«Чун вафодин тортилур...»
  • 09 Февраль 2016

«Чун вафодин тортилур...»

Келгил, эй қурбон кўнгул, ул қоши ё меҳрин унут,

Чун вафодин тортилур, сен ҳам бориб бир гўша тут.

Чунки ул бизни унутмоғни соғинди яхши иш,

Сен доғи, кел, бир нафас  они соғинмоғни унут.

Ул қуёш ҳар дам бўлур бир зарра бирла гарм меҳр,

Меҳр шамъин сен доғи бир ўзга ой бирла ёрут.

Ҳайф эрур ҳар шўхи раъно юзига чун пок ишқ,

Шавқ ўтин, кел, сен доғи бу ишвагарлардин совут.

Эй пари, бир телба гар овора бўлдим ғам ема,

Одамийвашлар била нозук мижозингни овут.

Гар кўзум ёшига ул гул мултафит бўлмас, не ғам

Гул булутдин тозадур, сероб эмас гулдин булут.

Даҳр боғида гиёҳи меҳр ҳаргиз бутмади,

Гар десангким кўрмайин бемеҳрлик, бу сўзга бут.

Шаҳди ишқинг заҳр этар гардун, сен ушбу жомдин,

Хоҳ комингни очит, хоҳи мазоқингни чучут.

Тарк қил, сен ҳам Навоийдек ҳавосин, эй кўнгул,

Ёки ҳар дам бир тараф майлин кўруб, хуноба ют.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Маърифат тасвири Шукроналик ҳикмати »