Яхшиликнинг умри боқий
  • 05 Апрель 2014

Яхшиликнинг умри боқий

Яхшилик ҳақида кўп гапирамиз. Бировдан яхшилик кўрсак, ўзимизча қадрига етишга уринамиз. Болаларимизга ҳам “Қўлингдан келганича беғараз яхшилик қил, кун келиб, ортиғи билан қайтади”, дея ўгитлар берамиз. Ҳар гал шу ҳақда гап кетганда хаёлимга бобомдан эшитган бир ўгит келади.

Бобом раҳматли новвойчилик қилар, саксондан ошганида ҳам икки юзи қип-қизил, барваста одам эди. У маҳал мен — ўн икки яшар болакай — бобомнинг ёнида кўп ўралашардим. Бир куни кўчадан кимдир овоз бериб чақирди, кейин ўзи кириб келди. Янги дўппи кийиб олган, барваста бир йигит экан. Қўлида қоғоз халтага солинган анча-мунча нарса. Ҳол-аҳвол сўрашилгач, бобом: “Кимнинг боласисиз, ўғлим?” деб сўради. “Фалончининг”, деган жавоб бўлди. Бир оз суҳбатлашилгач, ниҳоят, меҳмон қўлини кўксига қўя-қўя, қайта-қайта хайрлашиб жўнагач, бобом мени ёнига ўтирғизиб, шундай деди:
— Қўлингдан келса вақту бевақт яхшилик қилиб қўявер, деганим эсингдами? Бир маҳаллар бу оила камхаржроқ, тўй қилганида нонга пули етмай қолган эди. Ўшанда айтган нонини ёпиб бериб, тўйга тўёна бўла қолсин, деган эдим. Орадан қанчадир вақт ўтиб, ўша одам келиб қарзини узиб ҳам кетди. Бу йигит — ўша тўй бола, у воқеани билгани учун мендан хабар олгани келибди. Отасига раҳмат, яхши бола ўстирибди.
Кейин ҳалигача эсимдан чиқмайдиган бир гапини айтди:
— Уйда ўсган олманинг
уруғидан шу йил кичкина
ниҳолча униб чиқди, кўрдинг-а?
— Ҳа, тагига сув ҳам қуйдим.
— Энди уни маъносига разм сол, — деди бобом. — Сен маза қилиб еган ўша олма ичида бир нечта кичкина қизил уруғи бор эди. Уни ерга қададинг, ниҳол бўлиб чиқди. Орадан қанчадир вақт ўтгач, каттакон дарахт бўлади, ўшанда шохида ўзинг билган олмаларга ўхшаш яна юзлаб мевалар етилганини кўрасан. Вақт-бевақт яхшилик қил, деган гап шунга ўхшайди. У олманинг уруғи сенга керак эмас эди-ку? Лекин маъносига қарасанг, битта уруғдан минглаб етук мева етишганини кўрасан. Яхшилик уруғи ҳам шунақа, гоҳо битта кичик яхшилигинг минг баравар бўлиб ўзингга қайтади.
— Яна мисол айтайми? — деди кулимсираб бобом. — Битта буғдой эксанг, уч-тўрт ойдан кейин худди ўша дон бошоғида йигирма-ўттизта бўлиб пишиб туради. Бир дона кўчат қадасанг, юзлаб мисли бўлиб қайтишидан ташқари, ҳар йили такрор-такрор ҳосил бераверади. Истасанг, уруғини яна қайта экасан, истамасанг, мириқиб ейсан. Буни барака дейдилар. Яхшиликда ҳам барака мўл бўлади, шу гапларим ёдингда қолсин, вақти келганида бобом тўғри айтган экан, деб эслаб юрасан.
Бола эканимда тушуниб етолмаганим у ҳикматнинг маъноларини энди яхши англайман. Гап шундаки, бизлар яхшилик ва ёмонлик, эзгулик ҳамда ёвузлик ҳақида гап кетганда, болаларимизга халқимизнинг энг оддий кишилари тилида айланиб юрадиган мисолларни ҳам айтишимиз керак. Чунки дунёнинг ҳеч қаерида яхшилик ҳақида бундай эзгу ва ажойиб маталлар учрамайди. Она Ўзбекистонимизнинг бепоён ҳудудларида турли-туман неъматлар барака ила етилгани каби, халқ бағрида ҳам шунга ўхшаш жуда кўплаб ҳикматлар туғилаверади. Ватанимизда рўй бераётган, узоқни кўзлаб қилинаётган кўпдан-кўп ишлар ҳам шунга ўхшайди. Эзгу ният, ҳаракат, яхшилик билан қилинаётган ишлар, вақти келиб, ўз маҳсулини беришига ишонамиз. Ҳовлида ўйнаб юрган ўғлим қўлидаги шафтоли данагини кўрсатиб, сўради:
— Ота, буни нима қилай?
— Бир жойга экиб қўявер, тойчоғим. Вақти келганида беҳисоб шу хил меваларни сенга ҳадя қилади. Буни барака дейдилар, — дейман мен ҳам кулимсираб, бобомнинг ўгитлари ёдимга тушиб.
Ўғлим гапларимни англамай, тушунмагандай қараб туради.
Сочларини тўзғитиб, ўзимча эркалаб қўяман:
— Шу гапларим эсингда қолсин. Вақти келганида, отам тўғри айтган экан, деб эслаб юрасан, болам.

Исажон СУЛТОН, ёзувчи.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn