Олижаноб адаб таърифи
  • 13 Июнь 2016

Олижаноб адаб таърифи

Алишер Навоий таваллудининг 575 йиллиги муносабати билан Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан ўиёсиддин Хондамирнинг “Макорим ул-ахлоқ” (“Олижаноб хулқлар”) асари нашр этилди. Ушбу асар буюк ўзбек шоири ва мутафаккири, давлат ҳамда жамоат арбоби Алишер Навоийнинг ҳаёти, адабий, илмий ва ижтимоий-сиёсий фаолияти тўғрисидаги қимматли манба ҳисобланади. 

Асарни Комилжон Раҳимов таржима қилган бўлиб, унга афғонистонлик навоийшунос Абдулғаффор Баёний томонидан 1981 йили Кобулда босмадан чиқарилган нашр асос қилиб олинди.

Асарда Алишер Навоийнинг сермаҳсул адабий ҳамда илмий фаолияти билан биргаликда, унинг мамлакатнинг сиёсий барқарорлиги, ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ва илм-фан, маданият, адабиёт ҳамда санъатнинг тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси, олижаноб хулқлари, юксак инсоний фазилатлари тўғрисида маълумотлар берилган.

Хондамирнинг отаси Хожа Ҳумомиддин ибн Бурҳониддин Ҳиравий, онаси машҳур тарихчи Мирхонднинг қизи бўлган. Хондамир Мирхонд тарбиясида улғайган. Кейин Навоий ҳузурида бўлиб, унинг катта кутубхонасида хизмат қилган. Бадиуззамоннинг вазири ҳам бўлган. У олимни “Ҳабиб ус-сияр” номли асар ёзишга ундаган.

Икки оғиз Абдулғаффор Баёний тўғрисида. У 1952 йили Мулло Абдураҳмон оиласида туғилган. 1972 йили Кобул университетининг адабиёт факультетига ўқишга кирган. Кейин радио, телевидение, матбуотда ишлаган, Маданият вазирлигида хизмат қилган, Сарипул шаҳри ҳокими ҳам бўлган. Баёний 2000 йилда вафот этади.

“Макорим ул-ахлоқ”нинг тўлиқ матни ва асардаги мулоҳазалар, изоҳлар ҳамда талқинлар Баёнийдан бизга қолган ажиб бир ёдгорликдир.

Суйима ҒАНИЕВА,

Тошкент давлат шарқшунослик 

институти профессори.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn