Илм-фан ютуқлари ва самарадорлик
  • 21 Май 2014

Илм-фан ютуқлари ва самарадорлик

Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ташаббуси билан Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, “Ўзкимёсаноат” давлат-акциядорлик компанияси ҳамда бошқа тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган матбуот анжуманида ер унумдорлиги ва қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини оширишга йўналтирилган инновацион лойиҳаларни ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.

Таъкидландики, Президентимизнинг 2008 йил 15 июлдаги “Инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим омил бўлмоқда. Хусусан, қарор доирасида илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси кенгайтирилиб, илмий муассасалар томонидан яратилаётган инновацион ишланмалар орасидан энг истиқболлилари амалиётга жорий қилинаяпти.

Анжуманда кейинги йилларда мамлакатимиз олимлари томонидан яратилиб, амалиётда кенг қўлланилаётган янги инновациялар, серҳосил навлар, экологик тоза биоўғитлар ҳақида маълумот берилди. Масалан, республика Фанлар академияси Микробиология институтида инсон саломатлиги ва атроф-муҳит учун хавфсиз ўғит олиш технологиялари яратилган. Жумладан, 5 та биопрепарат Давлат кимё комиссиясида рўйхатга олиниб, қишлоқ хўжалигида фойдаланиш учун тавсия этилган.

Шу билан бирга, юртимиз олимлари ғўза геномикаси ва ген инженериясида эришган юксак натижалар бутун дунёда шуҳрат қозонмоқда. Гап шундаки, жаҳон бўйича биринчи бўлиб Ўзбекистонда ғўза учун ген-нокаут технологияси ишлаб чиқилиб, шу асосда ғўзанинг серҳосил, эртапишар, қурғоқчиликка чидамли, толаси узун ва сифатли “Порлоқ” нави яратилди ҳамда 2013 йилда синовдан муваффақиятли ўтказилди.

Соҳага татбиқ қилинаётган шу каби инновациялар табиий ресурсларни тежаш, маҳсулот етиштириш ҳажмини ошириш, пировардида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn