Дунё эъзозидаги мерос
  • 28 Ноябрь 2017

Дунё эъзозидаги мерос

Буюк бобокалонимиз Абу Али ибн Сино жаҳон фани тарихида қомусий олим сифатида тан олинган. У ўз даврида мавжуд фанларнинг деярли барчаси билан шуғулланган ва уларга оид асарлар битган. Турли манбаларда Ибн Синонинг 450 дан ортиқ асарлар ёзганлиги қайд этилган. Лекин бизгача уларнинг 200 дан кўпроғи етиб келган. Шулардан 80 таси фалсафа, 43 таси табобатга оид. Қолганлари мантиқ, психология, астрономия, математика, мусиқа, кимё, ахлоқ, адабиёт ҳамда тилшуносликка бағишланган. Бухорода бўлиб ўтган “Ибн Сино илмий-маданий меросининг аҳамияти ва унинг фан тараққиётидаги ўрни” мавзуидаги халқаро илмий-амалий анжуманда ана шу далиллар алоҳида таъкидланди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Фанлар академияси, Ибн Сино жамоат фонди, Бухоро вилояти ҳокимлиги, Бухоро давлат тиббиёт институти ҳамкорлигида ташкил қилинган тадбир аввалида анжуман иштирокчилари қомусий олим таваллуд топган Афшона қишлоғида бўлиб, унинг ҳайкали пойига гуллар қўйдилар.

Айтиш жоизки, мамлакатимиз мустақилликка эришгач, миллий қадриятларимиз, бой маънавий меросимизга муносабат ўзгарди. Буюк аждодларимиз таълимотларини ўрганиш ҳамда тадқиқ этишга эътибор кучайди. Улар туғилиб-ўсган ва мангу қўним топган манзиллар ободонлаштирилди. Жумладан, Абу Али ибн Синонинг киндик қони тўкилган қишлоғи Афшонада ҳам кенг қамровли бунёдкорлик ишлари бажарилди. Кўркам, шинам тураржойлар, боғлар барпо қилинди. Қишлоқ марказида, музейга ёндош жойда Афшона тиббиёт коллежининг замонавий ўқув биноси, ахборот-ресурс маркази қад ростлади. Алломанинг ҳайкали ўрнатилди. Музей биноси реконструкциялаштирилди. У истиқлол ғоялари асосида янги экспонатлар, манбалар билан бойитилди.

— Бу йил тўққизинчи марта ўтказилган халқаро Ибн Сино ўқишларидан кўзланган асосий мақсад буюк ватандошимизнинг бой илмий-маданий меросини ўрганиш, чет давлатларнинг илмий-тадқиқот институтлари ҳамда  олимлари билан ўзаро тажриба алмашиш, улар билан самарали ҳамкорлик стратегиясини ишлаб чиқишдан иборат, — дейди Ибн Сино жамоат фонди бошқаруви раиси Нозимхон Маҳмудов. — Анжуманда Ҳиндистон, Буюк Британия, Германия, Исроил, Франция, Россия, АҚШ, Туркия каби қатор давлатлардан мутахассислар қатнашди.

— Абу Али ибн Сино жаҳон илм-фани, хусусан, тиббиёт ривожига улкан ҳисса қўшган, — дейди яна бир суҳбатдошимиз, Франция Миллий илмий-тадқиқот институти директори, профессор Рашид Рошди. — Унинг асарлари асрлар оша ўз аҳамиятини йўқотмай келмоқда. Мен улуғ аллома таваллуд топган Ўзбекистон заминида бўлиб турганимдан жуда мамнунман. Ибн Сино, ал-Хоразмий каби буюк аждодларингизнинг бой маънавий меросини тадқиқ этиш, улар асарларига шарҳлар ёзиш бахтига муяссар бўлдим. Бу мерос юртингизда кўз қорачиғидек асраб-авайланаётгани, ёш авлодга бекаму кўст етказилаётгани эътиборга моликдир.

Тадбирнинг очилиш маросимида сўз олган вилоят ҳокими Ў. Барноев, соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Э. Боситхонова, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Дендев Бадарч ва бошқалар Ибн Синонинг таълимоти, унинг бугунги кундаги аҳамияти ҳақида тўхталдилар.

Шундан сўнг буюк аждодимизнинг меросини ўрганиш, тарғиб қилиш борасида фидойилик кўрсатаётган франциялик олимлар — Рашид Рошди ҳамда Даниеля Жакарт ва Тошкент фармацевтика институти ҳамда Ибн Сино жамоат фонди жамоасига Халқаро Ибн Сино мукофоти тантанали равишда топширилди. Мазкур мукофот Франция тиббиёт академияси, шу мамлакатнинг “Мед-21” ва Авиценна халқаро ассоциациялари томонидан таъсис этилган. Илмий ҳамда тарғиботчилик фаолияти учун Ибн Сино жамоат фонди ҳам ушбу мукофот ҳакамлар ҳайъатига киритилганини таъкидлаш лозим.

Анжуманда Ибн Сино фаолияти билан боғлиқ жами тўққизта илмий йўналишда маърузалар қилинди. 1500 дан зиёд илмий мақола ва тезислар тўпланди. Уларни тўплам ҳолида нашр қилиш юзасидан фикрлашиб олинди.

Истам ИБРОҲИМОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn