Маърифат тасвири
  • 09 Февраль 2016

Маърифат тасвири

Жаҳон тамаддунига тамал тошларини қўйган буюк аждодларимиз умрнинг моҳиятини ўзликни англаш, тафаккурни юксалтириш ва инсон деган шарафли номга муносиб тарзда яшашда, деб билишган. 

Ўз тақдирини юрт тақдири билан ҳамоҳангликда кўрган мутафаккирларимиз келажак авлод учун улкан илмий-адабий мерос қолдиришганки, уларнинг барчаси -абадиятга дахлдор. “Авлиёларнинг авлиёси, шоирларнинг султони” Алишер Навоийнинг -жамики ижод намуналари замону макон чегарасини билмайди, уларда илгари сурилган ғоялар, қарашлар эса бутун инсоният маънавиятининг кўзгусига айланган. 

Илмга, маърифатга Навоийнинг муҳаббати доимо юксак бўлган. “Лайли ва Мажнун” достонида шундай ёзади:

Ҳар кимгаки улум бўлса восил,

Гар дарди-ю ҳоли йўқ ҳосил.

Яъни инсон бир неча илмни эгалласа-ю, бу илмларга ихлос билан амал қилмаса, ундан бошқаларни баҳраманд қилиш дарди бўлмаса, бундай илмларнинг не фойдаси бор? Эгалланаётган илм, ўрганилаётган ҳунар жамиятдаги инсонларга ёрдам берса, элнинг -манфаатини кўзласагина у ҳақиқий илм, чин ҳунар бўлади. Машаққат билан илмларни ўрганиб, унга амал қилинмайдиган, одамлар дардини олмайдиган бўлса, у нақадар керакли илм бўлса ҳам  фойдасиздир. 

Инсон учун одоб-ахлоқ, деб аталувчи шундай либос борки, у миллат ва ирқ танламайди. У умумбашарий хислатдир:

Элга шараф бўлмади жоҳ-у насаб,

Лек шараф келди ҳаёву адаб.

Гарчи, умр ҳисобли бўлса-да, кишидан қоладиган яхши ном абадий яшайди. Ҳар кимнинг бу дунёга қўядиган ёдгори илм орқали ҳосил бўлади:

Қила олғунча ул бўлсин шиоринг, 

Ки, яхши от қолғой ёдгоринг.

Илмли инсон яшашнинг моҳиятини, ҳаёт, деб аталган улкан тортиқнинг нима учун берилганлигини теранроқ англайди. Вақтини, умрини эзгу ишларга бағишлайди. Дунё, деб аталган иморатга кимдир ўз тошини қўйиб, уни кўркам этишга ҳаракат қилса, кимдир аввал қўйилган тошни кўчиришга уринади. Илмли инсон шу иморатнинг катта тошларини қўйиш билан бирга ўзидан ёдгорлик — яхши ном ҳам қолдиради. Бунга кўҳна тарихнинг ўзи ҳам гувоҳлик беради.

“Маҳбуб ул-қулуб” асарида шундай келтирилади: “Душман алдовига учма; маддоҳ хушомадини чин дема. Душманнинг мақсади ўз ниятига етмоқдир; мақтовнинг мақсади хорлик билан сендан инъом олмоқдир. Агар иккисига ҳам илтифот кўрсатмасанг ва қабул қилишни лозим кўрмасанг, душман ўз мақсадининг ижросидан тўхтайди ва иккинчисининг мақтови ҳажвга айланади”. 

Тинчлик умуминсоний қадриятга айланган ушбу замон уни кўз қорачиғидек асрашни, доимо сергак бўлишни талаб этмоқда. Асрлар қаъридан келаётган ушбу мисралар бугунги инсоният учун улуғ шоирнинг қалб сўзлари, насиҳатидек янграйди:

Олам аҳли, билингизким, 

иш эмас душманлиғ,

Ёр ўлунг бир-бирингизгаки, 

эрур ёрлиғ иш.

Яъни олам аҳли, душманлик инсон зоти учун хос иш эмас. Бир-бирингизга дўст бўлинг. Дўстлик дунёдаги биз учун хос чинакам ишдир. Душманликдан ҳеч ким фойда топган эмас. Аксинча, у умрнинг заволи.

Мутафаккир томонидан илгари сурилган бундай эзгу ғоялар неча аср ўтса ҳамки, ўз аҳамиятини йўқотган эмас. Уларни замоннинг ўзи елкасида олиб юради. Демакки, бу улкан мерос умрбоқийдир.

 

Лобар АБДУҲАМИДОВА,

ЎзМУ талабаси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Дарё гавҳари «Чун вафодин тортилур...» »