Амалдаги қоида
  • 28 Март 2014

Амалдаги қоида

— Айтинг-чи, яқин истиқболда мамлакатимиз олий ўқув юртларида шартнома (контракт) тўлови миқдори олий таълим муассасасининг рейтингидан келиб чиқиб белгиланиши мумкинми?

С. ЯНДАШОВ.
Ромитан тумани

— Ҳозирча бундай тартиб жорий этилиши ҳақида аниқ бир гап йўқ. Келинг, биз сизга амалдаги қоида ҳақида қисқача маълумот берсак. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг 2012 йил 28 декабрдаги 508-сон буйруғи билан тасдиқланган “Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида ўқитишнинг тўлов-контракт шакли ва ундан тушган маблағларни тақсимлаш тартиби тўғрисида”ги Низомга асосан, олий таълим муассасаларида контракт асосида ўқитишнинг тўлов миқдори билим соҳалари, соҳа ва таълим йўналишлари, таълим шакллари (ишлаб чиқаришдан ажралган ёки ажралмаган ҳолда) ва таълим босқичлари (бакалавриат, магистратура, иккинчи ва ундан кейинги таълим) бўйича алоҳида, ҳар ўқув йили учун белгиланади.
Олий таълим муассасаларида контракт асосида ўқитишнинг тўлов миқдори Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 20 августдаги 237-сон “Республика олий таълим муассасаларини молиявий жиҳатдан янада мустаҳкамлаш чоралари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан келишилган ҳолда белгиланади.
Олий таълим муассасаларида контракт асосида ўқитишнинг тўлов миқдорини белгилаш бир талабани ўқитиш билан боғлиқ харажатлар миқдоридан келиб чиқиб амалга оширилади. Бунда қуйидаги мезонлар инобатга олинади: қабул квотаси ва бино-иншоотлар қуввати ўртасидаги мутаносиблик; таълим йўналишлари ва таълим жараёни хусусиятлари; бир ўқитувчига тўғри келадиган талабалар сони нисбатининг чекланган нормативлари; ўқитиш муддатлари ва бошқалар.

М. ИНОЯТОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари.

Ўқиш даври ҳам иш стажига киради
— Олий ўқув юртида таҳсил олганлик даври (масалан, бакалавр босқичида тўрт йил) меҳнат стажига қўшиладими? Агар ўқиш вақтида талаба тушдан кейин бирор-бир корхонада ўриндошлик асосида ишлаган бўлса-чи? Унда стажни ҳисоблаш қандай амалга оширилади?

С. ҲАЙИТОВ.
Яккабоғ тумани

— Ўзбекистон Республикаси “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонунининг 37-моддаси “е” бандига асосан, иш стажига олий таълим муассасаларида, аспирантурада, стажёр-тадқиқотчи-изланувчилар институтида, докторантурада, катта илмий ходим-изланувчилар институтида ва клиник ординатурада кундузги ўқиш, шу жумладан, чет элда ўқиш қўшиб ҳисобланади.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, олий ўқув юртида ўқиган давр Қонуннинг 37-моддаси “а”-“г” бандларида кўрсатиб ўтилган умумий стаж камида 5 йил бўлган тақдирда, иш стажига қўшиб ҳисобланади. Хусусан, “а”-“г” бандларида назарда тутилган иш стажлари қуйидагича: а) фаолият тури, мулк ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар, ходим давлат томонидан ижтимоий суғурталанган ҳолда бажарган ҳар қандай иш, агар у Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаган бўлса; б) ҳарбий хизмат ва партизан отрядлари ҳамда қўшилмаларида бўлиш, давлат хавфсизлиги органларида ва ички ишлар органларида хизмат қилиш; в) идоравий бўйсунувидан қатъи назар, ҳарбийлаштирилган соқчиликдаги, махсус алоқа органлари ва тоғ-кон-қутқарув қисмларидаги хизмат; г) якка тартибдаги меҳнат фаолияти, шу жумладан, якка (гуруҳли) ижара шароитидаги ёки шахсий ёрдамчи, деҳқон (фермер) хўжалигидаги фаолият Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланган тақдирда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 сентябрдаги 252-сон қарори билан тасдиқланган “Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 36-бандига асосан, агар меҳнат стажининг турли даврлари бир вақтнинг ўзида бир даврга тўғри келса, у ҳолда пенсияни ҳисоблаб чиқиш учун иш стажига пенсия тайинлаш учун мурожаат қилганнинг хоҳишига кўра, фақат бир давр қўшиб ҳисобланади.

М. ЗИЯДУЛЛАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижро этувчи директорининг биринчи ўринбосари.

Кредитга — кўчат
— Шахсий ёрдамчи хўжаликларга қанча миқдоргача кредит ажратилади?

О. РАҲМОНОВ.
Узун тумани

— Адлия вазирлигида 2012 йил 20 мартда 2344-рақам билан давлат рўйхатидан ўтказилган “Шахсий ёрдамчи хўжаликларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун микрокредитлар бериш тартиби тўғрисида”ги Низомга асосан, мевали дарахтлар ва узум кўчатлари сотиб олиш учун бир йиллик имтиёзли давр билан 3 йилгача муддатга, уруғликлар, минерал ўғитлар ва ўсимликларни кимёвий ҳимоя қилиш воситаларини сотиб олиш, ихчам иссиқхоналар ташкил этиш ҳамда паррандачилик ва асаларичиликни ривожлантириш мақсадларига олти ойлик имтиёзли давр билан 2 йилгача бўлган муддатга, энг кам иш ҳақининг 100 баробаригача миқдорда пул ўтказиш йўли билан микрокредитлар ажратиб келинмоқда.
Ушбу микрокредитлардан фойдаланганлик бўйича фоиз ставкаси Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасидан ошмаган миқдорда белгиланади.

А. ҚОСИМОВ,
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Банкларнинг инвестиция портфелини мониторинг қилиш департаменти директори.

Таътил даври
— Иш ҳақи сақланмаган ҳолатда неча ойгача таътил олиш мумкин?

Б. РИЗАЕВ.
Дўстлик тумани

— Меҳнат кодексининг 150-моддасига мувофиқ, ходимнинг аризасига кўра унга иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил берилиши мумкин, унинг давомийлиги ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра белгиланади, лекин у ўн икки ойлик давр мобайнида жами уч ойдан ортиқ бўлмаслиги керак. Қуйидаги ходимларга уларнинг хоҳишига кўра, иш ҳақи сақланмаган ҳолда муқаррар тартибда таътил берилади: 1941 — 1945 йиллардаги уруш қатнашчиларига ва имтиёзлари жиҳатидан уларга тенглаштирилган шахсларга — ҳар йили ўн тўрт календарь кунга қадар; ишлаётган I ва II гуруҳ ногиронларига — ҳар йили ўн тўрт календарь кунга қадар; икки ёшдан уч ёшгача бўлган болани парвариш қилаётган аёлларга (234-модда); ўн икки ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ болани тарбиялаётган аёлларга — ҳар йили ўн тўрт календарь кунга қадар (232-модда); меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларда, шунингдек, меҳнат шартномаси шартларида назарда тутилган бошқа ҳолларда.

Б. АҲМАДЖОНОВ,
Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши етакчи юрисконсульти.

Акциз солиғи тўланмайди
— Жисмоний шахслар Ўзбекистон ҳудудига акциз солиғи тўламасдан қандай товарларни қанча миқдоргача олиб кириш ҳуқуқига эгалар? Энг кўп олиб келинадиган ана шундай маҳсулотлардан айримлари мисолида тушунча берсангиз.

У. РАҲИМОВ.
Шаҳрихон тумани

— Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 1998 йил 13 мартда 412-сон рақам билан рўйхатдан ўтказилган “Ўзбекистон Республикаси ҳудудига жисмоний шахслар томонидан товарларни акциз солиғи тўламасдан олиб киришнинг белгиланган меъёрлари”га мувофиқ, жисмоний шахслар қуйидаги товарларни муайян миқдорда акциз солиғи тўламасдан олиб киришлари мумкин:
қандолат маҳсулотлари — 5 кг.; плиткали ва брикет шоколад — 2-5 кг.; сабзавот, мева, ёнғоқ ва бошқа ўсимликлардан қайта ишланган маҳсулотлар
— 5 кг.; алкогольсиз ичимликлар, шарбатлар (цитрус ўсимликлар шарбатидан ташқари) — 2 л.; барча турдаги алкоголь маҳсулотлари (пиводан ташқари) — 2 л.; барча турдаги тамаки маҳсулотлари
— 10 қути; видео ва аудиоаппаратлар — ҳар бир туридан 1 донадан, 3 тадан ортиқ бўлмаган миқдорда; турли соатлар — 2 дона; қимматбаҳо тошлар ва қимматбаҳо металлдан тайёрланган заргарлик буюмлари — умумий оғирлиги 30 граммдан ортиқ бўлмаган 5 та маҳсулот; қимматбаҳо бўлмаган тақинчоқлар
— 0,5 кг.дан ортиқ бўлмаган миқдорда.
Биз фақат энг кўп олиб келинадиган айрим маҳсулотларнигина санаб ўтдик. Рўйхатда яна бир қанча товарлар бўйича меъёрлар аниқ кўрсатилган.
Қўшимча сифатида шуни айтиб ўтиш жоизки, Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 4 декабрдаги “Истеъмол товарлари импортини тартибга солишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2003 йилнинг 1 январидан бошлаб учинчи мамлакатда ишлаб чиқарилган ҳамда юридик ва жисмоний шахслар томонидан тижорат фаолияти учун чегарадош давлатлардан Ўзбекистон Республикасига қайта экспорт қилинаётган ноозиқ-овқат истеъмол товарлари импорти учун 20 фоиз миқдорида божхона йиғими белгиланган.

Б. БЕРДИЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси бўлими бошлиғи.

Барчаси ҳисобда
— Мактабда ўқитувчи бўлиб ишлайман. Меҳнат таътили ҳақини ҳисоблашда устама ва дафтар текшириш тўловлари ҳам ҳисобга олинадими?

К. АЛИМАРДОНОВ.
Қизириқ тумани

— Меҳнат кодексининг 148-моддасига мувофиқ, йиллик таътиллар даври учун ходимга ўртача иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда ҳақ тўлаш кафолатланган.
Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 11 мартдаги 133-сон қарори билан тасдиқланган “Ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблаб чиқариш тартиби”га асосан, ўртача ойлик иш ҳақига ишбай асосида ишлаб топилган қўшимча иш ҳақи, мукофотлар, қўшимча тўловлар, иш ҳақига қўшимча ҳақлар ва ижтимоий суғурта бўйича бадаллар ҳисобланадиган бошқа тўловлар киритилган.
Шунга кўра, ўқитувчиларга меҳнат таътили ҳақини ҳисоблашда устама, синф раҳбарлиги учун тўлов, дафтар ва ёзма ишларни текширганлик учун тўловлар киритилади.

У. НУРМАТОВ,
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги бошқарма  бошлиғи.

Мухлисларга қўшимча қулайлик
— Аксарият ривожланган хорижий давлатларнинг футбол лигаларида бутун бир мавсум давомида ўйинларга кириш ҳуқуқини берадиган абонементлар савдоси йўлга қўйилган экан. Нима учун бизда шундай тажриба жорий этилмаган?

А. ҚАЮМОВ.
Қибрай тумани

— Ҳақиқатан ҳам, хорижий давлатларда бу тажриба қўлланиб келинади. Аммо бу ерда битта вазиятга ойдинлик киритишимиз лозим. Ҳар бир миллий чемпионатда чипталар савдоси билан клубларнинг ўзи шуғулланади. Ҳеч қайси футбол федерацияси бу борада уларнинг фаолиятига аралашмайди. Фақат маслаҳат бериши мумкин, холос, бундан ортиғи эмас.
Энди бевосита Ўзбекистон миллий чемпионати ҳақида тўхталадиган бўлсак, бизда ҳам мухлисларга шундай қулайлик яратиб бераётган футбол жамоаларимиз бор. Масалан, “Олмалиқ”, “Металлург”, “Бунёдкор”, “Андижон”, “Насаф”, “Бухоро” каби клублар абонемент савдосини йўлга қўйишган. Абонементларни харид қилиш юзасидан клубларга мурожаат этиш мумкин.

С. РАҲМАТУЛЛАЕВ,
Ўзбекистон Футбол федерацияси биринчи вице-президенти.

Воситачилик ҳақи энди йўқ
— “Uzpaynet” компанияси хизматлар учун тўловларни қабул қилишда мижозлардан олинадиган комиссия (воситачилик) ҳақини бекор қилди, деб эшитдик. Шу гап ростми?

Ш. РАСУЛОВ.
Юнусобод тумани

— Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 10 мартдаги 56-сонли қарори билан тасдиқланган “Тўлов агентлик тармоғи орқали жисмоний шахслардан тўловларни қабул қилиш фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 38 ва 39-бандларига мувофиқ, бош агент тўловларни қабул қилганлик учун мукофот пулини хизматларни етказиб берувчилардан олиши, тўлов агенти эса, ўз навбатида, кўрсатган хизмати учун мукофот пулини бош агентдан олиши белгиланган. Шунингдек, тўлов агенти ўз хизматлари учун тўловчиларга қўшимча ҳақ (устама ҳақ) белгилаши ва улардан олиши мумкин эмаслиги ҳам қайд этилган.
Шулардан келиб чиққан ҳолда, 2014 йилнинг 19 март кунидан бошлаб, “Paynet” тўлов пунктларида тўловларни қабул қилишда тўловчилардан олинадиган комиссия ҳақи барча хизматлар бўйича бекор қилинди.

А. ИСАКОВ,
«Uzpaynet» қўшма корхонаси бош директори ўринбосари.

Тегишли ҳужжатлар зарур
— Қир-адирлардан доривор ўсимликларни йиғиш учун рухсатнома олиш керак, дейишади. Бу масалада кимга мурожаат қилиш мумкин?

Б. ҒАФФОРОВ.
Наманган шаҳри

— Дарҳақиқат, Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 28 октябрдаги 508-сонли қарори 1-иловаси билан тасдиқланган “Ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш, уларни Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ва унинг ташқарисига олиб чиқиш тартиби тўғрисида”ги Низом талабларига мувофиқ, республикамиз ҳудудида табиий, ёввойи ҳолда ўсувчи доривор, озиқ-овқатбоп ва техник ўсимлик объектларини йиғиш, териш ҳамда тайёрлаш тўлов эвазига махсус рухсатномалар асосида амалга оширилади.
Махсус рухсатномани олиш учун Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг Давлат бионазоратига қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади: объект (тури), жойлашган жойи, фойдаланиш муддатлари ва усуллари кўрсатилган ҳолда махсус фойдаланиш учун буюртманома; Фанлар академиясининг ўсимликлар мажмуаси ва фойдаланиш ҳудудининг ҳолати тўғрисидаги хулосаси (Ўзбекистон Республикаси “Қизил китоби”га киритилган турлар учун); ер эгалари, ердан фойдаланувчилар ёки ҳудудидан фойдаланиш назарда тутилаётган давлат ҳокимияти органларининг розилиги; ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланганлик учун тўлов тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат.

К. СОДИҚОВ,
Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси ўринбосари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Яна имтиёз ҳақида... Ҳар бир тизим ўзига хос »