Меҳри дурахшон дегил
  • 17 Октябрь 2015

Меҳри дурахшон дегил

Ҳазрат Алишер Навоий асарларида Ватан мавзуси, ватанпарварлик ғояси муҳим ўрин тутади. Улуғ мутафаккир туғилиб ўсган шаҳрини қайноқ муҳаббат билан севган. “Ҳайрат ул-аброр”да ўз киндик қони томган замин таърифига алоҳида мақолат бағишлаган бўлса, “Садди Искандарий” достонида ҳам Хуросону Мовароуннаҳрни мадҳ этади.

Улуғ шоир талқинича, Ватан жаннат боғларидан афзал, фалакдан ҳам кенг, еттинчи осмондан-да юксакдир. Ватан — дурри тобон, Ватан — нур, Ватан — меҳри дурахшон, Ватан — султон, Ватан — тану жон:
Машъала йўқким, дури тобон дегил,
Дур демагил, меҳри дурахшон дегил.
Кўк ети иқлимида султон ҳам ул,
Балки алар борча тану жон ҳам ул.
Она-юртнинг жуғрофий муҳити, обу ҳавоси, кўрку таровати, олтинга тенг тупроғи, тоғлари, саҳролари, сабзаю райҳонлари, нурафшон фаслларининг олтин товланишларини нозик ва самимий севги билан тараннум этган ҳассос шоир яна ёзади:
Ерда бу иқлим эрур дилпазир,
Кўкта қуёш торамидек беназир.
Файласуф шоир талқинича, Ватан тупроғида нашъу намо топган ҳар бир дарахт юз гул очади, ундаги ҳар гулнинг муаттар ҳиди бир йиғоч масофага тарқалади. Она-юрт ариқларида оққан зилол сувнинг садоси булбуллар хонишларига уйғундир:
Сув тараб ангез чекиб ғулғула,
Ўйлаки ишрат нафаси булбула.
Ҳазрат Алишер Навоий табаррук қадами етган ҳар бир муқаддас тупроққа ҳамиша чексиз ҳайрат-ҳаяжон, юксак эҳтиром ва садоқат билан муносабатда бўлган. Улуғ мутафаккир азиз пойи теккан юртнинг ҳар бир гўшаси ҳақида ўлмас сатрлар ёзиб қолдирган. Бугун ўша битиклар юз йиллар синовидан ўтиб, тарих зарварақларида ўчмас ёдгорликка айланди. Чунончи, шоир беш йилга яқин умри (1466 — 1469 йиллар) кечган Машриқнинг қадимий шаҳри Самарқандни “Садди Искандарий” достонида афсонавий жаннат боғи ила тенг кўради:
Жинонваш Самарқанд мавжуд йўқ,
Ки қилмиш бино они Искандар — ўқ.
Ожизу нотавонлардан марҳаматини аямаслик, мазлумларга беминнат ёрдам бериш, беозорлик, кўнгил юмшоқлиги, собирлик, маънавий шижоат, лутфу муроса, ростгўйлик, одиллик, нозик эҳтиром, эзгулик йўлида чекилган заҳматни ёқимли изтироб ўрнида қабул қилиш, эл манфаати йўлидаги машаққатдан роҳатланиш ҳазрат Алишер Навоий шахсига хос хусусиятлардир. Айни шу фазилатлар она-юрт ҳақида латиф мисралар битишга йўл очган. Бу ўлмас битиклар ҳозирги ёшларни она-Ватанга, мустақиллик ғояларига садоқат руҳида тарбиялашга хизмат қилаётгани билан янада қадрлидир.

Шавкат ҲАЙИТОВ,
Бухоро давлат университети ўқитувчиси,
филология фанлари номзоди, доцент.

Илм — саодат гавҳари
Шоирлар султони ўз қаҳрамонлари тимсолида маънавий, ақлий, жисмоний ҳамда руҳий етукликка хос фазилатларни акс эттириб, уни бошқаларга ибрат мезони сифатида ифодалайди. Шоирнинг бу истак-хоҳиши  бугунги кунимизнинг устувор вазифаси — баркамол авлод тарбиясининг бош мақсадига айланган, десак, янглишмаймиз. Шу боис Президентимизнинг “Юксак маънавият — енгилмас куч” асарида таъкидланганидек: “Биз бу бебаҳо меросдан халқимизни, айниқса, ёшларимизни қанчалик кўп баҳраманд этсак, миллий маънавиятимизни юксалтиришда, жамиятимизда эзгу инсоний фазилатларни камол топтиришда шунчалик қудратли маърифий қуролга эга бўламиз”.
Чиндан ҳам, Алишер Навоий миллатимизнинг ғурури, шаъну шарафини дунёга тараннум қилган ўлмас сўз санъаткоридир. У уммон каби чексиз шеъриятидан ташқари, “Хамса” каби йирик юксак бадиий, “Маҳбуб ул-қулуб” сингари тенгсиз ахлоқий асарларида, шунингдек, “Муножот”, “Вақфия”, “Мажолис ун-нафоис” каби битикларида тарбияга оид қарашларини ифода этади. Чунончи, у “Маҳбуб ул-қулуб”да илм ўқиб, амал қилмаган кишини шудгор қилиб, деҳқончилик қилмаган ёки уруғ сочиб, ҳосил кўтармаган кишига ўхшатади:
“Илм ўқиб, қилмағон амал мақбул,
Дона сочиб, кўтармади маҳсул”.
Аллома ўзининг “Ҳайрат ул-аброр” достонида шахснинг касбий фаолиятидан келиб чиқадиган муносабат тарбиясига хос фаолликни миллий руҳда асослаб берган. Ушбу достоннинг муҳим бир хусусияти шундаки, асарда юксак инсонийлик муносабатлари ўзининг теранлиги, халқчиллиги, тилининг бойлиги ва равонлиги билан ажралиб туради. Ундаги ғоялар бола шахсида меҳнатга, ўз касб-корига, оиласига, ота-онасига, юртига меҳр-муҳаббат ҳиссини уйғотади. Асардаги юксак ахлоқий муносабатлар эса комиллик сари  интилишга асос бўла олади.
Шоирнинг таълим-тарбияга оид асарларида инсоннинг ҳар томонлама баркамол бўлиб етишишида унинг жисмонан бақувват бўлишига ҳам урғу берилган. Чунончи, буни Фарҳод, Қайс, Искандар каби сиймоларда кўрамиз. Шунингдек, унинг тасаввуридаги комил инсонга хос энг юксак фазилатлар қаторида ижодкорлик, қобилият, илм-фанга муҳаббат муҳим ўрин тутади. Ҳазрат Навоий комил инсон тарбиясида илм-фаннинг аҳамиятини талқин этар экан, илмни қоронғиликни ёритадиган чироқ, ҳаёт йўлларини нурафшон этадиган қуёш, одамларнинг ҳақиқий қиёфасини кўрсатадиган омил сифатида таърифлайди. Бу фикрини “Назм ул-жавоҳир” асарида шундай ифодалайди:
Ким олим эса, нуқтада барҳақ де они,
Гар базм тузар, биҳишти мутлақ де они,
Ҳар кимсаки, йўқ илм анга аҳмақ де они,
Мажлисдаки илм бўлса учмақ де они.
Яъни илмли, оқил одам ўз мақсадига эришиш учун ҳар қандай қийинчиликни енгиб ўтади, ким илмни ўзига таянч қилиб олса, у ҳеч қачон қоқилмайди, хор бўлмайди. Илмнинг вазифаси инсон бахт-саодатига хизмат қилишдир, деб таъкидлайди шоир.
Навоийнинг қарашлари, олға сурган фалсафий-ахлоқий фикрлари бир халқ, бир мамлакатга эмас, бутун башариятга тегишлидир. Худди шу маънода, Ҳазрат Навоий ижоди замонлар оша бадиий тафаккур оламида давр билан боғлиқ ҳолда янгича маъно, янгича оҳангда жаранглайверади. Навоий асарлари бизни янги қарашлар, комиллик ва умуминсонийликка даъват этаверади.

Мақсуда САРИБОЕВА,
Гулистон давлат университети доценти.

ЭЪТИРОФ ВА ЭҲТИРОМ
Алишер Навоийнинг шоҳ асари — “Хамса” жаҳон адабиётида ўзининг муносиб ўрнига эга.
Асар таркибига кирувчи “Сабъаи сайёр” достони асосида XVII асрда грузин шоири Нодар Цициашвили “Барамгуриани” асарини яратган.

Ҳиндистонда Алишер Навоийнинг таржима қилинган асарлари орасида кенг тарқалгани “Мажолис ун-нафоис”дир. У форс тилига бир неча бор ўгирилган. Бу борада Султон Муҳаммад Фахрий (1521 й., Ҳирот), Муҳаммад Қазвиний (1523 й., Стамбул) ва Шоҳали Абдулалининг (1598 й., Нишопур) хизматлари беқиёс.

XVI асрнинг охирлари — XVII асрнинг бошларида Навоий асарлари итальян тилида 4 марта, немис тилида 5 марта чоп этилган. Булар орасида “Фарҳод ва Ширин”,

“Муҳокамат ул-луғатайн”, “Маҳбуб ул-қулуб” каби асарлар бор.

Ҳиммат водийсининг ҳикмати
Ҳотами Тойига бир кўнгли очиқ одам деди:
— Эй, ҳимматда эркин табиат киши, сахийлик кафтингга одат бўлганидан буён ўзингга ўхшаган кишини ҳеч кўрдингми?
У деди:
— Бир кун мен ҳамма учун йиғин қилдим. Унга ўша чўлдаги одамларнинг барини чақирдим. Пишириш учун юзта туя қурбон қилинди, сўйилган қўй-қўзиларнинг ҳам сон-саноғи йўқ эди. Базм бўлиб турган вақтда бирпас ҳаво олгим келиб, дашт томонга чиқдим. Айланиб юриб, меҳнатда эзилган бир қари чолни кўрдим. У орқасига бир қучоқ тикан-ўтин ортган эди. Гавдасини у юк эгиб, вужуд уйига ҳассадан устун тиркаган эди. Ҳар қадам ташлаганда, бирпас тўхтаб, ҳар дам олганда маълум бир фурсат ўтарди. У чекаётган азоб ўти кўнглимни ёндириб, раҳм-шафқат билан унга шундай хитоб қилдим:
— Эй қаддини машаққат юки буккан, танасида ғам тиканлари ўрнашган одам! Даштда юриб хабаринг бўлмадими? Нега Ҳотамнинг уйига бормадинг? У ҳаммани ўзининг уйига чақириб, яхши-ю ёмонни бугун меҳмон қилмоқда-ку. Ўтинни ташла, иззат гулшанига бор, машаққат чекиб ўлтирмай, тур, чақириққа бор!
У менинг унинг аҳволидан изтироб чекканимни тушуниб, бош кўтариб кулди-ю, шундай жавоб берди:
— Эй, оёғини очкўзлик банд этган, бўйнига ғараз ва қизғончиқлик сиртмоқ бойлаган, эй ғайрат водийсида қадам босмаган, ҳиммат қалъасига байроқ тикмаган одам, сен ҳам бу тикан ташиш азобини тортиб кўр. Ҳотами Тойи миннатини эса торта берма. Қийналиб, машаққат билан бир танга топиш биров берган хазинадан яхшироқдир.
Унинг сўзлари шундай ўринли эдики, шунинг учун ҳам унинг ҳиммати меникидан ортиқ эди.

Алишер Навоийнинг «Ҳайрат ул-аброр» достони (насрий баёни)дан.

FАЗАЛ БЎСТОНИ

«Жаҳон таркини қилма...»
Жунун водийсиға мойил кўрармен жони зоримни,
Тилармен бир йўли бузмоқ бузулғон рўзғоримни.

Фалак  бедодидин гарчи мани хокий ғубор ўлдум,
Тилармен, топмағайлар тўтиёлиғқа ғуборимни.

Шак эрмас партави тушгач уйи ҳам, рахти ҳам куймак,
Чу гўристон гадойи сезмагай шамъи мазоримни.

Деманг, қай сори азм этгунг, манга йўқ ихтиёр,
Охир — Қазо илкига бермишмен инони ихтиёримни.

Туганди ашки гулгун, эмди қолмиш заъфарони юз,
Фалак зулми бадал қилди хазон бирла баҳоримни.

Диёрим аҳли бирла ёрдин бошимға юз меҳнат,
Не тонг, бошим олиб кетсам қўюб ёру диёримни.

Ёмон ҳолимға бағри оғриғай ҳар кимсаким кўргай,
Бағир парголасидин қонға булғонғон узоримни.

Ҳаётим бодасидин саргаронмен асру, эй соқий,
Қадаҳқа заҳри қотил қуй, доғи дафъ эт хуморимни.

Жаҳон таркини қилмай чунки тинмоқ мумкин эрмастур,
Навоий, қил мени озод ўртаб йўқу боримни.

ҚИТЪАЛАР
Замонда ҳусн элига жон фидо қилиб, не навъ
Вафони мен кеби бир бенаво тамаъ тутқай.

Замона аҳлида йўқтур вафо — не еткай анга
Ки, кимса хўбларидин вафо тамаъ тутқай.

Ҳар кишиким топса даврон ичра жоҳу эътибор
Ким, анинг зотида бедоду ситам бўлғай қилиғ.

Яхшилиғ гар қилмаса, бори ёмонлиғ қилмаса
Ким, ёмонлиғ қилмаса, қилғанча бордур яхшилиғ.

Fалати муддао
Мусиқий фанида даврнинг ягонаси Мавлоно Алишоҳ бир куни давлати олий ҳазрат (Алишер Навоий)га арз қилиб: “Сизнинг олий илтифотингиздан ва марҳаматингиздан умид шуки, вақф бошқарувчилари олти ойлик маошимни бирданига берсалар, токи мен ҳар ойда хизматчиларга бош оғриғи бўлиб юрмасам”, — деди. Олий ҳазрат жавоб бериб: “Мавлоно, — деди, — умрингиздан олти кун қолганми, йўқми — бизга маълум эмас. Сиз нима учун амонат ҳаётга мунчалик кўнгил қўйиб, келажак олти ойлик маошни талаб қиласиз?” Мавлавий жавоб берди: “Сиз фармон беринг, у пулларни бераверсинлар. Борди-ю, ўлиб қолсам, гўр-кафанимга яраб кетар”. Олий ҳазрат: “Ўлиги ҳам бир бало, тириги ҳам бир бало”, деганлари сиз экансиз-да”, деди.
Хондамирнинг «Макорим ул-ахлоқ» асаридан.

РУБОИЙЛАР
Будур тилагимки, улки маъбудунг эрур,
Туткай сени улёнки, сенинг судунг эрур.
Кўнглунгга етургай улча беҳбудунг эрур,
Илгингга кетургай улча мақсудунг эрур.
Сен борғали ортмиш кўнгул зорлиғи,
Оҳ ўқларидин ҳар нафас афгорлиғи.
Билмон, унутулғонму экандур манга ҳажр,
Ё кўпрак эрур бу қатла душворлиғи?
Кўнглум гулу сарв майли қилмас, нетайин?
Сарву гул ила даме очилмас, нетайин?
Дар шўх кўрунса, кўзга илмас, нетайин?
Бир шўхким, ул тилар — топилмас, нетайин?
Эй, жони ҳабибу кўнгли аҳбобға лол,
Мен ҳам қилдим жону кўнгулни ирсол.
Кўнглумга бер аҳбоб била жоми висол,
Жонимни ҳабиб аёғи туфроғиға сол.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn