Мафтункор манзиллар жозибаси
  • 11 Апрель 2014

Мафтункор манзиллар жозибаси

Туризм бугунги кунда жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида аҳоли бандлигини таъминлаш, уларнинг турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилаётган соҳалардан бири ҳисобланади. Шу боис унинг барча йўналишлари, хусусан, экотуризмни ривожлантиришга устувор вазифа сифатида қаралмоқда. Ўзбекистонимизда эса бу соҳанинг истиқболи ниҳоятда порлоқ. Дарҳақиқат, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида табиатнинг мафтункор  гўшалари бисёр.

Нурота тизма тоғларининг Навоий ва Жиззах вилоятлари  туташган манзилидаги Сентоб қишлоғи ана шундай гўзал масканлардан биридир. Нурота шаҳридан 120 километр олисда жойлашган ушбу қишлоқнинг бундай аталишига уни кесиб ўтган серсув Сентобсой сабаб бўлган. Сентоб йилнинг тўрт фаслида ўзгача оройишда жилваланиб, экосайёҳларни ўзига оҳанрабодай тортаверади. Қишнинг чилласида у сайёҳларни оппоқ қор кўрпасига ўранган ҳолда, беғубор лутф билан қарши олса, фасли навбаҳорда бамисоли гўзал келинчак каби таъзим қилишга чоғланади. Саратон  жазирамасида тангадай жойига ҳам офтоб тушмайдиган сўлим боғларига таклиф этади. Олтин куз фаслида эса бетимсол туҳфаларидан тортиқ қилади: экологик тоза меваларию эчки сути ва ундан  олинган сариёғ — буларнинг барчаси танангизга қувват, руҳингизга тетиклик бахш этади. Сентоб экотуризмнинг бир қатор тармоқларини ривожлантириш учун  жуғрофий жиҳатдан жуда қулай жойлашган. Шу боис бу ерда замонавий инфратузилмани яратиш учун кенг кўламли ишлар олиб борилаяпти. Натижада у яқин келажакда экотуризмнинг ҳақиқий марказига айланиши, шубҳасиз. — Сентобдан нафақат мамлакатимизнинг турли вилоятларидан, балки хориж давлатларидан ташриф  буюраётган сайёҳларнинг қадами узилмайди, — дейди ҳудудда экотуризмни ривожлантиришда жонбозлик кўрсатаётган фаоллардан бири Қаҳҳор Гулназаров. — Сабаби бу ерга келган киши бир пайтнинг ўзида табиатнинг турфа хил жозибасини кўради. Масалан, экстремал туризм ишқибозларини Нурота тизма тоғининг “Фозилмон” чўққиси ўзига жалб этса, табиат ошуфталари тоғолди ва Қизилқум чўлининг мафтункор тароватидан баҳраманд бўлишади. Қишлоқдан 24 километр пастга тушилса, Айдаркўл сув спорти ихлосмандларини соҳилларига урилаётган тўлқинлари билан қаршилайди. Сентобнинг табиати ҳам ўзига хос. Ҳудудда ёши бир неча асрга тенг тол ва тутлар барқ уриб ўсаётган бўлса, баҳайбат қояларга “ўйиб ишланган” петроглифлар бундан бир неча минг йиллар олдинги ўсимлик ва ҳайвонот турлари, одамларнинг ҳаёт тарзи ҳақида сўзлайди. Денгиз сатҳидан 2136 метр баландликда жойлашган мафтункор Фозилмон кўли эса қалбингизда ширин хотираларни уйғотади. Дарвоқе, Сентобга йўлингиз тушса, Можрим қишлоғидаги 2300 йиллик арчани кўриб, унинг томирларини ювиб турган зилол булоқ сувидан ичишни ҳам унутманг.

Ғайрат ҚАМАРОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Мингйиллик кўллар мавжи Бебаҳо хазина »