Низомга мувофиқ ҳал этилади
  • 26 Май 2016

Низомга мувофиқ ҳал этилади

— Укам пойтахтимиздаги университетлардан бирининг 4-босқичида ўқиётган пайтида тегишли фанлардан имтиҳонларни талаб даражасида топшира олмагани туфайли кетма-кет уч ўқув йили давомида талабалар сафидан чиқарилган. Шундан буён тўрт йилдан зиёд вақт ўтди. У ҳозир 30 ёшда. Энди талабалик сафига қайта тиклаш имконияти борми? Мазкур жараённинг тартиби қандай?

Ф. МАМАТКАРИМОВ.

Пайариқ тумани

— Талабалар ўқишини қайта тиклаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 18 июндаги 118-сонли қарори билан тасдиқланган “Олий таълим муассасалари талабалари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисида Низом”га мувофиқ, одатда, ёзги таътил даврида, тегишли курс (семестр)да ўқув-машғулотлар бошланишига қадар амалга оширилади.

Агар талабанинг ўқишдан четлатилганига 5 йил тўлмаган бўлса, унинг ўқишини олий таълимнинг мос ва турдош йўналишлари (мутахассисликлари)га тиклаш олий таълим муассасасининг ректори қарорига кўра амалга оширилади. Бундай вазиятда ўқишдан четлатилган талаба ёзги таътил даврида (одатда, июль ойида) олий таълим муассасасининг ректорига ёзма ариза билан мурожаат этиши мумкин. Ариза олий таълим муассасаси томонидан белгиланган тартибда кўриб чиқилади. 

Юқорида қайд этилган Низомнинг 29-бандига биноан, ўқишдан четлатилгандан кейин 5 йилдан ортиқ муддат (ҳарбий хизматда бўлганлик, уч ёшгача бўлган болаларни парвариш қилиш билан боғлиқ меҳнат таътили ҳамда соғлиқни қайта тиклаш вақтлари ушбу муддатга кирмайди) ўтган ҳолларда, талабалар ўқишини қайта тиклаш Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси қошидаги Талабалар ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш идоралараро -комиссиясининг рухсати билан амалга оширилиши белгиланган.

Б. УСМОНОВ,

Ўзбекистон Республикаси

олий ва ўрта махсус таълим

вазири ўринбосари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn