Насрий асарлар нафосати
  • 22 Октябрь 2015

Насрий асарлар нафосати

Навоий ижодининг салмоқли қисмини унинг насрий асарлари ташкил қилади. Яна шуниси эътиборни ўзига тортадики, улуғ адиб уларни (1481-1482 йилларда яратилган “Вақфия”ни истисно қилганда) умрининг сўнгги йилларида яратган.

Даврининг буюк шоири ва мутафаккири сифатида Навоий насрнинг ўзига хос хусусиятларини яхши билгани, унинг имкониятлари шеъриятга нисбатан кенгроқ эканлигини тушунганлиги учун маълум маънода, маълум мақсадлар билан насрга мурожаат қилган, албатта. Бу мақсадларнинг қандай эканлиги ҳар бир насрий асарнинг ёзилиш сабаблари ва унда қўйилган масалаларнинг моҳиятини очиш чоғида ойдинлашади.
Навоий насрий асарларидан “Ҳамсат ул-мутаҳаййирин”, “Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад” муаллиф замонасида маданий ҳаётда улкан роль ўйнаган машҳур фан ва маданият арбоблари — Абдураҳмон Жомий, Саййид Ҳасан ва Паҳлавон Муҳаммаднинг ижодий таржимаи ҳолини яратиш билан боғлиқ бўлиб, муаллиф улар билан ўзининг ҳар соҳадаги ҳамкорлиги, мулоқотлари ҳақида қизиқарли, ҳаётий лавҳалар орқали сўз юритади. Бу учала асар ўзбек тилида яратилган ёднома руҳидаги наср намунаси сифатида ғоят аҳамиятлидир. Уларда бадиий насрнинг илк унсурлари мавжуд бўлиб, бу ҳол, айниқса, Навоийнинг портрет яратиш маҳоратида ёрқин намоён бўлади.
Навоийнинг бу асарларини бирлаштириб турадиган, улар учун умумий муҳим бир хусусият бор. У ҳам бўлса мазкур асарларнинг Шарқ Ренессанси руҳида ёзилганидир. Зеро, уларда инсонга, шахсга ҳурмат ва самимият билан қараш, ундаги гўзал фазилат ва юксак интилишлар ардоқланади.

Табаррук дастхат
Ўзбек халқининг буюк шоири ва мутафаккири Алишер Навоий ўлмас “Хамса” таркибидаги достонлари, беқиёс “Хазойин ул-маоний”ни ташкил этган шеърияти, 14 номдаги  насрий асарлари билан адабиётимизни бойитган, уни жаҳон адабиёти даражасига кўтарган, башариятнинг маданият хазинасига улкан ҳисса қўшган ижодкордир.
Навоий асарлари бизгача моҳир хаттотлар ва ҳассос наққошлар томонидан китобат қилинган ҳолда етиб келган. Шунингдек, турли савиядаги котиблар ва китобат санъатига мансуб ижодкорлар ҳам шоир асарларини кўп марта кўчиришган. Султон Али Машҳадий, Муҳаммад Нур, Дарвеш Муҳаммад Тоқий, Султон Муҳаммад Хандон, Абдулжамил ва бошқа хаттотлар кўчирган Навоий қўлёзмалари жаҳоннинг кўп кутубхоналарида сақланади. Лекин шоирнинг ўз қўли билан ёзилган дастхати — автографи ҳақида яқин-яқинларгача ҳеч қандай маълумотга эга эмас эдик. 1957 йилдан буён ҳар йили Навоийнинг туғилган куни — 9 февралда ўтказиб келинаётган илмий анъанавий конференцияларнинг бирида таниқли олим Ҳоди Зариф шоир томонидан чизилган деб юритиладиган “Занжирбанд шер” расми остидаги “Амали Мир Алишер” (яъни Мир Алишер иши) ёзувини Навоий дастхати – автографи эканлиги масаласини кўтариб чиққан эди.
1979 йилда эса Андижонда ўтказилган Навоий конференциясида самарқандлик олим Ботирхон Валихўжаев Москвада Эрон каталогларидан бирида шоирнинг дастхат девони тавсифи юзасидан маълумот олганлиги ҳақида ўз маърузасида ахборот берди. Кейинчалик олим бу ҳақда мақолалар ҳам эълон қилди.
1990 йили камина Теҳрондан Абулқосим Фирдавсий “Шоҳнома”сининг минг йиллигига бағишланган халқаро анжуманга таклиф этилдим. Сафар олдидан бир-икки ташкилот ва китобхонларга дастхатга оид алоқа хатлари расмийлаштириб олган эдим. Шулар ёрдамида дастхат сақланаётган жойни аниқлаш ҳамда уни кўриш тараддуди бошланади.
Ниҳоят, 1991 йил 1 январь куни Эрондаги “Кохи Гулистон” номли музей фондига бордик. Музей қўлёзмалари бўлим мудири Оқойи Алоний Навоийнинг табаррук дастхатини келтириб қаршимга қўйди. Қўлёзма шарҳи орасида алоҳида саҳифада девондан бир бет намуна берилган.
Унда Навоийнинг икки ғазали тўла ва бир ғазал матлаи мавжуд:
1. Демангиз, аҳбобким, қилмасмусен бас йиғламоқ
    Ким, манга тенгри насиб этмиш туганмас йиғламоқ. 
2. Кўнглум бўлур ғаминг туни ҳар лаҳза қайғулуқ,
    Чун шом бўлди, ҳар нафас ортар қоронғулиқ.
3. Биров жисмиға отса ул сийматан ўқ
    Менинг жонима сончилур юз туман ўқ.
Бу ғазаллар Навоий томонидан тузилган “Хазойин ул-маоний”га киритилган. Диққатга сазовор жиҳати шуки, дастлабки ғазал биринчи девон — “Ғаройиб ус-сиғар”га, иккинчи  ғазал учинчи девон “Бадоеъ ул-васат”га ва учинчи ғазал тўртинчи девон  “Фавойид ул-кибар”га киритилган бўлиб, учаласи уч девонда 320-ўринда келади. Бу ҳол Навоийнинг “Хазойин ул-маоний” устида нечоғли жиддий ишлаганидан далолат беради.
1991 йил 7 июнь куни Навоий дастхатининг микрофильми Тошкентга етиб келди. Муҳр катталаштирилгач, ундаги сўзларни аниқлаш имкони яралди ва қуйидагича ўқилди: “Кун фи-д-дунё кааннака ғарибун ав обиру сабилун ал-фақир Алишер” (яъни Сен дунёда ғарибдек ёки мусофирдек яшагил, фақир Алишер).
Шундай қилиб, Навоийнинг юқоридаги эътирофлари ва уларни ўз муҳри билан тасдиқлаши, шоир асарларининг кўплаб қўлёзмаларини кўздан кечирган, синчиклаб ўрганган Маҳдийхон Астрободийнинг шаҳодати ва муҳрининг босилганлиги бу қўлёзмани Навоий дастхати эканлигига ёрқин далилдир. Ана шу мўътабар дастхатнинг топилиши, Алишер Навоийнинг шахсий муҳри аниқланиши ўзбек маданияти тарихида, хусусан, навоийшуносликда унутилмас воқеадир.
Алишер Навоийнинг табаррук дастхати унинг таваллудига 550 йил тўлиши муносабати билан нашр этилди. Дастхат микрофильмининг Тошкентга келтирилиши ва илмий жамоатчилик, кенг кўламдаги шоир мухлисларига етказилишида  Президентимиз Ислом Каримовнинг улкан кўмак ва хизматларини бениҳоя миннатдорлик билан эътироф этамиз.

«Маҳбуб ул-қулуб»
Бу асар Алишер Навоийнинг умри охирида (1500-1501 йилда) ёзилган. У муаллифнинг ғоят мазмунли ва сермашаққат ҳаёти давомида тўплаган бой тажрибаси ҳамда хулосаларининг йиғиндисидир.
Навоий мазкур асарни яратишда кўзланган мақсади ҳақида асар муқаддимасида шундай ёзади: “...болаликдан то қариликка қадар кўҳна даврон воқеаларидан, айланувчи осмон ҳодисаларидан, фитна қўзғовчи дунё буқаламунлигидан (товламачилигидан) замонанинг ранг сингари гуногунлиғидан кўп вақт ва узоқ муддат ҳар хил хаёл ва тараддудлар билан дайдиб юрдим, ҳар тавр ва равишда бўлдим ва турли йўлларга кирдим, яхши-ёмоннинг хизматини қилдим, катта-кичикнинг суҳбатида бўлдим, гоҳ хорлик ва қийинчилик вайронасида нола қилдим, гоҳо иззат ва маъмурлик бўстонида мажлис қурдим... Йўқсуллик ва камбағаллик пайтларимда, фалокатли замонларда ва ноумид юрган пайтларимда баъзан илм-фан мадрасаларида қуйи сафлардан жой олдим ва олимлар мажлисида илм нуридан кўнглимни ёритдим... Мақсадим шуки, ҳар йўлда юрдим, оламда бўлмиш ҳар навъ одам билан кўришдим, катта-кичикнинг феълу атворини ўргандим, яхши-ёмоннинг хислатларини тажрибадан ўтказдим, яхшилик ва ёмонликларнинг шарбатини ичиб, заҳрини тотиб кўрдим. Бахил ва пасткашларнинг захмини, саховатли кишиларнинг малҳамини кўнглим дарҳол сезадиган бўлиб қолди. Шу жиҳатдан, ҳамсуҳбатларни ва дўст-ёронларни бу ҳоллардан огоҳ ва хабардор қилмоқ вожиб кўриндики, токи уларда ҳам ҳар тоифанинг хислати ҳақида билимлари ва ҳар бир табақанинг аҳволи ҳақида тушунчалари бўлгай...”
Кўринадики, Навоий бу асарида ҳам инсон ҳақида қайғуради. Унинг дардини чекади, инсонийликка ярашадиган фазилатларни мадҳ этади, унга зид бўлган иллатлардан нафратланади. Бинобарин, инсонпарварлик, халқпарварлик бу асарнинг асосий ғоясидир.
Шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, асар муқаддимасида ўз аксини топган муаллифнинг умидсизлик кайфияти, ҳорғинлик ҳолати бутун китоб учун хос эмас. Муаллиф ўзининг келажак авлодларга қаратилган энг покиза туйғуларини, доно ўгитларини асарга ғоят катта дадиллик ва ўзига хос қатъийлик билан теран мазмун ҳамда сержило бадиий бўёқларда баён этади.

«Муҳокамат ул-луғатайн»
Маълумки, халқнинг маданиятини юксалтиришда энг муҳим восита тилдир. Алишер Навоий “Муҳокамат ул-луғатайн” асарини ўзбек тилини (Навоий уни “туркий тил” деб атайди — С.Ғ.) адабий тил мавқеига кўтариш учун олиб борган курашининг назарий якуни сифатида яратди. Унда ўзбек тилининг бойлиги, имкониятлари тилшунос олимларимиз томонидан илмий асослаб берилган — Навоийнинг бу соҳадаги хизматлари ҳам далилланган.
Навоий ўзининг ғоят серқирра ва мазмундор ижодини қадимги ўзбек ва форсий тилида яратилган адабиётлардаги бой анъаналар заминида юзага келганини қайта-қайта таъкидлаб ўтади. “Муҳокамат ул-луғатайн”да ана шу масала юзасидан билдирилган муҳим қайдлар мавжуддир.
Навоий асарда форсийда яратилган адабиётнинг машҳур намояндаларини ҳурмат билан тилга олади. Бу адабиётда эришилган ютуқларни улкан адабиёт тарихчиси ва танқидчиси сифатида ҳаққоний баҳолаб ўтади. Жумладан, у Амир Хусрав Деҳлавийнинг лирик шеърияти ҳақида ёзади: “Амир Хусрав Деҳлавий девониким, ошиқликда дарду ниёз ва сўзу гудоз тариқин ул мунташир қилди ва онинг ишқи машъалидин бу партав олам тийра хокдониға ёйилди”.
Дарҳақиқат, Шарқ шеъриятида ишқ мавзуини ёниқ эҳтирос билан тараннум этган бу улкан сўз санъаткори шеъриятидаги нозик, мўъжаз ва гўзал бадиий ифода услуби Навоийга баракали таъсир кўрсатгандир. Умуман, Навоий Хусрав Деҳлавий ижоди ҳақида “Хазойин ул-маоний” таркибидаги ғазал ва қитъаларда, “Бадое ул-бидоя” дебочасида, “Маҳбуб ул-қулуб”да, “Хамса”да тўхталиб ўтади. Навоий “Девони Фоний”га кирган кўпгина ғазалларини Хусрав Деҳлавий ғазалларига татаббуъ қилиб яратар экан, у ижодкорнинг бадиий санъатдаги маҳоратидан таъсирланиб, уни ҳар бир ғазалдаги ғоявий ниятига уйғун тарзда такомиллаштиришга интилади.
Худди шунингдек, Навоийнинг Саъдий, Ҳофиз Шерозий ва Абдураҳмон Жомий ижодига ҳам зўр қизиқиш ҳамда эҳтиром билан қараши асарда таъкидланади.
“Муҳокамат ул-луғатайн”да Навоий ўзи ҳақида, ижодининг мамлакат маданий ҳаёти тарихидаги аҳамияти ҳақида ҳам жуда мароқли маълумотларни баён этадики, бу ҳам асарнинг адабиёт тарихи учун зарур бўлган яна бир фазилатидан далолат беради. Шунингдек, “Муҳокамат ул-луғатайн” Навоий ижодидаги илмий насрнинг гўзал намунаси сифатида ҳам қимматли ёдгорликдир.

Танбиҳлар

Олижаноблик ва мардлик тўғрисида
Карам — бир жафокашнинг оғир юкини кўтармоқ ва ўша юкнинг машаққатидан уни қутқармоқдир. Карам — бировнинг тиканли машаққат юкини кўтармоқ ва тикан санчилишидан гулдек очилмоқ ва шу қилган иши ҳақида қайта оғиз очмаслик; ҳеч миннат қилмаслик, асло юзига солмаслик...

Вафо тўғрисида
Вафо — шундай бир покиза кўнгулли маҳбубаки, у табиати ва кўнгли пок бўлмаган кимсага ром ва улфат бўлмайди; вафо шундай бир покзот матлубаки, у зоти тоза, табиати пок бўлмаган одамга яқинлашмайди ва унга рағбат кўрсатмайди. Вафо — шундай асл гавҳарки, у инсоният тожига зийнатдир.

Тавозеъ ва одоб тўғрисида
Тавозеъ (одоб сақлаш, хокисор бўлишлик) — кишига халқнинг муҳаббатини жалб қилади, одамларни у билан дўстлаштиради. Тавозеъ — дўстлик гулшанида тоза гуллар очади ва гулшандан ошналик ва улфатчилик базмига хилма-хил гуллар сочади. Тавозеъ — такаббур мухолифга мулойимлик ва камтарлик йўлини кўрсатади; гердайган душман кўнглида инсонийлик завқини қўзғатади. Қайта-қайта кўрсатилган тавозеъ — ҳаёсиз такаббурни уят чегарасига томон йўллайди ва ҳаддан ташқари инсофсиз душманни ёмонлик қилишдан қайтаради.
Одоб — кичик ёшлиларни катталар дуосига сазовор этади; ёшлар у дуо баракасидан умрбод баҳраманд бўладилар. Одоб — улуғлар кўнглида ёшларга меҳр уйғотади ва у одобли ёшга бўлган муҳаббат кўнгилда абадий қолади. Ёшларни кўзга улуғ қилиб кўрсатадиган феъл-атвори одобдир, одоблиларнинг юриш-туришида  халқ улуғворлик кўради.

Қаноат тўғрисида
Қаноат — бир чашмадирки, олган билан унинг суви қуримайди, у бир хазинадирки, ундаги бойлик сочилгани билан камаймайди. У бир экинзорки, уруғи иззат ва шавкат ҳосилини беради; у бир дарахтдирки, унда қарам бўлмаслик ва ҳурмат меваси бордир.
Қаноат — киши кўнглига равшанлик етказади; кўз ундан ёруғлик касб этади. Қаноатга одатланган фақирнинг ёвғон умочи — олғир бойнинг новвоту ҳолвасидан тотлироқдир.

Сабр тўғрисида
...Сабр — аччиқ, аммо фойда берувчи; у — қаттиқ, аммо зиён-заҳматни даф этувчи. Қайси бахтсиз сабр этагини тутган бўлса, у охири ўз муродига етади; қайси бир гирифтор кўнгул сабр тугунини бўшатмаган бўлса, унинг бахт тугуни очилади. Сабр шодликлар калитидир, бандларни ечувчидир. Сабр ўртоқдир, суҳбати зериктирарли, аммо мақсадга олиб борувчи; сабр улфатдир, узоқни кўзлаган; аммо охирда истакка етказувчи. Сабр уловдир — секин юрадиган, аммо манзилга элтувчидир. Сабр — туядир: оғир қадам, лекин бекатга олиб борувчидир. Сабр — насиҳатгўй, ачитиб гапирадиган, киши табиати ундан озор чекади, лекин амал қилган охирда муродига етади. Сабр — табиб, бадхўр дори, бемор ундан азоб тортади, аммо сўнггида соғлиққа эришади.

«Табъи барча фунунға муносиб»
(Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад)
Тарихий ва адабий манбаларнинг хабар беришича, Паҳлавон Муҳаммад ўз даврининг машҳур билимдони, маданиятли ҳамда гўзал инсоний фазилатларни ўзида мужассам этган нодир шахсларидан бири бўлган.
Алишер бу мўътабар зот билан 40 йил мобайнида яқин дўст бўлган. Бу нарса Паҳлавон Муҳаммаднинг улуғвор ва нуроний сиймо эканлигидан далолат берувчи ғоят муҳим омиллардандир. Навоийнинг таъкидлашича, Паҳлавон Муҳаммад ўз даврининг йирик қомусий билимга эга бўлган фозилларидан эди. Фаннинг бирон соҳаси йўқки, ундан Паҳлавон Муҳаммад бехабар бўлсин. У астрономия ва математикада, кимё ва фалсафада, адабиётшунослик ва санъатшуносликда, ҳуқуқшунослик ва бошқа билимларда ном чиқарган эди. Навоий бу ҳақда шундай деб ёзади: “Чун қобилияти баланд тушгандур ва мулоямати табъи барча фунунға муносиб ва баҳраманд воқиъ бўлгандур. Кўп фазойил ва камолот ҳам касб қилғондурким, замон аҳли борчада Паҳлавонни мусаллам тутар эрдилар...”
Навоийнинг айтишича, Паҳлавон Муҳаммад бадиий ижоднинг, айниқса, муаммо, таърих турларида катта маҳорат кўрсатган. “Жамъики муаммо айтурлар, басе заҳмат била бир байтдин ё бир рубоийдин бир исм ҳосил қилурлар. Паҳлавон устод абъётидинким, қойил муаммо қасди қилмамиш бўлғай, табъи ўзи била исмлар пайдо қилиб эрди”, деб таъкидлайди Навоий.

Рубоий
Ҳар кимки, қаноат тарафи нисбати бор,
Борча эл аро тавозеу иззати бор,
Улким тамау ҳирс била улфати бор,
Яхши-ямон ичра зиллату накбати бор.

Байт
Кимки бир шиддат аро сабру таҳаммул айлади,
Бахт анинг нишини нўшу хорини гул айлади.

Саҳифа Тошкент давлат шарқшунослик институти профессори,
Ўзбекистон Қаҳрамони Суйима ҒАНИЕВА
тадқиқотлари асосида тайёрланди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn