Мўъжизавий тош
  • 11 Сентябрь 2015

Мўъжизавий тош

Нурота тоғ тизмасининг жанубий тармоқларидан бири Оқтоғ номи билан машҳур. Денгиз сатҳидан икки минг метр баландликда жойлашган ушбу тоғнинг узунлиги қарийб 70 километрни, эни 9,28 километрни ташкил этади. Жанубий ёнбағридаги ғаройиб табиат обидаси — Сангижуман интрузив-гранит массиви ушбу тоғ довруғини жаҳонга ёймоқда.

Гап шундаки, унинг антиқа шакл ва кўринишдаги тошлари дунё сайёҳлари ҳамда олимларини ўзига оҳанрабодек тортаяпти.
— Сангижуман тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади, — дейди навоийлик тадқиқотчи Зиёвуддин Қўзиев. — Бу ҳақдаги илмий фаразлар эса турлича. Баъзи олимлар тоғ 280 миллион йиллар муқаддам ер қаъридан кўтарилган суюқ ва қайноқ магматик жинслардан пайдо бўлса-да, ўз вақтида ер қобиғини ёриб чиқа олмасдан, тахминан 250 миллион йиллар аввал маълум чуқурликда қотиб қолган, деб ҳисобласалар, бошқалари бу ердаги жинслар бундан камида 10 минг йиллар илгари юзага чиққан, деган фикрни илгари сурадилар.
Яна бир гуруҳ олимлар эса Оқтоғнинг полеозой эрасининг герцин тоғ бурмаланиши босқичида қуруқликка айланиб яриморол кўринишида Тетис денгизидан чиқиб турган, сўнгра узоқ вақт ташқи кучлар таъсирида емирилиб, пасайиб қолган, дея тахмин қиладилар. Шу боис тошларнинг шаклу шамойили тўғрисидаги фикрлар ҳам юқоридаги каби бири-биридан фарқланади.
Айтиш жоизки, тоғ жинсларининг ноодатий шаклга эгалиги тектоник жараёнлар билан боғлиқ бўлиши билан бирга, табиий эрозиянинг натижаси ҳамдир. Бироқ бу ердаги айрим тошлар тош асри одамларининг антиқа санъати маҳсули бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Негаки, у давр одамлари харсангларни бундай шаклда йўниш борасида катта тажрибага эга бўлишган.
Минг-минг йиллаб ўз сиру синоатини яшириб келаётган улкан тошлар мажмуасидан бири Сангижуман харсангидир. “Сангижуман” форсча атама бўлиб, “тебранувчи тош” маъносини англатади. Мазкур тош водийни қоплаб ётган гранит тошларнинг йирик бўлаги бўлиб, унинг ўрни ўарбга чамаси 5-10 даража қия тушган. Айланаси 19 метр, диаметри 9 метр, баландлиги эса 6 метрга яқин. Олисдан боқсангиз, у худди тоғ лоласини эслатади.
Бу тошнинг “сири” тебранишидадир. Тахминий ҳажми 75-80 куб метрга, оғирлиги эса 250-270 тоннага яқин ушбу харсанг шунчалик енгил тебранадики, уни ҳатто ёш болалар ҳам бемалол ҳаракатга келтириши мумкин.
Мутахассисларнинг айтишича, қимирловчи тош табиатда кам учрайдиган ноёб ҳодиса ҳисобланади. Бундай тошлар юртимиздан ташқари, Аргентина ва Исроилдагина мавжуд бўлиб, улар на ҳажми, на шакли, на ҳаракати жиҳатидан Сангижуманга тенглаша олади.
Қимирловчи тошнинг Жанубида улкан гранит тош бор. У ўтмишда Сангижуман билан туташиб, яхлит қояни ташкил этган. Қоялар орасида эса айланма йўллар бор. Ундан ўта туриб осмонга қарасангиз, ўзингизни 15-20 метрлик қудуқ ичида тургандек ҳис қиласиз.
Бундан ташқари, Сангижуманда 100 дан зиёд турли кўринишдаги ноёб табиат обидалари мавжуд. “Чилдирматош”, “Кабутартош”, “Қизил эгартош”, “Элчибойдўкон”, “Тегирмонтош”, “Кобра” ана шулар жумласидандир. Улардан ҳар бирининг эса кўҳна афсоналарга қоришиқ ўзига хос тарихи бор.

Азамат ЗАРИПОВ.

Борлиқ неъматлари
Уларни асраш муҳим ва масъулиятли вазифадир.
Табиатда чексиз нарсанинг ўзи йўқ. Бу инсониятни айнан табиатга нисбатан оқилона муносабатда бўлиб, унинг жамики неъматларидан тежаб-тергаб, ўз ўрнида фойдаланишга даъват этади. Зеро, борлиқни борича сақлаб, уни келгуси авлодларга безавол етказиш ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиздир.
Бироқ кейинги пайтда сайёрамизда ҳайвонот дунёсининг айрим турлари тобора камайиб кетаётгани ҳеч кимга сир эмас. Мамлакатимизда бундай турларни сақлаб қолиш ва кўпайтириш мақсадида улар алоҳида муҳофаза остига олингани эса ўзининг ижобий натижаларини бераяпти. Буни Оролбўйи минтақасида ноёб турларнинг сони барқарорлашиб бораётгани мисолида яққол кўриш мумкин. Эришилаётган натижаларда жамоамизнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор, албатта.
Гап шундаки, инспекциямизнинг асосий фаолияти 7 миллион гектар майдонни эгаллаган Устюрт платоси табиатини муҳофаза қилиш, бу ерда қўним топган ҳайвонот оламининг камёб турлари ноқонуний овланишининг олдини олишдан иборат. Негаки, ушбу жуғрофий кенглик Устюрт тоғ қўчқори, қулон, қобон, жайрон, сайғоқ каби ўнлаб жониворларнинг азалий макони ҳисобланади. 
Сўнгги йилларда Устюрт бағрида йирик саноат корхоналари, газ-кимё мажмуаси бунёд этилаётгани, автомобиль ва темир йўллар, замонавий инфратузилмалар соҳаси тараққий этиб бораётгани туфайли Қирққиз қўрғони ҳамда Элобод шаҳарчаси кун сайин чирой очиб, обод бўлмоқда. Афсуски, аҳоли турмуш фаровонлиги учун хизмат қилаётган бундай қулайликлардан браконьерлар ўзларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатларини амалга ошириш йўлида фойдаланишга уринаётгани ачинарлидир. Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Божхона ҳамда Чегара қўшинлари хизматлари билан ҳамкорликда изчил чора-тадбирлар кўрилаётгани эса бу каби ҳолатларнинг олдини олишда қўл келаяпти.
Шу билан бирга, “Сайгачи” буюртмахонасида назорат ишларини янада кучайтираяпмиз. Ахир Ер юзидаги энг қадимий ва тобора камёблашиб бораётган сайғоқларни муҳофаза қилиш, бу турни келгуси авлодга етказиш бизнинг вазифамиздир.
Қувонарлиси, жамоамизнинг бу каби саъй-ҳаракатлари бесамар кетмаяпти. Бугун Султон Увайс тоғ тизмалари этагидаги Ўғрисой илгари Оролбўйи табиатида учрамаган жониворлар билан бойиб бормоқда. Шу боис ногаҳон олдингиздан жайра чиқиб қолса, сираям ажабланманг. Устюртнинг бепоён кенгликларида ўйнаб юрган жайрон, сиртлонларни кўриб, кўзингиз қувнаса, тепаликларда тек қотган тоғ қўчқорларига боқиб, ҳайратингиз ошади. Ушбу ажойиб жониворлар табиатимизнинг ажралмас бўлагига айланган. Бу эса мамлакатимизда истиқлол йилларида атроф-муҳитни муҳофаза этиш бўйича қабул қилинган қонунлар ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг изчил ижроси таъминланаётгани шарофатидир.

Мақсет ҚОСБЕРГЕНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ихтисослаштирилган Амударё инспекцияси бошлиғи.

Ноёб хазина
Айрим кишилар наздида туячилик  истиқболсиз соҳадек туюлиши мумкин.
Аммо  билиб ишлаганга чорвачиликнинг ушбу тармоғи — кони фойда. Буни туя боқиб, бири икки бўлган, рўзғорига барака кирган оилалар жуда яхши билади. Ахир “саҳро кемаси”га қиёсланадиган бу жониворлар аҳолининг оғирини енгил қилиш билан бирга, саноатбоп жун, шифобахш сут беради. Халқ табобатида, айниқса, унинг сутидан тайёрланган қимрон алоҳида қадрланади. 
Манбаларда келтирилишича, Марказий Осиё минтақасида одамлар бундан 2 минг йил муқаддам туячилик билан шуғуллана бошлаган. Аждодларимиз уни “Табиатнинг ноёб хазинаси” дея эъзозлашган.
Мамлакатимизда истиқлол йилларида чорвачиликнинг ушбу йўналишини ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Натижада Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Бухоро, Жиззах ва Қашқадарё вилоятларида туячиликка ихтисослаштирилган кўплаб фермер хўжаликлари ташкил этилди. Мирзачўл туманидаги “Баҳриддин — Муҳиддин” фермер хўжалиги — шулардан бири.
— Туячилик энг сердаромад тармоқлардан бири ҳисобланади, — дейди унинг раҳбари Фахриддин Сеитов. — Шунинг учун юртимизнинг чўл ва яримчўл ҳудудларида истиқомат қилаётганлар, хусусан, чўпон-чўлиқлар туя кўпайтиришга интилади. Биз ҳам 2009 йилда туячиликни йўлга қўйдик. Дастлаб 30 бош, 2013 йилда эса яна 40 бош туя харид қилдик. Бунда банк томонидан ажратилган 61 миллион сўмлик кредит мадад бўлди. 
Ҳозирги кунда “Баҳриддин — Муҳиддин” фермер хўжалигида 100 бош туя мавжуд. Уларни парваришлаш, озуқа жамғариш билан 10 нафар ишчи-ходим машғул. Жорий йилда 53 гектар майдонда озуқа етиштирилди. Лизинг асосида замонавий трактор сотиб олингани бу борадаги ишларни анча енгиллаштирди.
Эътиборлиси, кейинги пайтда фермер хонадонига келиб-кетувчиларнинг қадами узилмай қолди. Ҳар куни бу ерга туя сути ва қимрон ичиб, дардларига даво топиш илинжида ўнлаб юртдошларимиз, ҳатто хорижлик меҳмонлар ҳам ташриф  буюради. Чунки халқ табобатида сил, жигар циррози ва бошқа кўплаб дардларни даволашда унинг сутини истеъмол қилиш тавсия этилади. Туя жунидан тайёрланган белбоғлар, кўрпа ҳамда тўшаклар эса бел оғриғи, шамоллаш асоратларидан зумда фориғ этади.
Қишлоқ мулкдори меҳмонларнинг дардига дармон бўлайин, дея елиб-югуришдан чарчамайди. Чет элликларни эса туяда сайр қилишга таклиф этади. Айни чоғда у ташриф буюрувчиларга янада қулай шароит яратиш учун меҳмонхона ва умумий овқатланиш шохобчаси бунёд этиш ҳаракатини бошлаб юборди. Шунингдек, экотуризмни ривожлантириш мақсадида янги лойиҳалар устида изланмоқда. Мақсад битта: у ҳам бўлса, бу ерга келаётган меҳмонлар табиат қўйнида мириқиб ҳордиқ чиқариб, унинг неъматларидан баҳраманд бўлсин.

Тожиддин ҚАМАРОВ,
«Халқ сўзи»  мухбири.

Шўрхок ерларда ҳам ниҳол унади
Сардоба туманидаги “Зокир Дилшод ҳамкорлиги” фермер хўжалиги жамоаси наботот учун ноқулай ҳисобланадиган шўрхок ерларда кўчат етиштиришни йўлга қўйиб, кўпчиликда катта қизиқиш уйғотишди.
Чунки маҳаллий соҳибкорлар ниҳоллар бошқа жойга ўтқазилганда ҳам тез куртак ёзиб кетишини амалда бир неча бор исботладилар. Шу боис эндиликда ҳатто бахмаллик машҳур боғбонлар ҳам хўжаликнинг яқин ҳамкорига айландилар.
— Кўчатларимиз, айниқса, Сирдарё ва Жиззах вилоятларининг тупроқ шароитига тез мослашиб кетади, — дейди хўжалик раҳбари Дилшод Холбоев. — Жорий йилда 25 минг тупдан зиёд ана шундай мевали дарахт ниҳоллари етиштирдик. Шунингдек, харидорларимизга “Ўзбекистон” навли 50 минг дона терак қаламчаси етказиб бердик. Қолаверса, бир неча турдаги атиргул ниҳолларини ҳам ўстираяпмиз.
Яна бир эътиборли жиҳати, мазкур фермер хўжалиги ҳомийлигида тумандаги кўплаб мактаблар ҳовлиларида янги боғлар барпо этилди. Бинобарин, ўтган йили соҳибкорлар туман тиббиёт бирлашмасига ҳам 4 минг туп турли дарахт кўчатлари ҳадя қилган эди.

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Пушти сақоқуш
Бир қанча биогеографик ўлкалар туташган ҳудудда жойлашган Ўзбекистоннинг табиати ниҳоятда ранг-баранг. Хусусан, саҳро ва кенг яйловлар, тоғу даштлар, ўрмонлар, сув ҳавзалари ҳамда тўқайзорлар — буларнинг барчаси ҳайвонот оламининг бехавотир кўпайиши учун қулай табиий муҳит ҳисобланади.
Бугунги кунда юртимизда қушларнинг 441 тури учраши ҳам ана шундан далолатдир. Бироқ афсуски, экологик омиллар ва турли сабаблар оқибатида айрим турлар сони кескин камайиб бормоқда. Пушти сақоқуш — шулардан бири.
Қушларнинг ушбу тури Амударё, Сирдарё ва Зарафшон дарёлари ҳавзаларида учрайди. Сув жониворлари, асосан, балиқлар билан озиқланади. Шу боис Орол денгизи чекина бошлагач, пушти сақоқушлар табиатимизда йўқ бўлиб кетади, дегувчилар ҳам бўлди. Мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, камёб турларнинг эмин-эркин кўпайиши учун қулай шарт-шароит яратиш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишлар натижасида эса мазкур тур сони барқарорлашиб бормоқда.
Дарҳақиқат, халқаро аҳамиятга эга бўлган кўллар ва мавжуд сув ҳавзаларини қайта тиклаш, орнитофаунаси ҳамда ўсимлик дунёси муҳофазасини кучайтириш бўйича муайян ишлар амалга оширилаётгани ўз самарасини бермоқда. Биргина Оролбўйи минтақасида бу қушларнинг сони тахминан 7 мингтага етгани, уларнинг салмоқли қисми эса юртимизда қишлаётгани эътиборга моликдир.
Қувонарлиси, сўнгги йилларда Судочье, Тузкон, Денгизкўл, Қорақир каби кўлларда пушти сақоқушларни учратиш оддий ҳолга айланди. Улар ана шу сув ҳавзалари яқинида уялаб, ҳар жуфти икки-учтадан полапон очаяпти. Учирма бўлган қушлар эса юртимизни ўзига ошён тутиб, мусаффо осмонимиз узра парвоз қилмоқда.
Шуни унутмангки, пушти сақоқуш Ўзбекистон Республикаси “Қизил китоб”ига киритилган бўлиб, уни овлаш ман этилган.

Энг, энг, энг...
Дунёдаги энг “кекса” атиргул Германияда ўсаётган экан. У 1000 ёшдан ошган бўлса-да, ҳар йили барқ уриб гуллайди.
Японияда энг қадрли гул хризантема ҳисобланади. Шунинг учун мазкур мамлакатда бу гул билан боғлиқ орден ва байрам таъсис этилган.
Лола энг тез ўсувчи гуллардан биридир. У бир кеча-кундузда 2 сантиметргача бўй чўзади.
Энг узун илдиз эса Жанубий Америка ёввойи фикусига тегишли. Кўп йиллик кузатувларнинг кўрсатишича, ушбу наботот намунасининг илдизи 120 метрдан ошади.
Сузувчи волффиа аррхиза энг митти гуллайдиган ўсимлик, дея тан олинган. Унинг жимитдек япроғи узунлиги базўр бир миллиметрга етади, холос.

Сув «ойнаси»даги тасвир
Сўх — Фарғона вилоятининг энг сўлим ва баҳаво гўшаларидан бири. Унинг фусункор табиати, мусаффо ҳавоси, зилол сувлари ҳудудга янада гўзаллик бағишлайди. Айниқса, воҳани иккига бўлиб турган Сўх дарёси соҳилидаги ажиб манзаралар кўзни қувнатиб, кишини ўзига мафтун этаверади.
Қизил Мозор этагидан Қуйи Қалъа қишлоғигача яёв юрсангиз, ҳар қадамда ер қаъридан қайнаб чиқаётган булоқларга дуч келасиз. Уларнинг зилол суви ўзига йўл очиб, анҳор бўлиб оқади. Сойнинг қайрилмасида эса иккига ажралади-да, Янгиариқ ва Ровон қишлоқлари томон равона бўлади.
Сўхнинг жануби-шарқий томонида Чашма қишлоғи жойлашган. Қишлоққа бундай ном берилишига унинг ҳудудида булоқларнинг кўплиги сабаб бўлган экан.
Мамлакатимизнинг ушбу тарихий гўшаси олимларимиз эътиборини ҳам ўзига жалб этиб келган. Академик И. Исломов “Обишир маданияти” китобида ёзишича, энг қадимий аҳоли яшаш манзиллари айнан Сўхдаги Селунғур ғори ва унинг яқинида жойлашган Чашма атрофидаги очиқ масканларда, аниқроқ айтганда, бундан 1 миллион 200 минг йил муқаддам пайдо бўлган. У ердан топилган нодир топилмалар республикамизнинг нуфузли музейларида сақланмоқда.
Чашма қишлоғининг мусаффо ҳавоси — танга даво. Узоқ йўл босиб келган меҳмонлар бу ерда озгина тин олиб, чуқур-чуқур нафас олса, зумда чарчоқлари чиқиб кетади. Ўзини тетик ҳис эта бошлайди. Ажойиб таъмга эга суви эса саломатлик учун кони фойда. Чунки 3-3,5 минг метр чуқурликдан отилиб чиқадиган чашма суви таркибида инсон соғлиғи учун муҳим бўлган магний, кальций, хлорли натрий каби кўплаб моддалар мавжудлиги мутахассислар томонидан аллақачон тасдиқланган. Шу боис сўхлик тадбиркор Ҳабибулло Ёрматов “Сўх — чашма” фирмасини очиб, обиҳаётни қадоқлашни йўлга қўйди. Бунинг учун Хитойдан замонавий технологик ускуналар келтириб ўрнатди. Натижада бир неча маҳаллий ёшлар доимий иш ўрнига эга бўлди.
“Сув — чашма” ёрлиғи туширилган тоза ичимлик суви чанқовбосди хусусиятидан ташқари, шифобахш ҳам эмасми, унга бўлган талаб тобора ортиб бормоқда.
Сариканда маҳалласида жойлашган Ҳазрати Али оромгоҳи бағрида ҳам мўъжизавий булоқ мавжуд. У худди Нуротадаги машҳур чашмани ёдингизга солади. Сабаби, ер остидан чиқаётган зилол сувда катта-кичик балиқлар ғуж-ғуж бўлиб сузиб юради. Уларга боқиб, кўзингиз қувнайди. Камалак рангида жилоланиб, ярқираши эса қалбингизга ором, руҳингизга ҳузур бахш этади. Шунинг учун чашма атрофидан одамларнинг қадами узилмайди.
Чашмада мусаффо осмонимиз, теварак-атрофдаги яшиллик акс этиб, сув “ойнаси”да гўзал манзара касб этадики, уни бамисоли табиат китобининг тасвирли саҳифаси, дейсиз.

Муҳаммаджон ШОДИЕВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Хоразм гужумлари Ноёб қушлар макони »