Тасвирларда улкан орзулар
  • 21 Апрель 2016

Тасвирларда улкан орзулар

Кенг далалар яшилликка бурканган. Кўкда қуёш чарақлайди. Аёллар оловдай товланувчи узун кўйлак, эркаклар оҳори тўкилмаган чопон кийиб олишган. Барчасининг юзида табассум. Уларнинг бири қўйиб, бири қўшиқ айтади, ўйнайди, кулади. Нарироқдаги дошқозонда сумалак қайнайди. Бир гуруҳ отахонлар ош пиширишмоқда.

Билаги кучга тўла йигитлар кураш тушади, кўпкари чопади. Қисқаси, бу манзара унутилмас кун — Наврўз ҳақида.

Бу лавҳалар қорақалпоғистонлик ёш мусаввир Шодия Пархадованинг “Саодатли кун” номли пейзажида акс эттирилган. Буни томоша қилган киши ўзини гўёки Наврўз сайлида юргандек ҳис қилади.

Шодия эндигина ўн саккиз баҳорни қаршилади. Шундай бўлишига қарамай, унинг асарларида кишини мушоҳада юритишга чорловчи, эзгуликка ундовчи мезонлар мужассам. У чизгиларида, асосан, она-табиатни тасвирлашни хуш кўради. “Орзу” деб номланган асарида эса осмон тоқига туташиб кетган денгиз акс этган. Эндигина бош кўтараётган қуёш унда мавжланади. Балиқчи қушлар, қалдирғочлар сув узра чарх уриб учади. Олисдан эса улкан елканли кема кўринади. Албатта, бу — муаллифнинг орзуси. -Шодия бир кун келиб Орол қайтадан тўлишига ишонади.

Ҳозирги кунда Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети қошидаги академик лицейда таълим олаётган Шодия таниқли рассомларнинг асарларини ҳам катта қизиқиш ва қунт билан ўрганмоқда. Айниқса, Женис Лепесовнинг “Созандалар”, “Кунгабоқар”, “Хўжайлининг эски кўчаси”, “Жайҳун гўзали”, “Нукусдаги хиёбон” каби қатор картиналари унга олам-олам таассурот бағишлайди. Худди шундай асарлар яратишга руҳлантиради.

Шодия Пархадованинг расмларида юртимизнинг бетакрор табиати ва она-замин неъматлари ёрқин рангларда ўз ифодасини топган. Бинобарин, ижодкор қизнинг эртанги кундан умидлари кўп. Ишончимиз комил, у ўз мақсадига, албатта, эришади.

 

Дилмурод АБДУРАИМОВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn