Нанотехнологиялар сарф-харажат ва вақтни тежаб, самарадорликни ошириш имконини беради
  • 09 Май 2014

Нанотехнологиялар сарф-харажат ва вақтни тежаб, самарадорликни ошириш имконини беради

ХХ асрнинг иккинчи ярмида илмий-техника соҳасида оламшумул ютуқларга эришилди, саноатлашишнинг янги босқичига қадам қўйилди. Ушбу даврда микроэлектроника жадаллик билан ривожланди. Фан-техника ва ишлаб чиқаришнинг барча жабҳасида ноёб қурилмалар яратилди. Охирги ўн йилликда эса муомаламизга “нано” атамаси кириб келди. Худди космик саёҳатлар ва интернет ўз вақтида қандай шов-шувлар билан қарши олинган бўлса, мазкур тушунча ҳам оммавий ахборот воситаларининг эътиборини шу даражада торта бошлади.

Нанотехнология замонавий технологияларнинг янги йўналиши бўлиб, мақсади қурилмалар ҳажмини максимал даражада кичрайтириш ва ишлаши учун энергия сарфини ўнлаб, айрим ҳолларда, ҳатто, юзлаб маротаба камайтиришдан иборатдир. Бу усул инсоният олдида кўндаланг турган бир қатор долзарб муаммолар, хусусан, глобал иқлим ўзгариши, углеводород ёқилғиси танқислигидан тортиб, бедаво касалликларни даволашгача бўлган кўплаб масалаларнинг ижобий ечимига олиб боради.

“Нано” сўзи “миллиарддан бир” деган маънони англатади. Масалан, 1 нанометр 1 метрдан миллиард марта кичик узунлик ҳисобланади. Нанотехнологияга оид қурилмалар, асосан, 70-йилларда кашф қилинган бўлиб, ушбу янгилик нанотехнологик инқилобнинг бошланиши сифатида дунё олимлари томонидан тан олинган.

Албатта, нанотехнологияни жорий этишдан асосий мақсад фақат қурилмалар ўлчамларини кичрайтириш эмас, балки уларнинг жуда тез ва аниқ ишлашини таъминлаш, материалларни, энергия ҳамда вақтни тежаш ҳамдир. Бундан ташқари, у илгари ўрганиш имкони бўлмаган янги жараёнлар, ҳодисаларни кашф қилишда ҳам муҳим роль ўйнайди. Ҳозирги кунда нанотехнологиялар электроника, ахборот-коммуникация технологиялари, тиббиёт, экология, энергетика, машинасозлик, самолётсозлик, космонавтика, табиий бойликларни излаб топиш ҳамда қазиб олиш каби соҳалар учун ноёб асбоблар ва қурилмаларни яратишда кенг қўлланилмоқда.

Жумладан, электроника соҳасида компьютерларнинг янги авлодлари, сигналларни қабул қилиш, узатиш ва акс эттириш қурилмалари, планеталараро учирилаётган космик кемаларнинг ҳаракатларини бошқариш каби қатор ноёб ва замонавий тизимлар яратишда фойдаланилаётир. 

Тиббиёт соҳасида эса ривожланган давлатларда, шу жумладан, республикамизда ҳам сезиларли ютуқларга эришилаяпти. Айтайлик, юрак-қон томирларининг торайиб қолган қисмлари жарроҳлик йўли билан эмас, балки нанонайчаларни ўрнатиш йўли орқали даволанмоқда. Нейрохирургияга оид операцияларда, тўқималарни даволаш ва керак бўлса, уларнинг айрим қисмларини алмаштиришда ҳам нанотехнология ютуқларига мурожаат қилинаяпти.

Биласиз, иқтисодиёт ривожида нефть маҳсулотларининг аҳамияти ниҳоятда катта. Аммо айни пайтдаги мавжуд технологияларда “қора олтин”нинг қарийб 20 фоизини қайта ишлашнинг имкони йўқ. Шу боис сўнгги йилларда дунёнинг етакчи илмий тадқиқот институтларида бегона молекулани мутлақо ўтказиб юбормайдиган нанокатализаторлар устида изланишлар олиб борилаётир. Мазкур жараёнда кўзланган мақсадга эришилиб, янги турдаги ускуналар амалиётга жорий этилса, нефтнинг 100 фоизини қайта ишлаш имкони туғилади. Нанотехнологияларнинг амалий татбиғига оид бундай мисолларни ўнлаб келтириш мумкин.

Табиийки, ана шундай натижалар нанотехнология соҳасига қизиқишни ошириб, мазкур жабҳага жалб этилаётган инвестициялар миқдорининг тез суратда ўсишига, нанотехнологиялар бозорининг пайдо бўлишига сабаб бўлди. Бу, ўз навбатида, соҳа учун малакали кадрлар тайёрлаш вазифасини ҳам долзарб қилиб қўймоқда. Етакчи давлатларнинг нанотехнологияни ривожлантириш ва уни тезлаштириш бўйича ўз концепцияси ҳамда стратегияси ишлаб чиқилган. Бундай стратегиялар олимлар ва саноатчилар ўртасидаги ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда етук мутахассислар тайёрлашни назарда тутади. Бу борада АҚШ, Япония ва Европадаги қатор давлатлар фаол саъй-ҳаракатлар олиб боришаяпти.  

Бугунги кунга келиб, дунё миқёсида нанотехнологияга оид минглаб турда маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда ва турли соҳаларда қўлланилаётир. Бунда йиллик соф фойда ҳажми 2 триллион АҚШ доллари атрофида эканлиги айтилади.

Ўзбекистонда ҳам нанофан ва нанотехнологиялар тараққиётига устувор вазифалардан бири сифатида эътибор қаратилаяпти. Бу борада мамлакатимизда махсус концепция яратилгани, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси томонидан ушбу соҳага оид қатор фундаментал ва амалий тадқиқотлар лойиҳалари молиялаштирилаётганлиги сўзимизнинг исботидир.

Мамлакатимизда нанотехнология соҳасидаги илмий тадқиқот ишлари Тошкент давлат техника университети, Ўзбекистон Миллий университети, Самарқанд давлат университети, Фанлар академиясининг Ион плазма ва лазер технологиялари, Физика-техника, Материалшунослик, Ядро физикаси, Полимерлар кимёси ва физикаси институтларида изчил олиб борилмоқда. Айтиш керакки, қисқа вақт ичида ушбу соҳани ривожлантириш борасида кўплаб тадқиқотлар амалга оширилди ва самарали натижаларга эришилди. Мисол учун, Тошкент давлат техника университетида олиб борилаётган илмий лойиҳалар асосида эпитаксия ва ион имплантация усуллари ёрдамида ноёб турдаги янги гетероэпитаксиал қатламлар, нанокристалл олиш ва уларнинг физикавий хоссаларини ўрганишга муваффақ бўлинди. Мазкур таълим даргоҳининг ўзида нанотехнология соҳасида 4 та номзодлик ва 3 та докторлик диссертацияси ҳимоя қилинди. 

Ноёб хусусиятли наноматериаллар олиш ва уларни ишлаб чиқаришга жорий қилиш нанотехнологиянинг долзарб вазифасидир. Янги юксак электрон технологияларда кремний асосий материал ҳисобланади. Айни шу жиҳатдан айтганда, республикамизда кремний ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани диққатга сазовордир. Чунки кремний асосида ресурс тежамкор электрон қурилмалар, юқори самарадорликда ишлайдиган қуёш элементларини яратиш мумкин.

Буларнинг барчаси истиқлол йилларида юртимизда илм-фан равнақига қаратилаётган давлат сиёсати даражасидаги эътиборнинг амалий натижаларидир. Бинобарин, Президентимиз таъкидлаганидек, биз яшаётган XXI аср — интеллектуал бойлик ҳукмронлик қиладиган аср. Бу ҳақиқатни ўз вақтида англаб етган, интеллектуал билим, интеллектуал бойликка интилган ҳар қайси миллат ва давлатгина жаҳон тараққиёти йўлидан илгарилаши муқаррар.

Болтахўжа УМРЗОҚОВ,

физика-математика фанлари доктори, профессор.

 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn