Улуғлик зийнати
  • 30 Январь 2016

Улуғлик зийнати

Алишер Навоий сўз гавҳарининг шарафи юксаклиги унинг бутун олам қудрати тарафидан туҳфа этилганида, дея таъкидлайди. У “тўрт садаф гавҳарнинг дуржи” — яъни тўрт унсур (сув, ҳаво, ўт, тупроқ)дан ҳосил бўлган инсон зотининг бош хусусиятидир, инсоннинг нутқи  барчадан устунлигини  белгилайди. Сўз, нутқ — руҳ, қолип ичидаги жон, ҳаёт, ҳаракат демак, тил фақат алоқа воситаси, бебаҳо неъматгина эмас, балки  изтироблар манбаи ҳамдир.

Шоир қизиқ мисол келтиради: “ўунча оғизлик санами нўшлаб” гўзални кўрсанг, унинг хуш сурати, зебо қадду қомати кишини лол қолдирса-да, зоҳиран чиройли суратдан  фарқи йўқ. Лекин агар шу чирой, ҳуснга яраша малоҳатли, жонситан нутқи ҳам бўлса, у:
Солғуси жинси бани одамға ўт,
Не бани одам, бари оламға ўт.
Ҳар дам этиб эти ҳалок ўртагай,
Балки башар хайлини пок ўртагай.
Мана шу ерда Навоий шеърий сўзнинг қудратини усталик билан қайд этади. Бунда ҳам нозик йўл топилган: боя ўзи таъриф этган ўша гўзал сўзга чечанлиги билан олам аҳлини масту сархуш эта олади, гар у Навоий ғазалини ўқиса-чи. Унда:
Ким анга алфоз ўлуб оташ фишон,
Берса улус кўнглига мунгдин нишон.
Базмда ул лаҳза алолони кўр,
Кўйи харобот аро ғавғони кўр.
Кўрки нечукдур яқо чок айламак,
Ўзни фиғон бирла ҳалок айламак.
Шоир, умуман, бадиий сўзнинг таъсир кучини, жумладан, ўз шеърларининг нақадар баланд қадрланиши, одамлар кўнглига ғулғула солиб, ҳаяжон қўзғашини фахр билан тасвирлаган.
Сўзни ҳам нуктадон одамга айтса дуруст, ҳар кимса ҳам яхши сўзнинг қадрига етмайди, фаҳмига етиб, ундан лаззат топмайди. Нозик кўнгилли, сўздаги маъноларни қилни қирқ ёргандай фарқлайдиган одамнинг суҳбати ҳузур-ҳаловат бағишлайди. Суҳбатда ҳар нарсани айтавериш одобдан эмас, ундан кўра жим ўтириш афзал. Ёмон сўз ёмон қўшиқ каби ёқимсиз, ёмон қўшиқнинг ёмон куйи эса жонингни арралагандай қийноққа солади. Алдов, ёлғон каби ёмон ниятларга сўзни сарфлаш гуноҳ. Ҳолбуки, айрим одамлар сўздан фириб, найранг учун фойдаланадилар ва рост қавл кишиларни йўлдан урадилар.
Алишер Навоий “Маҳбуб ул-қулуб” асарида — Аттор, Румий, Ҳофиз, Жомий, Хусрав ҳақида, уларнинг  қадри беқиёс шеъриятига тўхтаб, кейин “адно табақаси” (паст табақа) шоирларни санаб ўтади. Уларнинг “не шоирона таркиблари аҳсан ва не ошиқона сўзу дардлари шуълаафкан, баъзисидан агар гоҳе бирор яхши байт воқеъ бўлур, аммо ўн онча ямон даъво зоҳир бўлурким, у ҳам зоеъ бўлур” деб ёзади. Навоий бундай “шоирталаб” сўзи ёлғон, ўзи кибру ҳаволи кишилардан безор бўлганини “Ҳайрат ул-аброр” достонида ҳам сўз маъносига бағишланган бобда қайд этган. Турфа буким, деб нолийди улуғ шоир, улар менинг ўзимнинг шеъримни рангу рўйини ўзгартириб, тўғрироғи, уни бузиб, яна олдимга олиб келадилар, “шеър”нинг ҳолига йиғлагинг келади.
Навоий сўз зийнати ростлик, ростқавлликка жуда катта аҳамият берган. Буни одамийлик, инсонийликнинг муҳим белгиси сифатида баҳолаган. У “Вужуд уйи ана шу туз (рост) сутун била барност” мазкур уйнинг чироғи, баракати, қути ҳам ростлик, дейди. Улуғ шоир бошдан охиргача ростлик билан эгриликни қиёслаб боради, ростлик одамни қандай улуғлаши ва эгрилик, ёлғончилик нақадар тубанликларни келтириб чиқаришини қатор мисоллар воситасида исботлашга интилади. Асосан, кишининг хулқи, тийнати билан боғлаб тушунтиради, одамнинг табиатидан келиб чиқадиган хислатлар сифатида олиб қарайди.  Масалан, у ростлик ва эгриликни мана бундай қиёслаган:
Ростдур улким назари тўғридур,
Ким илиги эгридур — ул ўғридур.
Бўлса тик эгрилик ичра самар,
Эл ани кесмакда туз этгай магар.
Кўзки эрур эгри анинг хилқати,
Бирни ики кўрмак эрур санъати.

Яъни: назари тўғри одам ростгўй бўлади, қўли эгри киши — ўғридир. Қўл агар эгриликка одатланса, эл уни кесиб, тузата оладими (ёки эл уни кесиб туз сепади). Агар кўзнинг тузилиши эгри бўлса, биттани иккита қилиб кўрсатади — одамни алдайди.
Сўз, нутқ инсонни ҳайвондан ажратувчи белги экан, уни қадрлаш, тилга эътибор қилиш лозимлигини уқтириш Алишер Навоий ижодида бамисли гавҳардек товланиб туради. Зеро, насиҳат, фойдали гап айтиш, одамийлик хислатларини ҳимоя қилиш ижодкорнинг маънавий бурчидир. Сўз — инсон шарафи, бебаҳо фазилат,  ахлоқий камолот воситаси. Демак, мазкур қоидага амал қилмоқ ҳар жиҳатдан мақбул ва маъқул.  Буюк шоир хулосаси — ана шу.


Муслиҳиддин МУҲИДДИНОВ,
филология фанлари доктори, профессор.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn