Ноёб қушлар макони
  • 23 Сентябрь 2015

Ноёб қушлар макони

Юртимиз табиати — бетакрор. Заминимиз ҳайвонот ва наботот оламида кўплаб ноёб ўсимлик ҳамда ҳайвон турлари учрайдики, улар ён-атрофга гўзаллик бағишлаш баробарида, табиат мувозанатини сақлашда ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Шу билан бирга, табиат мутаносиблиги кўп жиҳатдан инсоният фаолияти билан чамбарчас боғлиқ. Аммо ҳозирги кунга келиб, кундалик эҳтиёж учун дарахтларнинг кесилиши, сув ёки ердан унумли фойдаланмаслик, жонзотларнинг ноқонуний овланиши сингари салбий ҳолатлар унинг издан чиқишига сабаб бўлмоқда.
Мутахассисларнинг фикрича, айни пайтда дунё бўйича олтмиш мингга яқин ўсимлик, етти мингдан ортиқ ҳайвон турлари йўқолиб кетиш арафасида турибди. Устига устак, охирги ўн йилликлар мобайнида табиий бойликлардан фойдаланишнинг ортиши оқибатида кўплаб ҳайвон ва қушлар антропоген  таъсири остида қолиб, уларнинг яшаш жойлари ҳамда сони қисқарган бўлса, баъзилари бутунлай йўқ бўлиб кетди. Шу боис эндиликда иқлим ўзгариши, атроф-муҳит муҳофазаси, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, биохилма-хилликни сақлаш ва тиклаш сингари масалалар ечимини топиш дунё ҳамжамиятини ўйлантираётган долзарб муаммога айланмоқда.
Айтиш жоизки, мамлакатимизда истиқлол йилларида табиатни асраш, унинг бойликларидан оқилона фойдаланиш, қўриқхоналар фаолиятини янада ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаяпти.  Бунинг учун ҳуқуқий асослар яратилаётир. Ўсимлик ва ҳайвонот оламини асраш бўйича махсус дастурлар ишлаб чиқилиб, уларни кўпайтириш чоралари кўрилмоқда. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси қошидаги “Жайрон” экомаркази нафақат республикамизда, балки дунё миқёсида энг йирик питомник ҳисобланади.
Бундан ташқари, ҳозирги кунда юртимизда экзотик ҳайвонларни кўпайтириш бўйича 22 та, ёввойи ҳайвонларни асраш борасида 19 питомник ҳамда 13 та ҳайвонот боғи рўйхатга олинган. Уларда Северцов қўчқори, Бухоро буғуси, Бухоро тоғ қўчқори, жайрон, қулон, Прежевал оти ва бошқа ҳайвон турлари парваришланмоқда. Энг муҳими, питомниклар браконьерлардан ушлаб қолинган ёки табиий муҳитдан ажратиб олинган жонзотларга ёрдам бериш билан бирга, турли илмий тадқиқот ишларини олиб бориш учун ҳам энг мақбул майдон саналади.  Пойтахтимиздаги Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Давлат бионазоратига қарашли ҳудудда жойлашган “Tugan Falconry Club” йиртқич питомниги — шулардан бири. Кеча қўмита томонидан оммавий ахборот воситалари ходимлари учун ушбу масканга медиатур ташкил этилди.
Питомник раҳбари Зокиржон Дониёровнинг айтишича, мазкур питомник мамлакатимизда ноёб  қушларни сақлаб қолиш мақсадида ташкил этилган. Чунки сўнгги пайтларда уларни ноқонуний овлаш ва сотиш ҳолатлари кузатилмоқда. Бу эса уларнинг яшаш тарзига жиддий таъсир қилаяпти.
Эътиборлиси, питомникда қушларга реабилитация маркази сифатида ҳам хизмат кўрсатилади. Жорий йилда унинг ходимлари саъй-ҳаракати билан браконьерлардан мамлакатимиз “Қизил китоб”ига киритилган ва ноқонуний равишда тутилган 45 та лочин  олиниб, табиат бағрига қўйиб юборилди. Айни чоғда питомникнинг ўзида лочиннинг бир неча тури кўпайтирилмоқда.
Медиатурда, шунингдек, мутахассислар томонидан журналистларга республикамизда ушбу йўналишда амалга оширилаётган бошқа тадбирлар ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn