Дарадаги мўъжиза булоқ
  • 02 Март 2016

Дарадаги мўъжиза булоқ

Сурхон воҳаси — юртимизнинг мафтункор ҳудудларидан бири. Бу ердаги “табиат обидалари” мақомини олган кўплаб йирик даралар барчани ўзига оҳанрабодек маҳлиё этиб келади. Айниқса, “Хўжаипок” дарасига келувчиларнинг қадами узилмайди. У Ҳисор тоғларининг ғарбий биқинида виқор тўкиб турган тизманинг шарқий этагида жойлашган.

Даранинг энг юқори қисми денгиз сатҳидан 3100 метр баландликдаги тоғдан бошланиб, асосан, қор ва ёмғир сувлари билан тўйинади. Яъни Дуғоба, Қўрғонча, Яккатол тоғларида ёққан ёмғир ҳамда булоқ сувлари жилғаларни ташкил этиб, “Хўжаипок”ка қуйилади. Бундан ташқари, Сурғоб, Шотут, Гумматак, Деҳиболосой, Обизат сингари кичик сойлар ҳам унга қўшилиб, дарани яна кенгайтиради. 

“Хўжаипок” дарасининг икки томони арча, бодом, ирғай, олма, олча, писта сингари дарахтлар билан қопланган. Бу ерда қўзиқулоқ, шувоқ, андиз, ковул, отқулоқ, қирқбўғим, тоғялпиз, тоғпиёз каби доривор ўт-ўланлар ўсади. Наботот олами ранг-баранг, ҳавоси мусаффо, ўзани эса серсув бўлишида Бештахта, Ҳовуз, Тангибодом, Зардиқум сингари кичик сой ва жилғалар муҳим аҳамиятга эга. 

“Хўжаипок” дараси шу номдаги қишлоқ ҳудудида тугаб, Хўжаипок дарёси бошланади. Унинг узунлиги 91 километрдан иборат бўлиб, Олтинсой тумани орқали оқиб ўтиб, Тентаксой дарёсига,  сўнгра Шўрчи туманининг шимолий томонидан Сурхон дарёсига қўшилади. 

Табиат ошуфталари дастлаб даранинг қуйи қисмидаги мўъжизани кўришга ошиқишади. Гап шундаки, бу ерда улкан тоғ қояси бўлиб, унинг тагидаги ғордан катта тезликда сув отилиб чиқади. Оқим бўйлаб чамаси 30 метр юрсангиз, табиатнинг яна бир ноёб туҳфаси — ер остидан фавворадек қайнаб чиқаётган булоққа дуч келасиз.  

Мутахассисларнинг айтишича, чашма сувларининг ўзани анча чуқурликка тақалади. Бу жойлар турли шифобахш маъданларга бой. Айниқса, жигар, буйрак ва тери касалликларини даволашда қўл келади.

Мустақиллик йилларида ҳудуд табиатини муҳофаза қилиш, унинг неъматларидан оқилона фойдаланишга алоҳида эътибор қаратила бошланди. Натижада 1995 йилда ғор атрофида “Хўжаипок ота” оромгоҳи ташкил этилди. Бу ерда одамларнинг соғлиғини тиклаши, мароқли ҳордиқ чиқариши учун барча шарт-шароит муҳайё қилинган. 

Ҳавоси мусаффо, суви малҳам юртимизнинг такрорланмас мўъжизаси бўлган шундай бетакрор масканда яшаш ҳам бир бахт, аслида. 

Нормурод ТЕМИРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Саҳро «гўзал»и Маликчўл тувалоғи »