Бўлажак ҳуқуқшунослар баҳси
  • 20 Май 2014

Бўлажак ҳуқуқшунослар баҳси

Ички ишлар вазирлиги Академиясида “Ҳуқуқшунослик, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси” фани бўйича талабалар Республика фан олимпиадаси якуний босқичи бўлиб ўтди.

Унда Тошкент давлат юридик университети, ИИВ Академияси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги таркибида ҳуқуқшунослик йўналишлари бўлган олий таълим муассасаларининг талаба ва тингловчилари ўзаро баҳс олиб боришди. 

Иқтидорли тингловчи ва талабаларни аниқлаш ҳамда қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижодий қобилиятини янада ривожлантириш мақсадида уюштирилган  тадбирда иштирокчилар 4 та тур бўйича ўз билимларини синовдан ўтказишди. Якунда ИИВ Академияси 3-курс тингловчиси Шерали Муҳаммадиев биринчи ўринни қўлга киритди. Кейинги ўринлар эса Тошкент давлат юридик университети 3-босқич талабаси Соҳибжон Fаппаров ҳамда Ўзбекистон Миллий университети 3-босқич талабаси Анвар Жўраевга насиб этди.

— Ҳозирги глобаллашув даври ҳар бир кишидан ҳуқуқий билимларини бойитишни талаб этади, — дейди олимпиада ғолиби
Ш. Муҳаммадиев. — Бу борада соҳага оид фан олимпиадасининг аҳамияти юқори. Зеро, у нафақат иштирокчилар билимини мустаҳкамлайди, айни чоғда юртимиздаги барча тенгдошларимизнинг соҳага бўлган қизиқишларини янада оширади.
Ғолибларга диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

З. ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn