«Обод юрт фарзандиман. Исмим Азамат»
  • 21 Апрель 2016

«Обод юрт фарзандиман. Исмим Азамат»

Ахборот-коммуникация технологиялари ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурган. Савдо-сотиқ, турли хизматлардан баҳраманд бўлиш, ахборот олиш каби эҳтиёжларимиз учун, масалан, интернетдан кенг фойдаланамиз. Шу жиҳатдан ҳам глобал тармоқ — гўёки “дунё дўкони”. Ундан сифатли, ишончли маҳсулотларни танлаш, албатта, сизнинг билимингиз ва оқилона ихтиёрингизга боғлиқ.

Глобаллашув жараёнида дастурчиларнинг изланиши алоҳида аҳамиятга эга. Боиси, уларнинг аксарияти ўз халқининг тарихи, маданияти, адабиёти, санъати ва бошқа -хусусиятларини ёрқин бўёқларда жаҳон ҳамжамияти эътиборига ҳавола этади. Шунинг учун ҳам дастурий маҳсулот тайёрловчилар доимо изланади, виртуал оламнинг ўзгаришларидан ўз вақтида хабардор бўлиб боради.

Нукуслик Азамат Примбетов ана шундай ёшларимиздан бири. У қатор йўналишларда янги лойиҳалар ишлаб чиққан. Асосийси, уларнинг барчасида қорақалпоқ халқининг ўзига хослигини кўрсатишга эътибор қаратилган. 

— Дастур яратиш — мураккаб юмуш, — дейди Азамат. — Энг содда лойиҳани амалга ошириш учун ҳам камида икки ой вақт кетади. Чунки у турдошларига ўхшаб қолмаслиги учун янгича қарашлар ва ечимларни ўйлаб топиш лозим. Бугунги кунда виртуал оламда -дастурчилар ўртасида кечаётган ўзаро рақобатнинг асл моҳияти ҳам шунда — фантазияларга асосланиб, ноанъанавий маҳсулот тайёрлаш. 

Ёш дастурчининг ишлари Қорақалпоғистон Республикасида ташкил этилган “Юрт келажаги” кўрик-танловида алоҳида эътироф этилган. Ўтган йили VII инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар Республика ярмаркасининг ҳудудий босқичи ғолиби бўлган, шунингдек, қатор хорижий компанияларнинг махсус дипломлари билан ҳам тақдирланган.

Энг муҳими, у мудом турли ишланмалар устида изланишлар олиб бормоқда. Ишонамизки, булар келажакда ўз мевасини беради.

 

Ҳидоят АҲМЕДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn