унинг саъй-ҳаракатлари билан мамлакатимизда Хитой Фанлар академиясининг биринчи хорижий марказларидан бўлган дори препаратларини тадқиқ қилиш ва ишлаб чиқиш Марказий Осиё маркази ташкил этилаётир. Бу ерда яратиладиган дори воситаларини келгусида Хитой ва бошқа давлатларга экспорт қилиш мўлжалланмоқда.

Дилшод КАРИМОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn