Баҳор элчиси
  • 02 Март 2016

Баҳор элчиси

Инсон вужуди қиш давомида ҳаётбахш моддаларга кўпроқ эҳтиёж сезади. Баҳорнинг илк кунларида табиатимиз инъом қиладиган неъматлар унинг ўрнини тезда қоплаш имконини беради. Ялпиз — шундай қувватбахш гиёҳлардан бири. 

Дарҳақиқат, баҳор элчиси ҳисобланган ялпиз организмнинг иммунитетини ошириб, дармон бағишлайди. Унинг хуш бўйи эса асабларни тинчлантириб, кайфиятни кўтаради.  

Кўклам келиши билан офтобрўй жойлар, ариқ, жилға ва сой четларида ялпиз қўшқулоқ бўлиб бўй кўрсата бошлайди. Ундан тайёрланган сомса, чучвара ва суюқ таомлар иштаҳани очиши билан бирга, танани тетиклаштиради. Чунки унинг таркибида кўп миқдорда эфир мойлари ва органик кислоталар мавжуд. 

Ялпиз нафақат зиравор, балки кўплаб хасталикларнинг малҳами сифатида алоҳида қадрланади. Абу Али ибн Сино ичак оғриқларини ялпиз ёрдамида даволаган. Шунингдек, у овқат ҳазм қилишни яхшилаш, гижжа ҳайдаш, қон тўхтатиш, қайт қилишни қолдириш хусусиятига эга эканлигини алоҳида таъкидлаган. 

Халқ табобатида ялпиздан тайёрланган дамлама тиш оғриғи, милк яллиғланишини даволашда қўлланилади. Бундан ташқари, у бавосил, ширинча, мичал касалликларига шифо бўлиб, ошқозон-ичак йўли фаолиятини яхшилайди ва сафро-ўт ҳайдаш хусусиятини оширади.

 

Доно ХЎЖАЕВА, 

олий тоифали доришунос. 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Биласизми? Митти «қурувчилар» »