Тарих билан бўйлашган кўприк
  • 09 Октябрь 2015

Тарих билан бўйлашган кўприк

Қарши шаҳридаги кўҳна Қашқадарё кўприги ўз замонасида йирик архитектура иншоотларидан бири бўлганлиги қадимий манбаларда қайд этилган. У неча-неча асрлар давомида нафақат аҳоли ва карвонлар манзилини яқин қилган, балки шаҳар мудофаасини таъминлашда ҳам стратегик аҳамият касб этган.

Ушбу кўприкнинг ўзига хос тарихи бор.
Маълумки, Амир Темур бобомиз чўлу биёбонларни ободонлаштириш ва деҳқончиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратган. “Ҳар бир шаҳарда масжидлар, мадрасалар, хонақоҳлар, ҳаммомлар қуришни, мусофир йўловчилар учун йўл устида работни бино қилишни, дарёлар устида кўприклар бунёд этишни буюрдим. Кимки, бирон саҳрони обод қилса ёки бирон боғ кўкартирса ёхуд бирон хароб бўлиб ётган ерни обод этса, биринчи йили ундан ҳеч нарса олинмасин, учинчи йили, қонун-қоидага мувофиқ, хирож йиғилсин”, деб ёзган эди ўз битикларида Соҳибқирон.
— Тарих ҳам, тақдирлар ҳам ўхшаш бўлишини инкор этиб бўлмайди, — дейди таниқли олим Поён Равшанов. — Мўғуллар билан юрт озодлиги учун ҳаёт-мамот кураши олиб бораётган Амир Темур болаликдан Қарши шаҳрини яхши билган, унга ихлоси баланд бўлган. Шу боис биринчи галда уни ёғийлар қўлидан қутқарган. 1365-1366 йилларда шаҳарнинг истеҳком деворини мустаҳкамлайди, масжидлар қуради, қалъа ичига оқар сув келишини таъминлайди. Шаҳрисабздан 20 — 30 метрлик баҳайбат теракларни келтириб, Қашқадарё устида карвонлар ўтадиган катта кўприк бунёд этади. Кўприк учун танланган жой ниҳоятда қулай бўлиб, бу ерда дарёнинг тик қирғоқлари торайиб келарди. Шу сабабли кейинчалик барпо этилган ғиштин кўприк ҳам айнан шу жойда қурилади.
Бугунги кунда қаршиликлар уни “Амир Темур кўприги” деб аташади. Давлатимиз раҳбарининг Қашқадарёга сафари чоғида берган кўрсатмаларига асосан, ушбу кўприк атрофини аҳолининг мазмунли ҳордиқ чиқариш масканига айлантириш, обод қилиш, йўл ва дарё бўйларида ҳудуднинг табиий иқлим шароитига мос манзарали дарахтларни кўпайтириш, дарё соҳилида турли тадбирлар ўтадиган баҳаво ҳамда гавжум гўша барпо этишга киришилди.

Аҳад МУҲАММАДИЕВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn