Лангар ота қадамжоси синоати
  • 09 Октябрь 2015

Лангар ота қадамжоси синоати

Қамаши туманининг жануб томонида Лангар ота зиёратгоҳи бор. Лангар қишлоғидаги ушбу масканга нафақат юртимизнинг турли бурчакларидан, балки хорижий мамлакатлардан ҳам сайёҳлар ташриф буюради.

Қишлоққа яқинлашиб бораверсангиз, баланд қир устида қад ростлаб турган мўъжаз мақбара кўзга ташланади. Бу ернинг манзараси ҳам ўзига хос. Табиат ва инсон қўли билан барпо қилинган гўзаллик ўзаро уйғунлашиб кетган. Чор-атрофдаги адирларда табиий пистазорлар ястаниб ётибди. Қирнинг ёнбағридаги йўлак эса мақбара томон элтади. Унинг гумбази оқ тусда бўлиб, ички ва ташқи томони нафис ҳамда ранг-баранг нақшлар билан безатилган. Деворлари қизғиш рангли ғиштдан барпо қилинган ва Қуръон оятлари, ҳадислар нақш усулида ўйиб ёзилган.
Мутахассисларнинг хулосасига кўра, ушбу тарихий иншоот XV-XVI асрларда қурилган. Мақбарани безашда қимматбаҳо қурилиш материалларидан фойдаланилган. Ўз даврининг ижодкор усталари оддий ганчдан мураккаб нақшлар ансамблини яратган.
Бу ердаги Лангар масжиди, Қуръони каримнинг энг қадимий нусхаси, Пайғамбаримизнинг муборак ҳолда сақланиб келинаётган килофи тўнлари — Ҳирқайи асрлар давомида зиёратчиларни ўзига жалб этиб келади.
Мустақиллигимиз шарофати билан эса зиёратгоҳдаги тарихий обидалар қайта реконструкция қилинди, 2013 — 2015 йиллар даврида Қашқадарё вилоятида туризм соҳасини ривожлантириш Дастурига мувофиқ, шунингдек, қадамжода янада кенг кўламли реставрация ишлари олиб борилмоқда. Демак, у қайта чирой очиб, гўзаллигу латофати билан вилоятимиз аҳлини, меҳмонларни мафтун қилишда давом этади.

Ғози РАҲМОН,
ёзувчи.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn