«Мунча ғаройибки, мисол айладинг...»
  • 30 Январь 2016

«Мунча ғаройибки, мисол айладинг...»

Алишер Навоий ижодидаги муҳим ва асосий ғоялардан бири — инсонни улуғлашдир. Шоир ўз ижодида инсонни коинот гултожи, оламнинг мақсуди, қалбида маърифатни жо этган камолот соҳиби сифатида тасвирлайди.

“Ҳайрат ул-аброр” достонининг муқаддимасида у шундай дейди:
Мунча ғаройибки, мисол айладинг,
Борчани миръоти жамол айладинг.
Ганжинг аро нақд фаровон эди,
Лек боридин ғараз инсон эди.
Яъни, барча ғаройиботларни яратдинг, уларни жамолингга кўзгу қилдинг, хазинангда бойликлар кўп эди, лекин булардан мақсад бир — инсон эди.
Яна шу достонда Навоий “биз одам зотини шарафли қилиб яратдик”, мазмунидаги қудсий ҳадисга мурожаат қилиб, иқтибос санъатидан фойдаланган ҳолда инсонни  барчадан улуғ ва шарафли, дея улуғлайди:
Конию ҳайвони, агар худ набот,
Ҳар бири бир гавҳари олий сифот.
Борчасини гарчи латиф айладинг,
Борчадин инсонни шариф айладинг.
Кондаги маъданлар ёки ўсимликлар ҳаммаси ҳам олий сифатли гавҳарлардир. Барчасини, гарчи, латофатли қилиб яратдинг, лекин улардан ҳам кўра инсонни азиз қилдинг.
Навоий оламнинг яралишидан мақсад инсон бўлса, инсонни яратишдан мақсад унинг камолоти, яъни қалбида маърифатни асраган комил инсондир, деб ҳисоблайди. Бунда улуғ шоир оламни чаманга, инсонни ундаги гулга қиёслаб, ташбеҳ ва таносуб санъатларига мурожаат қилади ҳамда гўзал шеърий дурдоналар яратади:
Бу чаман ўлмоғида мавжуд анга,
Бор эди инсон гули мақсуд анга.
Бу чаман (олам)нинг мавжуд бўлмоғидан мақсад инсон гули эди.
Зумраи инсон аро ҳам комиле,
Келди машаққат     юкининг ҳомили.
Инсон зоти орасида ҳам комил инсонга машаққат юкини ортиш (масъулияти) юклатилди.
Бу юк, бу масъулият айни пайтда ҳам шараф, ҳам оғирликдир. Бунга ҳазратнинг бунёдкорликка асосланган йўли мисол бўла олади.
Навоий комил инсон, яъни коинот гулшанининг гултожи бўлиш учун ҳар бир кишида имконият бор, деб баҳолаб, бунинг шарти ахлоқни поклаб, камолотга томон қадам ташлашдир, деб ҳисоблайди:
Улки бу ахлоқ ила айлаб хиром,
Етса жафо айламагай интиқом.
Балки кудуратни сафо айлагай,
Неча жафо етса,     вафо айлагай.
Они башар хайлининг инсони бил,
Одамийлар одамийси они бил.
Қайси одам (ўз ҳаёт йўлида) ахлоқ билан қадам ташлаб, ўзига бошқалардан жафо етса ҳам, қасос олишни ўйламаса, балки қанча жафога шунча вафо билан жавоб қайтарса, башарият аҳли орасида уни инсон, деб ата, (нафақат инсон, балки) одамийларнинг ҳам одамийси, деб билгин.
Навоий ўз асарларида барча ўқувчиларни, халқини мана шундай гўзал ахлоқ билан безаниб, камолот йўлида олға қадам ташлашини хоҳлайди. Бу истакнинг тарғиботи Навоийнинг барча асарлари ва, биринчи навбатда, “Хамса”нинг илк достони, барча яхши хулқларнинг йиғиндиси — “Ҳайрат ул-аброр”да мужассамдир.


Зуҳра МАМАДАЛИЕВА,
филология фанлари номзоди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn