Боқий ҳикматлар талқини
  • 30 Январь 2016

Боқий ҳикматлар талқини

Инсон қалбининг қувончу қайғусини, эзгулик ва ҳаёт мазмунини, фиқҳ, яъни ҳуқуқ ва адолатнинг мазмун-моҳиятини улуғ шоир ва мутафаккир Алишер Навоийдек теран ифода этган ижодкор жаҳон адабиёти тарихида камдан-кам топилади.

Навоийнинг “Назм ул-жавоҳир” асарида фиқҳ (ҳуқуқ) ва фақиҳ (ҳуқуқшунос) қадр-қиммати улуғланган шундай мисралар бор:
Қолғон киши касби илмдин заҳмат аро,
Фиқҳ ўргансун саъй ила ул меҳнат аро,
Илм ичра шараф фиқҳда бил нисбат аро —
Ким сарвар эрур фақиҳ бу уммат аро.
Ушбу мисраларда шоир ҳар бир кишининг фиқҳни — ҳуқуқни ўрганиши мақбул эканини уқтирмоқда. Чунки фиқҳ илмлар ичида шарафлиси, фақиҳ – ҳуқуқшунос эса жамиятнинг илғор вакилидир.
Бу рубоийнинг мазмун-моҳиятини янада чуқурроқ англаш учун Алишер Навоийнинг “Назм ул-жавоҳир” асари ҳақида мухтасар тўхталиш лозим. Маълумки, бу асар насрий усулда ёзилган муқаддима ва Ҳазрати Алининг 255 (айрим тадқиқотчиларга кўра – 268) рақам остида тартибланган арабча ўгитларининг туркий тилдаги талқинидан иборат. Ҳар бир фикр Қуръони карим суралари ва Ҳадиси шарифлардан келтирилган парчалар асосида исботланган. Шу билан бирга, уларнинг таъсирчанлигини ошириш учун тўрт мисраси ҳам қофиядош – таронайи рубоийлардан фойдаланилган.
Навоий Ҳазрат Алининг “Наср ул-лаолий” (“Сочма дурлар”) деб аталган ўгитлари мажмуасини таржима қилиб, уни “Назм ул-жавоҳир” (“Назм жавоҳирлари”) деб номлаганини айтади. Алишер Навоий Темурийзода Ҳусайн Бойқаро айни мавзуда “Рисола” битгач, унга жавоб тариқасида ушбу асарни ёзишга қарор қилган. Кўриниб турганидек, Алишер  Навоий асарининг номи сочма дурларни бир риштага – ипга жавоҳир сингари тизилганига ҳам ишорадир.
Шу ўринда “Назм ул-жавоҳир” асари ўзига хос тузилишга эга эканини қайд этиш лозим. Бу ҳақда фикр юритганда, даставвал, Ҳазрат Алининг араб тилидаги муайян фалсафий ўгити келтирилиб, сўнг эса унга туркий тилда рубоий шаклидаги талқин берилганини назарда тутиш лозим.
Алишер Навоий ўгит ва ҳикматларнинг тўғридан-тўғри таржимасини бериш билан чекланиб қолмаган. Аксинча, айни ўша ҳикматнинг мазмун-моҳиятига алоҳида рубоий бағишлаб, бадиий жиҳатдан бойитилган ўз фикрларини тақдим этган. Масалан, юқоридаги рубоий “Назм ул-жавоҳир” асарида 109-рақам билан келган ва у “Содат ул-уммат ил-фуқаҳоъу”, яъни “Фиқҳ уламолари – халқ сарваридирлар”, деган ҳикматнинг туркий назмдаги талқини ҳисобланади.
Шундай қилиб, мана шу биргина рубоий мисолида ҳам Алишер Навоий яшаган даврда, қолаверса, янада олис тарихимизда  аждодларимиз ҳуқуқ илми ва ҳуқуқшунослик касбини нечоғлик улуғлаганига амин бўлиб турибмиз. Демак, ота-боболаримиз азалдан ўз ҳақ-ҳуқуқларини яхши билишган ва муносиб қадрлашган, ҳуқуқни ўргатиш ҳамда ўрганишни эса астойдил рағбатлантиришган.
Бугунги кун ибораси билан айтганда, ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш масаласи заминимизда доимо эътиборда бўлиб келган. Ўз навбатида, ҳуқуқий маданият – бу қонунларимизда ифодасини топган, яъни бизга берилган шунча ҳуқуқлардан имкон қадар кўп фойдаланиш даражаси, деганидир.
Шу маънода, истиқлол йилларида халқимиз ҳуқуқий маданиятини юксалтириш давлат сиёсати даражасига кўтарилгани бежиз эмас. Зеро, Юртбошимиз алоҳида қайд этганидек: “мустақиллик сўзининг замирида ҳам катта, улуғ ҳуқуққа эга бўлиш деган тушунча ётади. Яъни, мустақиллик нафақат ўзини эркин сезиш, ўз ҳаётини қуриш, балки ўз ҳаёт-мамотини ҳал этишда катта ҳуқуққа эгалик ҳам демакдир”.


Акмал САИДОВ,
юридик фанлар доктори, профессор.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn