Фараҳли дамлар таассуроти
  • 13 Ноябрь 2015

Фараҳли дамлар таассуроти

Рубъи маскуннинг сайқали, дея таърифланмиш азим шаҳар Самарқанд тарихимизда ўтган кўпгина мутафаккирлар тақдирида ёрқин из қолдирган. Қадимул айёмдан, милоддан аввалги VIII асрлардан буён бу муқаддас юртдан илм ва маърифатпарварларнинг, устозу илмталабларнинг қадамлари узилгани йўқ.

Шеърият мулкининг соҳибқирони Амир Низомиддин Алишер Навоийни ҳам ҳаётининг энг масъулиятли даврларида шу шаҳар меҳр билан ўз бағрига олган эди. Бунинг натижаси сифатида эса Самарқанд бир умр шоир қалбида нодир инжудек таассурот қолдирди, дилбар инсонларининг сиймоси эса ширин хотира бўлиб муҳрланди.
Улуғ мутафаккир Мовароуннаҳрнинг маркази бўлмиш Самарқандни “Самарқанди фирдавсмонанд” деб атайди. Унинг тасаввурида Самарқанд — жаннатмонанд, атрофидаги ариқлар ҳам жаннатмонанд ариқлар. Руди Кўҳак (Зарафшон дарёсининг) суви асал билан тенгдир. Бу сув беморни даволайди. Ундан бутун Самарқанд водийси баҳраманд бўлади. Ҳудуддаги Кўҳак (Чўпонота тепалиги) жаҳон хазинасининг тилсимотидир. Ундаги ҳатто “ушоқ тошлар” ҳам “лаълу инжу” билан тенгдир, ўт-ўланлари ям-яшил рангли мовий осмонни эслатади.
Ҳазрат Навоийнинг 24 — 25 ёшларида Самарқандга қилган сафарлари, бу ерда кечирган ҳаёти, мазкур сермашаққат, аммо фараҳли йилларнинг шоир ижодига таъсири масалалари олимларимиз томонидан муфассал тадқиқ этилган. Бобокалонимиз Ҳиротдан чиқиб кетишни ният қилар экан, қайси шаҳарни танлаш ўзларининг ихтиёрларида эди. Ул зот Камол Турбатийдек, Паҳлавон Муҳаммаддек дўсту ёрлари ёнига — Машҳадга кетиши ҳам мумкин эди. Боз устига, шоир Ҳиротдан кетишни мақсад қилган пайтлари устозлари Саййид Ҳасан Ардашер ҳам Машҳадда эди. Аммо Навоий Самарқандни танлади. Чунки бу ерда ақли камолга етган, қаламининг шуҳрати кенг ёйилган ёш шоирни меҳригиё сингари ўзига тортиб турган ирфон дарғаси, муршиди комил Хожа Убайдуллоҳ Аҳрори Вали бор эди.
Шоирнинг зулқофиятайн санъати билан дарж этилган, ўткир фаҳм-фаросати билан “саромади замона” саналган дўсти Мирзобек хотирасига ёзилган
Кўзунг не бало қаро бўлубтур,
Ким жонга қаро бало бўлубтур
деб бошланувчи ғазали ҳам Самарқанддаги ижодиёти намуналаридан биридир. У дўсти қалами натижаси бўлган мазкур матлаъни унинг хотирасини абадийлаштириш учун тўлиқ ғазал ҳолига келтирганлиги ҳақида “Мажолис ун-нафоис” тазкирасида маълумот беради.
Навоийнинг Самарқанддаги адабий-илмий фаолияти ҳали жуда кўп тадқиқотлар учун мавзу бўлиши мумкин. Навоийшунослик соҳасида изланишлар олиб борувчилар шоирнинг бу ерда аниқ ва табиий фанларни ўрганиш бўйича қилган саъй-ҳаракатлари, қизиқишлари доираси ҳақида чуқурроқ фикр юритмоқлари, унинг мактуботи (ёзишмалари)даги Самарқанд билан боғлиқ тафсилотларга аниқлик киритишлари, бу ердаги қадамжолари харитаси хусусида ўйлаб кўрмоқлари лозим кўринади. Шоир шеъриятида осмон жисмлари, сайёралар билан боғлиқ чуқур илмий мулоҳазалар кўзга ташланади. Бу унинг Мирзо Улуғбек расадхонасида олган таълими самаралари эмасмикин? Шоир асарларида қимматбаҳо тошлар, жавоҳирлар ҳақида ҳам теран илмий тушунчалар, ташбеҳлар, бадиий лавҳалар учрайди. Бу бевосита Навоийнинг бирор жавҳаршунос устози ҳам бўлгандир, деган тасаввур уйғотади.
Самарқанд ҳам башарнинг покиза фарзанди Алишер Навоийни навқирон йигитлигида қанчалик катта меҳр билан ўз бағрига олган бўлса, унга, унинг халқпарвар ижодига боқий ихлос ва садоқат кўрсатиб келмоқда. Чунончи, қадимий маърифат бешиги, қарийб тўрт юз йиллик мустаҳкам пойдеворга эга бўлган Самарқанд давлат университетига мутафаккир номи берилган. Унинг энг кичик талабасидан тортиб, забардаст олимларига қадар Ҳазрат Навоий номини эҳтиром билан тилга оладилар. Эзгуликнинг боқийлигига бир мисол шу эмасми?!
Шундай экан, Навоийнинг бебаҳо ижодиёти хазинаси дурдоналари юртимиз олимлари томонидан кашф этилаверади.

Дилором САЛОҲИЙ,
филология фанлари доктори, профессор.

“Чун вафодин тортилур...”
Келгил, эй қурбон кўнгул, ул қоши ё меҳрин унут,
Чун вафодин тортилур, сен ҳам бориб бир гўша тут.
 
Чунки ул бизни унутмоғни соғинди яхши иш,
Сен доғи, кел, бир нафас они соғинмоғни унут.
 
Ул қуёш ҳар дам бўлур бир зарра бирла гарм меҳр,
Меҳр шамъин сен доғи бир ўзга ой бирла ёрут.
 
Ҳайф эрур ҳар шўхи раъно юзига чун пок ишқ,
Шавқ ўтин, кел, сен доғи бу ишвагарлардин совут.
 
Эй пари, бир телба гар овора бўлдим ғам ема,
Одамийвашлар била нозук мижозингни овут.
 
Гар кўзум ёшига ул гул мултафит бўлмас, не ғам
Гул булутдин тозадур, сероб эмас гулдин булут.
 
Даҳр боғида гиёҳи меҳр ҳаргиз бутмади,
Гар десангким кўрмайин бемеҳрлик, бу сўзга бут.
 
Шаҳди ишқинг заҳр этар гардун, сен ушбу жомдин,
Хоҳ комингни очит, хоҳи мазоқингни чучут.

Тарк қил, сен ҳам Навоийдек ҳавосин, эй кўнгул,
Ёки ҳар дам бир тараф майлин кўруб, хуноба ют.

«Адл айлаки...»
Айни вақтда демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш йўлидан босқичма-босқич, қатъий ҳамда изчил одимламоқдамиз. Ҳар биримиз бу эзгу янгиланиш жараёнларининг қайсидир жиҳатдан бевосита иштирокчилари ҳисобланамиз.
Шундай экан, шоирлар султони, буюк мутафаккир Алишер Навоийнинг “адолат”, “адл” тушунчалари ҳақида, демакки, “ҳуқуқий давлат”, “адолатли жамият”, “фуқаронинг ҳуқуқ ва бурчлари” хусусидаги фикр-мулоҳазаларига теран разм солсак, фойдадан холи бўлмас. Унинг асарларини мутолаа қилиш асносида, фиқҳий атамалар улуғ шоир томонидан жуда кенг маъноларда, айни вақтда, ниҳоятда аниқ ва жуда нуктадонлик билан қўлланилганини кўриш мумкин.
Масалан, Навоий “адл” сўзини адолат, одиллик, ҳақлик, тўғрилик, ҳаққонийлик, инсоф тушунчаларини англатиш учун ишлатса, ўз навбатида, “адолат” сўзини ҳаққоният, шафқатлилик, одиллик маъноларида қўллаган. Фикримизча, ушбу тушунчалар бугунги кунда адолат ва юксак инсонпарварлик негизида тубдан ислоҳ этилаётган мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизими фаолиятининг асосий мазмун-моҳияти билан, том маънода, уйғун ва ҳамоҳанг эзгу тамойиллардир!
Президентимизнинг шундай сўзлари бор: “Виждони уйғоқ одам ён-атрофида бўлаётган воқеаларга, ёрдам ва кўмакка муҳтож инсонларнинг муаммоларига, адолатнинг топталишига бефарқ қарай олмайди”.
Алишер Навоийнинг қуйидаги рубоийсини ўқиб, бундан қарийб олти юз йил илгари буюк бобокалонимиз ҳам айни шундай фикр юритганига гувоҳ бўламиз:
Адл айлаки, ул халқ ҳаёти бўлмиш,
Хуш ул киши ким, адл сифоти бўлмиш,
Ҳам мулк била адл жиҳоти бўлмиш,
Ҳам адл била мулк саботи бўлмиш.
Навоий ҳазратларининг мана бу ҳикмати, фикримизча, юқоридаги мулоҳазаларни яна бир бор тасдиқлайди:
Адолат қилурнинг тониб ҳолатин,
Фузун қилсун элга адув олатин.
Мазмуни: мамлакатда адолат ўрнатмоқчи бўлган киши халқнинг душманга қарши мудофаа қуролини кучайтирсин.
Шу ўринда давлатимиз раҳбарининг “Инсон табиати ноҳақлик, зулмни қабул қилмайди”, деган фикрини эсга олсак, бу  ҳикматнинг асл  моҳияти янада яққол намоён бўлади, деб ўйлаймиз.
Алишер Навоийнинг “Хазойин ул-маоний” асарида, бошқа асарларидаги каби, “адл” сўзи ишлатилган мисралар кўп. Мана, шулардан бири:
Мулку кишвар элига дод айла,
Адл ила иккисини обод айла.
Бу мисралар мазмунини Юртбошимиз сўзлари билан мухтасар талқин этадиган бўлсак, “Халқ очликка, йўқчиликка, ҳамма нарсага чидаши мумкин, аммо адолатсизликка чидай олмайди”. 
Алишер Навоий ижодида адл, адолат, одил сўзлари қўлланилмаган ҳолда, бу тушунчаларнинг моҳияти яққол очиб берилган мисралар ҳам кўп. Жумладан, улуғ бобокалонимиз шундай ҳикмат айтган:
Бировғаким, бировдан етди офот,
Ҳамонким қатиғроқдур мукофот.
Мазмуни: Бировга зарар етказган (адолатсизлик қилган) киши у кишидан (яъни, адолатсизлик жабр етказган одамдан) ҳам кўра қаттиқроқ зарар кўради.
Навоий ҳазратларининг ҳозирги ворислари — олис мозийдан салкам олти аср берида туриб бой тарихимиз, саодатли бугунимиз ва ёруғ келажагимиз суруридан баҳраманд яшаётган Истиқлол даври авлоди таъбири билан айтганда, ҳуқуқий давлатнинг асосий белгиси — барча фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, Конституция ва қонунларнинг устунлиги таъминланишидадир. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 14-моддасида белгиланганидек, “Давлат ўз фаолиятини инсон ва жамият фаровонлигини кўзлаб, ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари асосида амалга оширади”.

Акмал САИДОВ,
юридик фанлар доктори, профессор.

«...Ул одат ила касби саодат қилғай»
Фарзанд — кўнгил боғининг муаттар гули, умр дарахтининг сархил меваси.
Ота-она орзуларининг рўёби ундан, эзгу ишларининг давоми, наинки давоми,
қилишга улгурмаган хайрли амалларининг келажакда рўёбга чиқиши унинг қўлида.
Ҳазрат Навоий айтганларидек, фарзанд —  ота-она ҳаёт дарахти йиқилмоққа майл этган чоғида бошига соя солувчи санавбардек расо, кўкка бўй чўзган ниҳол, даврон ҳодисалари молини
ҳар тараф сочиб юборишидан асровчи ворис, волидайн умрини ёритгувчи, элу юртга меҳр нурини сочувчи офтобдир.
Фарзанднинг ўрнини ҳеч нима босолмас, у — бир чечак, ота-она — гулистон: унингсиз гулистон қуриса, унда булбулнинг минг турфа хонишлари эшитилмас; у — нур, ота-она — шам, шамъи анвар ғам тунида ўчса, унинг атрофида чарх ураётган парвонадан уй ёримас:
Ғофилки, қуруди чун гулистон,
Гулбонг этмас ҳазордастон.
Ё ғам туни ўчса шамъи анвар,
Парвонадин ўлмас уй мунаввар.
Ота-она фарзандни камолга етказгунча қанча ғам-ташвиш дарёсини кечиб ўтади, ширин жонини азоб оташида қовуриб, дилбандини роҳат-фароғат манзилига дохил этади. Ҳазрат Навоий буни Қайс — Мажнуннинг отаси тилидан шундай баён этади:
Уч-тўрт ёшингға тегру пайваст,
Ғам қолмади бермаган манга даст.
Сен қатраи сутдин олғуча ком,
Юз қатраи қон қилиб мен ошом.
Айлаб тобонингни чун тикан реш,
Менинг жигаримга санчилиб неш.
То илму адабни ком қилдинг,
Мактаб тарафи хиром қилдинг.
ўофил бўлмон ишингда ғамдин,
Борур-келурунгда бир қадамдин.
Ким, фазлу камол ёринг ўлғай,
Илму ҳунар ихтиёринг ўлғай.
Тадриж ила тифл ўлур хирадманд,
Сокинлик ила қамиш бўлур қанд...
Ҳазрат Навоий “Ҳунардин мамлу, аммо айбдин пок” солиҳ фарзанднинг  фазилатлари ҳамда ахлоқи, волидаи муҳтарамаларига меҳр-оқибати қандай бўлмоқлиги лозимлигини  бадиий асарларида батафсил баён этиб беради. Хусусан, Фарҳод отасининг қуйидаги сўзларида ўғлидан кўнгли тўқ падар эътирофини кўрамиз:
Атоким сен киби фарзанди бўлғай,
Ҳаёти нахлининг райванди бўлғай.
Ўлум вақти етишгач ғам егайму,
Агарчи ўлса ҳам     ўлдум дегайму...
Қайсики фарзанд ота-онасининг панд-насиҳатларига амал қилмоқни ўзига одат қилса, унга бахту иқбол эшиклари очилиб, мартаба пиллапояларидан кўтарилиб бораверади:
Фарзанд ато қуллуғин чу одат қилғай,
Ул одат ила касби саодат қилғай,
Ҳар кимки, атоға кўп риоят қилғай,
Ўғлидин анга бу иш сироят қилғай.     
Навоий ҳазратлари ота сўзларига амал қилган, унинг ҳурматини жойига қўйган фарзанднинг саодатга эришишини айтиш билан кифояланмайди. Фарзанднинг ўзи ота бўлганида, ўз отасига қилган ҳурмат-эҳтироми ўғлидан қайтишини алоҳида таъкидлайди. Бу сўзлар ҳаётда неча марталаб исботини топган. Ота сўзини бош устига қўйган неча фарзандлар мақсад манзилига етиб, ҳам ўзига, ҳам эл-юртига хушбахтлик келтирган бўлсалар, аксинча, ота-онасини қариганида хўрлаб, дилларига озор етказганлар ўз фарзандлари томонидан хорликка маҳкум қилинганлар. Зеро, ҳадиси шарифда айтилганидек: “Отангга риоят қил — болангдан қайтади”.  
Дарҳақиқат, ота-она олдида фарзандлик бурчини бажармоқ, уларнинг корига яраб, дилини хушнуд этмоқ, хизматига шай туриб, қуллик бажо қилмоқ, хоки пойи бўлмоқ айни саодатдир.

Саломат МАТКАРИМОВА,
филология фанлари номзоди.

Рубоийлар
Жоним аро ўт лаъли сухандонинг учун,
Юзум уза кавкаб маҳи тобонинг учун,
Кўксумда алиф сарви хиромонинг учун,
Сўзлаб, юз очиб кел бу тараф жонинг учун.

Зулфунг гириҳиға пойбаст ўлмишмен,
Лаълинг майидин бодапараст ўлмишмен,
Ул майни ичиб йўлунгда паст ўлмишмен,
Ҳай-ҳай, не дедим, магарки маст ўлмишмен?

Зоғеки чўқуб оқизди қон кўнглумдин,
Тирноғ ила узди нотавон кўнглумдин,
Аъзосида кўр асар дамим дудидия,
Минқор ила чангида нишон кўнглумдин.

Булбул навоси
Ҳудҳуднинг Товусга хитоб қилиб айтган чиройли сўзлари:
 — Эй Товус, давронни масту аласт қилувчи жилваларингни кўрсат! Бошинг узра раҳнамолик тожи бор, танинг латофат ва гўзалликка кон. Қоматингга ҳусну жамолинг шундай муносиб тушганки, тил уни васф этишда лолдир. Ҳилқатингга хўблик, зотингга эса маҳбублик ярашади. Лекин сен ўз масканингни, шоҳ қошида жилва қиладиган гулшанингни ёддан чиқарибсан. Бирданига у жаннатни унутиб юборма, бу харобазор ҳибсхонани тарк этгил. Шоҳ базмига эришиш шавқидан наво тортиб, у гўзал бўстон сари парвоз қилгин!

Булбул навоси оҳангида Ҳудҳуднинг хушовоз сайрагани:
— Эй шавқ гулзорининг Булбули! Шундай наво чеккилки, сенинг куйларингда ажойиб завқу шавқ сирлари янграсин! Ишқ куйини минг хил наво билан тузгил, бенаволик қўшиғини бошла! Шоҳ гулистонида гул ҳуснига маст бўлиб, у гул ишқида мастликнинг кайф берувчи жомини кўтар. Баҳор чоғи оташин гул жилва қилгач, унинг ҳар бир япроғи парларингга ўт ёқсин. Ҳозир сен у тоза гулшандан йироқдасан. Фироқ ўти жисмингни кул айламоқда. Кўм-кўк осмон сари парвоз қилгил, ўша қизил гул сари майл кўргазгил. Шоҳ бўстонида юз гул жилва қилиб туради, сен эса бу ерда ҳижрон шуъласидан минг бор куйиб-ёнасан!

«Лисон ут-тайр»нинг насрий баёнидан.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn