Ҳаётбахш неъматлар макони
  • 19 Ноябрь 2015

Ҳаётбахш неъматлар макони

Жонажон Ўзбекистонимиз ҳақида сўз юритилганда, “Жаннатмонанд юрт” дея таъриф берилади. Бу бежиз эмас. Чунки унинг гўзал табиатидан баҳраманд бўлган киши бунга тўла ишонч ҳосил қилади.

Дарҳақиқат, заминимиздаги пурвиқор тоғлар, яшил водийлар, сўлим ўрмонлар, дарё ва кўллар, ҳатто, бепоён саҳроларнинг ҳам алоҳида жозибаси бор. Айниқса, бир қанча биогеографик ҳудуд кесишган минтақада жойлашганлиги туфайли ўсимлик дунёси ниҳоятда ранг-баранглиги билан ажралиб туради.
Маълумотларга қараганда, заминимизда наботот оламининг 4500 дан ортиқ турлари учрайди. Шундан 600 дан зиёди доривор ўсимликлар бўлиб, фармацевтика саноати учун муҳим хом ашё ҳисобланади. Бундай ўсимликларни табиатга зиён етказмасдан йиғиштириб олиш, бирламчи қайта ишлаш, қадоқлаш ва истеъмолчиларга етказиб бериш бўйича ижобий ишлар олиб борилмоқда. Бунда республикамизнинг тупроқ-иқлим ва сув шароитлари инобатга олиниб, ихтисослаштирилган давлат ўрмон хўжаликлари ташкил қилингани айни муддао бўлаётир.
Ушбу хўжаликларда мамлакатимиз табиатида учрайдиган доривор ўсимликларни парваришлашдан ташқари, чет эллардан келтирилган ноёб турларни иқлимлаштириш, уларни кичик-кичик сой ва булоқлар атрофларида маданий ҳолда ўстиришга эътибор қаратилади. Сабаби, соғлиқни сақлаш тизими ҳамда фармацевтика саноати корхоналари учун мустаҳкам хом ашё базасини яратиш, қолаверса, доривор ўсимликларнинг табиатда йўқолиб кетиши ва табиий захиралари камайишини бартараф этиш соҳанинг долзарб вазифасидир. Масалан, бугунги кунда ўрмон хўжаликларимизда ўлкамиз табиатига хос ва хориждан олиб келинган пол-пола, маккаи сано, мойчечак, тирноқгул, қалампирялпиз, арслонқулоқ, чой ўти, тоғ райҳони, бўймадарон, баргизуб, кийикўт, наъматак, қизил дўлана, қариқиз, жағжағ каби бир қанча ўсимликлар маданийлаштирилиб, парваришланмоқда. Натижада йилига 300-350 тоннадан зиёд доривор ўсимликлар тайёрлашга муваффақ бўлинаяпти.
Ўзбекистоннинг ноёб тупроқ-иқлим шароити, бир йилда ўртача 320 куннинг қуёшли бўлиши, тўрт фаслнинг изчил алмашинуви юқори сифатли мева ва сабзавотлар етиштириш учун ҳам қулай табиий имкониятни туҳфа этади. Пировардида қишлоқ хўжалиги мавсуми янги кўкатлар табиий шароитда етиладиган март ойининг дастлабки кунларидан бошланиб, таъбир жоиз бўлса, бутун йил мобайнида тўхтамайди. Яъни бозорларга узум, қовун, хурмо ва беҳининг кечки навлари етказиб бериладиган декабрь ойининг бошига қадар сархил мева-сабзавотлар тақдим қилинади.
Экспертларнинг эътироф этишича, бизнинг шароитимизда етиштирилган мева-сабзавотлар таркибида табиий шакар, амино ва органик кислоталар, саломатлик учун зарур микроэлементлар ва озиқ-овқат рационида ўрнини алмаштириб бўлмайдиган турли биологик моддаларга бойлиги билан устун туради. Зотан, қадимда Ибн Сино турли касалликларни даволаш учун, аввало, мева-сабзавотлар ҳамда турли гиёҳ ва ўсимликлардан фойдаланган.
“Онажоним — табиат” махсус саҳифасида юртимиз табиатида учрайдиган шифобахш ўсимликлар, қувватбахш мева-сабзавотларнинг айримлари ҳақида атрофлича маълумот берилмоқдаки, бу кўпчиликка манзур бўлади, деб ўйлаймиз.
Мамлакатимизда ҳар йили 16 миллион тоннага яқин мева ва сабзавот етиштирилмоқда. Аҳоли жон бошига қарийб 300 килограмм сабзавот, 75 килограмм картошка ва 44 килограмм узум тўғри келаяпти. Бу мақбул деб ҳисобланадиган истеъмол меъёридан уч баробар кўпдир.

Кони фойда
Чилонжийда жумрутдошлар оиласига мансуб бўлиб, бўйи 2,5 метрдан 6 метргача етадиган улкан дарахтдир. Данакли, думалоқ ёки чўзиқроқ шаклдаги меваси сентябрь ойида пишиб етилади.
У қадим замонлардан хосиятли неъмат сифатида қадрланади. Табобатда бундан икки минг йил олдин бир қатор касалликлар чилонжийда ёрдамида даволангани бунинг далилидир.
Табиблар чилонжийда мевасидан тайёрланган дамламани зиққинафас, йўтал, чечак, камқонлик, ич кетишини тўхтатиш, оғриқни қолдирувчи, қон босимини пасайтирувчи омил сифатида тавсия этишади. У — ичак жароҳатига ҳам шифо. Абу Али ибн Сино ўпка, кўкрак оғриғи, буйрак ва пешоб пуфаги хасталикларини даволашда ундан самарали фойдаланган.
Қон босими юқори (гипертония) беморлар чилонжийда мевасидан кўпроқ истеъмол қилиши мақсадга мувофиқ. Чунки у кайфиятни яхшилаш, бош ва юрак атрофидаги оғриқларни йўқотиш, қон таркибидаги холестерин миқдорини камайтиришда қўл келади.
Мевасининг чала пишгани истеъмол қилинса, ични қотиради, данаги майдаланиб ейилса, ичаклар яллиғланишини даволайди. Дарахт пўстлоғи кукун ҳолига келтирилиб, йирингли ва сувли яраларга сепилса, уларни рутубатдан тозалайди. Дарахт қипиғи эса суяк синганда боғланса, жароҳат тез битишини таъминлайди.
Шуниси диққатга сазоворки, чилонжийданинг барглари ҳам шифобахш экан. У танадаги қичимага эмлик қилади. Бунинг учун баргини сувда қайнатиб, кунига 150 миллиграммдан ичиб турилса, кифоя.  Мабодо, бу қайнатма аччиқроқ бўлса, унга озроқ шакар қўшиш ҳам мумкин.

Севимли ва машҳур
Зира азал-азалдан Марказий Осиё халқларининг севимли ўсимлиги ҳисобланган. Яъни аждодларимиз уни нафақат зиравор, балки кўпгина хасталикларга малҳам бўлувчи доривор восита сифатида ҳам қадрлашган.
Масалан, улуғ бобокалонимиз Абу Али ибн Сино ўз китобларида зиранинг гижжани йўқотувчи, ичак оғриғини енгиллаштирувчи малҳам эканлиги ҳақида ёзиб қолдирган.
Халқ табобатида зира сурункали меъда яллиғланиши, жигар ва буйрак касалликларини даволашда қўлланилса, замонавий тиббиётда унинг мевасидан тайёрланган гален дориси қонни тўхтатишда, оғиз бўшлиғи яллиғланиши (стоматит), гипоацид (меъда ширасининг пастлиги), гастрит, ўт йўлларини даволашда тавсия этилади.
Уй шароитида дори тайёрлаш учун зира уруғига 400 мл. қайнаган сув қуйиб, паст оловда яна 20 дақиқа қайнатиш зарур. Сузгичдан ўтказилган мазкур қайнатма овқатланишдан олдин ярим пиёладан кунига уч маҳал ичилади. Маълум вақт ўтгач, юқорида тилга олинган дардлар билан оғриган кишилар унинг фойдасини, албатта, сезади.

Ҳам қувват, ҳам малҳам
Табобатда седананинг ҳам ўз ўрни бор. У инсон иммунитетини ошириб, бир қанча касалликларни даволашда қўлланилади.
Буюк ҳаким Ибн Сино “Седана — вужуд қувватини тузатади, касалликлардан йўқ бўлган фойдали бактерияларни тиклайди”, дея қайд этган.
Халқимиз қадим-қадимдан таомлар пиширишда седанадан фойдаланиб келган. Ўзбек нонлари, сомсаю патирларини седанасиз тасаввур қилиш қийин. Шу ўринда бунинг сабабига тўхталсак. Гўштли сомса, ёғли патир ва умуман, хамирли маҳсулотлар қийин ҳазм бўладиган таомлар сирасига киради. Седана эса ўзининг шифобахш хусусияти билан оғир таомларни ҳазм қилишга ёрдам беради. Инсон танаси ёғни ишлаб чиқара олмагани учун уни ташқаридан олишга мажбур. Бир грамм седана инсон организми учун зарур бўлган бир кунлик ёғ эҳтиёжини қондира олади. Шифокорлар седанани эзиб ейиш кўпроқ фойда беришини таъкидлашади. Седана иммунитет тизимини мустаҳкамлашдан ташқари, саратон, ОИТС каби касалликлар кушандаси ҳисобланади.
Қолаверса, у қон босими, иситмани туширишда фойда берса, табиий антибиотик таъсир кучига ҳам эга. Қора седана ёғи соч ўсишини яхшилайди ва эрта оқаришининг олдини олади. Аммо уни ҳомиладорлик вақтида истеъмол қилишдан сақланиш шарт.

“Сабзавот ликопча” шифоси
Бу сабзавот тури кўпгина жойларда наинки озиқ-овқат учун, балки манзарали ўсимлик тариқасида ҳам ўстирилади. Унинг номи патиссондир. “Патиссон” французча сўз бўлиб, ўзбек тилида “сабзавот ликопча” деган маънони англатади. Чиндан ҳам, унинг меваси ликопчани эслатади.
Патиссон парҳез ва даволаш хусусиятига эга. У 4-7 кунлик пайтида жуда мазали ва фойдали ҳисобланади. Агар ҳосил шу муддатда йиғиштириб олинмаса, дағал, ёғочсимон ва мазасиз бўлиб қолади. Унинг таркибида киши саломатлиги учун зарур бўлган дармондорилар, минерал тузлар, қанд, ферментлар жуда кўп. Мевасининг 100 грамми 15 кк.га тенг.
Патиссон таркибидаги сув ишқор бирикмалари билан бирлашиб, танада оқсиллар тўлиқ ўзлаштирилишини фаоллаштиради ва қондаги ишқорий муҳитни маромида ушлаб туради. Жигар, қон босими ортиши, паришонхотирлик, камқонлик (анемия), буйрак хасталикларида яхши наф беради.
Патиссон меваси таркибида калий тузлари, уруғида эса мой ва сапонин тўплагани туфайли тиббиётда жуда қадрланади. Масалан, унинг тўқ сариқ тусли навида лютеин моддасининг кўплиги боис кўриш қобилиятини яхшилайди. Компьютерда ишлайдиган кишиларнинг иммун тизимини мустаҳкамлаб, ташқи таъсирдан асрайди.
Патиссондан мураббо тайёрланади, тузлама сифатида фойдаланилади. Аммо уни қовуриб истеъмол қилса ҳам бўлаверади.
Эслатиб ўтамиз, патиссонни ичаклар фаолияти бузилганда истеъмол қилиш тавсия этилмайди. Негаки, у ичак ҳаракатчанлигини ошириб юборади.

Боғлар шоҳи
Жаҳонда камдан-кам учрайдиган табиат ва тупроқ-иқлим шароитларининг уйғунлиги туфайли бизнинг минтақамизда энг мазали ва энг фойдали мева-сабзавотлар етиштирилади, десак, муболаға бўлмайди. Зотан, Ўзбекистон қадимдан ўзининг беқиёс мазаси ва хушбўй ҳиди яққол ажралиб турадиган мева-чевалари билан маълуму машҳур. “Меваларнинг шоҳи” дея эътироф этиладиган беҳи — шулардан бири.
Эътибор қилган бўлсангиз, ёши улуғ кишилар беҳи мевасини уй шифтларига осиб ёхуд токчаларга териб қўйишади. Сабаби, бундай яхши пишган неъматнинг муаттар иси киши руҳиятига ижобий таъсир этиб, кайфиятини кўтаради, хона ҳавосини тозалаб, юқумли касалликлардан маълум даражада муҳофаза қилади.
Муҳаммад Ҳусайн ибн Муҳаммад ал-Оқилийнинг “Махзан-ул-адвия” китобида ёзилишича, беҳи бош оғриқларини қолдириб,  юракни мустаҳкамлайди, жигар ва меъда ишини яхшилаб, иштаҳани очади, оғиздаги нохуш ҳидни йўқотади. У лоҳас бўлганда, ич кетганида, сариқ касалида ҳам фойда беради. Шунингдек, танага нохуш қон қуйилишининг олдини олади.
Беҳи шарбати эса қон кетиши, қон қусиш, бехос қайт қилиш ва чанқоқни бартараф этади. Мевасининг мағзи қотирувчи хусусиятига эгалиги боис уни оз миқдорда ёки буғда пишириб, мураббо ҳолида ёки тоза асал билан бирга истеъмол қилиш яхши наф беради.
Абу Али ибн Сино беҳи мевасидан тайёрланган дамламани ичбуруғ (дизентерия), йўғон ичак яллиғланишида, беҳи ширасини зиқнафас (астма), қон тупуриш ва қайт қилишни тўхтатишда қўллаган. Беҳи уруғи асосида дори-дармонлар тайёрлаб, ўпка ва нафас йўли касалликларини даволаган.
Халқ табобатида беҳи мевасининг шарбати дармонсизлик, камқонлик, изтиробли йўтал, меъда, жигар ва буйрак касалликларини даволашда ишлатилади. Уруғи билан узум шарбатининг қайнатмаси силла қуриши, ичбуруғ, сариқ, бавосил касалликларини даволашда тавсия этилади.
Беҳи меваси гўшт қиймалагичдан чиқарилиб, унинг бир ҳиссасига икки ҳисса миқдорда шакар аралаштирилади, енгил алангада шакар эригунича қизитилади. Ундан кунига уч маҳал бир ош қошиқдан истеъмол қилинса, юрак фаолиятини яхшилаб, қон айланишини маромига келтиради.
Жигар касаллигидан азият чекаётганлар эса 2 дона ўртача катталикдаги қайнатилган беҳини уруғ ва пўстлоғидан тозалаб, бир ўтиришда истеъмол қилса, шифо топади.

Минг дардга дармон
Ажойиб биологик ва экологик хусусиятга эга ёнғоқ дарахти ер танламайди. У тоғда ҳам, чўлда ҳам ўсаверади.
Буюк табиб Абу Али ибн Синонинг ёзишича, ёнғоқ япроғи шираси илиқ ҳолда қулоққа томизилса, йиринглашнинг олди олинади. Қобиғининг қуюлтирилган шираси томоқ оғриғини босиб, йўталга малҳам бўлади. Қовурилгани киндик устига қўйилса, ичак оғриқларини босиб, ич кетишини тўхтатади.
Ёнғоқнинг мағзи, айниқса, жуда фойдали. Унинг таркибидаги темир, фосфор, мис, серотин моддалари, мой ва оқсил таом ҳазмини яхшилайди, қувватни ошириб, асаб тизимининг фаолиятини меъёрлаштиради.
Шунингдек, ёнғоқ дарахти арраланганда чиққан қипиқ сирка билан аралаштирилган ҳолда юзга суртилганда, унинг терисини тиниқлаштиради. Зайтун мойига намланиб, бошга қўйилганда эса қазғоқни йўқотишда ёрдам беради.
Халқ табобатида ёнғоқ пўстининг толқонига канакунжут мойи қўшиб тайёрланган дори билан кўкрак оғриғи, жигар ва ўпка касалликлари даволанади.

Боши оловда, оёғи сувда
Куз неъматларидан яна бири — хурмонинг тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади. Хусусан, эрамиздан 7 минг йил аввал маданийлаштирилган хурмо араб халқларининг севимли меваси сифатида турли тарихий обида ва ёдгорликларда ўз изини қолдирган.
Шунингдек, қадимги мисрликлар мазкур дарахтдан тақвим тузишда ҳам фойдаланишган. Хурмо иссиққа жуда чидамли ўсимлик бўлгани учун унга “Боши оловда, оёғи сувда” деб таъриф берилган.
Ҳозирги кунда Ер юзида хурмонинг 200 тури учрайди ва уларнинг барчаси шифобахш саналади. Нега деганда, хурмо меваси таркибида қанд, протеин, мой, олма кислотаси, С дармондориси, пектин, танин сингари кўплаб микроэлементлар мавжуд. Шу туфайли у бир қатор хасталикларни даволашда тавсия этилади. Хусусан, буқоқ, камқонлик, хафақонликда, бел оғриғи ва тана бўғинларини юмшатишда яхши наф беради. Бу дарахтнинг барги ҳамда пўстлоғи ҳам фойдали. Халқ табобатида унинг қуритилган барги кукуни қонни тўхтатувчи, пешоб ҳайдовчи, қон босимини туширувчи восита сифатида қўлланилади. Пўстлоғидан тайёрланган дамлама эса ич кетиш ва безгакни тузатади. Аммо хурмо мевасини меъёрида истеъмол қилиш лозим. Айниқса, сурункали қабзият ва қандли диабет билан оғриган кишилар бу борада эҳтиёт бўлишлари керак.
Бугунги кунда Ўзбекистон дунёнинг 80 та давлатига 180 турдан ортиқ сархил мева-сабзавот ва уларни қайта ишлаш асосида тайёрланган маҳсулотларни экспорт қилмоқда.

Саломатлик хазинаси
Халқимиз турпни “қиш меваси” дея эъзозлайди. Чунки табиатимиз кеч кузда тортиқ қиладиган сабзавотнинг бу тури бутун қиш мобайнида дастурхонимизга кўрк бағишлайди.
Шу билан бирга, бу илдизмева саломатлик хазинаси бўлиб, юртимизда қадим замонлардан буён етиштириб келинади.
Дарҳақиқат, турп таркибида 1,58 фоиз қанд, 1,92 фоиз оқсил, 1,55 фоиз твит (клечатка), ферментлар, холин, липидлар, антоцианлар, органик кислоталар, В1, В2, В6, РР, С дармондорилари, каротин, шунингдек,  кальций, магний, фосфор, темир, олтингугурт, бром, йод, калий сингари ҳаётбахш маъданий унсурлар мавжуд.
Турп шарбатида, айниқса, калий жуда юқорилиги билан бошқа сабзавотлардан ажралиб туради. Бу эса юрак-қон томир тизимига ниҳоятда фойдалидир. Таркибидаги бошқа ҳаётбахш моддалар эса овқат ҳазм қилиш аъзолари фаолиятини яхшилайди.
Халқ табобатида турп билан асал аралашмаси ҳар хил жароҳат ва яраларга малҳам сифатида қўлланилади. Изтиробли йўталга қайнатиб пиширилгани тавсия этилади. У пешоб ҳайдаш, балғам кўчириш хусусиятига эга бўлгани сабабли, шамоллаш, томоқ ва ўпка касалликларини даволашда ҳам айни муддаодир. Қолаверса, турп қизамиқ, юқори нафас олиш йўлларининг яллиғланиши, бронхит, ўпка сили касалликларида яхши самара беради.
Манбаларда қайд этилишича, турп киши аъзоларидаги ортиқча холестерин моддаси чиқиб кетишини жадаллаштириб, хавфли атеросклероздан муҳофаза қилади. Ўтида тоши бор беморлар турп шарбатидан ҳар тунда 100 граммдан (кейинчалик 400 граммгача) истеъмол қилсалар, бу нохуш дарддан тезда фориғ бўладилар.
Ўлкамизда етиштирилган турп навлари ўзининг хушхўрлиги ва чучуклиги билан ажралиб туради. Улардан қуйидаги усулда шифобахш шарбат олиш мумкин: сархил турп илдизмевасининг дум тарафидан пичоқ билан ўйилиб, “кўзача” ясалади. Унга тоза асал солиниб, 4-5 соат кутилади. Сўнгра турп мағзидан ажралиб чиққан шарбатдан ичиб турилади.
Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш лозимки, турп илдизмевасини меъда-ичак яраси, гастрит, энтерит, гепатит ва юрак касалликларига учраган беморлар истеъмол қилмасликлари лозим.

Саҳифа материалларини доришунос олим
Маннон НАБИЕВ тайёрлади.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn