Таълим сифатининг миллий концептуал модели
  • 09 Июнь 2017

Таълим сифатининг миллий концептуал модели

мактабгача таълимдан бошлаб олий таълимга қадар таҳсилнинг барча даражасини қамраб олади

Ўзбекистоннинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан таълим соҳасидаги ҳамкорлиги тобора равнақ топмоқда. Бу йўналишда қандай лойиҳа ва дастурлар ҳаётга татбиқ этилаётир? ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари вазифасини бажарувчи Криста Пиккат “Жаҳон” ахборот агентлиги мухбири билан бўлган суҳбатида бу ҳақда қуйидагиларни гапириб берди.

— БМТ агентликлари Ўзбекистон ҳукуматининг таълим сифатини яхшилаш ҳамда ундан баҳраманд бўлиш имкониятларини кенгайтиришга йўналтирилган ташаббусларини фаол қўллаб-қувватламоқда. Таълим жабҳасидаги натижалар бўйича таркиби ЮНЕСКО, ЮНИСЕФ, БМТ Тараққиёт Дастури, ЮНФПА ва ЮНОДК вакилларидан иборат бўлган БМТ Мамлакатлар гуруҳининг раиси сифатида Ўзбекистоннинг вазирлик ҳамда идоралари билан ўзаро ҳамкорлигимизга доир бир неча мисолларни келтиришни истардим.

Маълумки, БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларининг янги мажмуи келажакдаги ривожланишнинг муҳим концепциясини илгари суради. Унинг амалга оширилишида таълим соҳаси ўта муҳим ўрин тутиши эътироф этилган. Аниқ мақсад умумқамровли ва адолатли, сифатли таълимга, ҳамма учун бутун ҳаёти давомида таълим олиш имкониятларини яратиб беришга йўналтирилган. Шу боис БМТ Ўзбекистоннинг мазкур соҳадаги ташаббусларини кенг қўллаб-қувватлайди. Шуни ҳам айтиш жоизки, бундай тадбирлар 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам ўз ифодасини топгани республиканинг янги устуворликларига ҳамоҳанг бўлиб, шубҳасиз, келгусида мамлакатни янада тараққий топтиришда муҳим аҳамиятга эгадир.

Биргаликдаги ишларимиз ҳамда 2013 — 2017 йилларда таълим соҳасини ривожлантиришнинг биринчи режаси ишлаб чиқилгани натижасида Ўзбекистон Таълим бўйича глобал шериклик таркибига киритилган эди. Мактабгача таълимнинг муҳимлиги тўғрисидаги хабардорликни ошириш бўйича амалга оширган саъй-ҳаракатларимиз туфайли таълим беришнинг бу даражаси устуворлик касб этди, натижада ушбу жабҳани ривожлантиришнинг беш йиллик дастури ишлаб чиқилди.

Болаларнинг гўдаклигидан яхши ривожланиши ва таълим олиши учун қулай шароитлар яратиш ҳамда кўмак кўрсатиш мақсадида Ўзбекистоннинг бу соҳадаги сиёсати ҳар томонлама таҳлил қилинди. Унинг самаралари салмоғига қараб мактабгача таълим тизимини янада яхшилаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди. Асосий таклифлар орасида болаларни мактабга тайёрлаш юзасидан мажбурий бир йиллик бепул дастурни қўллаш амалиёти алоҳида ўрин тутади.

Таълим сифатининг миллий концептуал моделини ишлаб чиқиш учун Халқ таълими ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари ўрта бўғинининг эксперт ҳамда менежерларидан иборат ишчи гуруҳини тузиш ва уларни тайёрлаш масаласини БМТ тўла қўллаб-қувватлади. Бу модель мактабгача таълимдан бошлаб олий таълимга қадар таҳсилнинг барча даражасини қамраб олган. Ҳужжатда боланинг индивидуал ўзига хослиги ҳамда қобилияти, инсон ресурси, дарс бериш ва таҳсил сифати ҳамда таълим жараёнида ота-она ва жамоатчилик иштирокига катта эътибор қаратилган. Буларнинг барчаси болалар ўртасида муайян натижаларга эришилишига ўз таъсирини кўрсатади. Навбатдаги қадам сифатида миллий экспертлар гуруҳи БМТ кўмагида Ўзбекистонда таълим сифати мониторинги тизимини ишлаб чиқмоқда.

Шу билан бирга, ҳозирги пайтда мамлакат вазирлик ҳамда идораларидаги ҳамкорларимиз Узлуксиз таълим беришнинг миллий стратегиясини ишлаб чиқиш юзасидан иш олиб бормоқдалар. Ҳужжат 1997 йили қабул қилинган Кадрлар тайёрлаш миллий дастурини янгилашга, шунингдек, 2030 йилга қадар таълим ва малака ошириш соҳасида давлат сиёсати устуворликларини белгилашга йўналтирилган.

БМТ, шунингдек, таълимдаги гендер тенглиги масалаларида ҳам изчил фаолият олиб бораётир. Бундан кўзланган мақсад гендер жиҳатининг ўзига хосликлари, режалаштириш ҳамда таълим бериш учун шароитлар ҳисобга олинган сиёсатни яратиш билан изоҳланади. Таълим муассасаларида гендер масалаларидаги хабардорликни ошириш, дарсликлар, ўқув материаллари ва машғулотларда жинсга қараб камситишларга йўл қўйилмаслиги мақсадида тегишли вазирликлар билан ўзаро ҳамкорликда ўқитувчилар, услубиётчилар, режа ишлаб чиқувчилар учун тадбирлар ташкил этилмоқда.

Ташкилот ўқув дастурларини такомиллаштириш ҳамда ўқитувчилар тайёрлашни қўллаб-қувватлаш юзасидан иш олиб боришни давом эттиради. Бунда қатор йўналишлар бўйича: ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги ўқитувчиларга қўйиладиган талаблар, медиа ва ахборот саводхонлигини қўллаб-қувватлашдан тортиб, ЮНЕСКО таълим модели доирасида журналистика факультетлари дастурларини такомиллаштиришни кўзда тутадиган ўқув материалларини ишлаб чиқишгача бўлган қирралар қамраб олиниши мўлжалланган.

Замира АЗИЗХОНОВА,

«Жаҳон» АА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn