«Ҳар бир гулни фарзандимдек кўраман»
  • 08 Март 2014

«Ҳар бир гулни фарзандимдек кўраман»

Одатда, аёлларни гулга қиёслашади. Чунки улар гўзаллик, нафосат ва меҳр-муҳаббат рамзи. Ўз навбатида, аёл қўли, қалб қўри билан яратилган гул, чаманзор чинакам санъат асарига айланади.

Самарқанд туманининг Бадал қишлоғида яшовчи Адиба Ҳалимова ҳам гул ўстиришдек нозик, аммо ёқимли иш билан шуғулланади.
— Болалигимдан гул етиштиришга иштиёқим баланд эди, — дейди Адиба опа. — Буни қарангки, мен келин бўлиб тушган хонадонда бу оилавий анъанага айланган экан. Қайнонам ва қайнотам қарийб 30 йилдан буён гул ўстириш билан шуғулланишади. Гулчиликнинг ҳадисини улардан ўрганганман. Мен ўзим кўп йиллик хонаки гулларга қизиққаним боис хона гулларига меҳримни бердим. Ўзим тиббиётчи бўлганим учунми, шу гуллардан шифо топгандай бўламан.
Гулхонага кирарканмиз, унинг муаттар ифори димоққа урилади. Гўзалликдан ҳайратга тушасиз. Атрофга назар ташлаб, бир дона гулнинг илдиз отиб, авж олиши қанчалик машаққатли меҳнатни талаб этишини ҳис қиласиз. Айниқса, алоҳида эътибор ва парвариш талаб қиладиган хона гуллари гўдакдек инжиқ ҳамда нозик бўлади. Шу боис уларни ўстириш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди.
— Бу митти тувакчаларда экилган гуллар “Анюта кўзчалари”, олимлар тилида “Виола” ҳам деб аталади, — дейди Адиба опа гулхонанинг бир қисмида ўсаётган гулларни кўрсатиб. — Мана бу катта тувакли гулни эса “Вашингтон пальмаси” деб атаймиз, булари “Хитой атиргуллари”, “Москва пиларгонияси”, гиацинт, маргаритка... Мана бу ердагилар — гераннинг бир неча тури, билсангиз, бу гуллардан айримларининг ёғидан қимматбаҳо атир ишлаб чиқарилади. Соябон гул. Бегониянинг ҳар хил янги навлари. Алоэнинг ўзидан ҳам 10-15 та тури бор...
Адиба опа хонадаги гуллар номини бирма-бир айтар экан, турларининг умумий сони 200 дан ортиқлигини таъкидлайди. Улар орасида Голландия ва Хитойдан келтирилган ноёб навлар ҳам бор.
— Ўстираётган ҳар бир гулни фарзандимдек кўраман. Ҳар куни улар билан “саломлашаман”, “гаплашаман”. Гул ҳам меҳримни, ширин сўзимни ҳис қилиб, яшнаётгандек туюлади.  Бу иш кишига руҳий ҳордиқ беради. Масалан, кайфият бузилиб, толиққан пайтларда уларга қараб, бир зумда қалбингиз равшан тортиб, руҳингиз енгиллашади, барча дилхираликларни унутасиз. Гоҳида шулар ҳақида ўйлаб, етиштирган гулларим орқали минглаб хонадонларнинг хурсандчилиги, байрамларда аёлларимизнинг гулдек нозик кўнглини тоғдай кўтаришда, озми-кўпми, ҳисса қўшаётганимдан бахтиёр бўламан. Шу ишни бошлаганимга ҳам салкам ўн йил бўлибди. Шундан бери ҳаётимиз бутунлай ўзгарди, ҳам моддий, ҳам маънавий рағбат олаяпман.
Дарвоқе, гулчиликдан яхшигина даромад топиш мумкин. Фақат бунинг учун озгина қизиқиш, ҳафсала, меҳнат талаб этилади. Ҳозир Адиба опанинг гул дўкони бор. Айтишича, даромади чакки эмас. Қолаверса, нафақат Самарқанд, балки бошқа вилоятлардан ҳам унинг гулларига харидор кўп.
Гул бор жойда озодалик, илиқ тафт, меҳр, қувончу шодлик ҳукм суради. Уни етиштириш илмини ўрганган Адиба опа одамлар қалбига қувонч улашиш билан бирга, рўзғорини ҳам обод этмоқда.

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА.

Айём сурури

Эъзоз ва эҳтиром шукронаси
Аёлга эҳтиром — ҳаётга, келажакка эҳтиром. Бугун озод юртимизнинг ҳар бир дадил одимида, эришаётган ютуқларида хотин-қизларнинг муносиб ҳиссаси бор. Зеро, мустақиллик туфайли Президентимизнинг юксак эътибори боис мамлакатимиз аёлларининг жамиятдаги роли ва мавқеи ошди. Эндиликда улар тиниб-тинчимас тадбиркор, малакали шифокор, фидойи ўқитувчи, хуллас, ҳар бир соҳада ўз бурчларини астойдил бажариб келишмоқда.
8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан улардан айримларининг дил сўзларига қулоқ тутдик.

Суйима ҒАНИЕВА,
профессор,
«Буюк хизматлари учун» ордени соҳибаси:
— Инсон — улуғ хилқат. Шундай экан, у ҳамиша қадрга, эъзозга муносиб. Бугун биз, олима аёлларнинг камтарона хизматларимиз Президентимиз томонидан юксак қадрланаётганидан куч-ғайратимиз ошиб бормоқда. Бугун бизнинг барча илму интилишларимиз, эзгу ниятларимиз озод юртимизни янада обод этишга қаратилган. Ободлик эса, давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, кўнгилдан бошланади. Бугунги улуғвор ўзгаришларнинг барчаси ана шундай эзгу ниятлар самараси эканлиги аниқ.
Мамлакатимизнинг барча аёлларини байрам билан қутлаб, уларга мустаҳкам соғлиқ, узоқ умр тилайман. Ҳазрат Навоий айтганларидек, жамики орзу-умидларига эришиб юрсинлар.

Наргиза САТТОРОВА,
Андижон вилояти, Асака тиббиёт коллежи директорининг ўринбосари,
«Йил аёли — 2013» республика танловининг ғолиби:
— Мамлакатимизда оила бекаси, фарзандларининг меҳрибон онаси бўлиши билан бир қаторда, жамият тараққиётининг турли соҳаларида самарали меҳнат қилаётган ва катта муваффақиятларга эришаётган аёллар кўпчиликни ташкил қилади. Мана, мен ҳам Ўзбекистондек аёллари қадр топган, қизларининг бахти, камолоти, истиқболини кўзлаган юртда туғилиб, яшаётганимдан беҳад фахрланаман.
Ўзим ўтган йили Республика Хотин-қизлар қўмитаси томонидан ташкил этилган “Йил аёли” танловида қатнашиб, якуний босқичда ғолиб бўлдим. Ушбу танловда ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий соҳаларда самарали меҳнат қилаётган биз, аёлларнинг илғор ғоя ва ташаббусларимиз, оилани мустаҳкамлаш, ёшларимизнинг маънавий-ахлоқий тарбиясини тўғри йўлга қўйиш бўйича олиб бораётган ишларимиз атрофлича таҳлил қилинди. Мени қувонтиргани, кўрикда иштирок этган барча аёллар ўз фидойилиги билан ана шу мезонларга тўла-тўкис жавоб берганидир. Бу ташаббускорлик Президентимизнинг бизга кўрсатаётган чексиз меҳр ва ғамхўрлигининг яна бир ифодасидир.

Назокат АҲМЕДОВА,
Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат стипендиати,
Тошкент давлат педагогика университети магистри:
—  Мустақил диёримизда навқирон йигит-қизларнинг мустаҳкам билим олишлари учун беқиёс шарт-шароит яратилган. Таълим тизими ривожига катта маблағ сарфланмоқда. Ёшлар иқтидорини юзага чиқариш мақсадида кўплаб ижтимоий лойиҳалар амалга оширилаётир. Шу боис ҳар биримиз ҳеч кимдан кам бўлмай яшаш, озод ва обод келажак қуришда асосий куч сифатида майдонга чиқаётганимизни дилдан ҳис этиб, унга  муносиб бўлишга интилмоқдамиз.
Бахтим шундаки, Соғлом бола йилида Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат стипендиясига сазовор бўлдим. Ана шунинг ўзи ҳам мамлакатимизда хотин-қизларга эътибору ғамхўрлик нечоғли юксак эканидан бир далил, десам адашмайман. Ўз навбатида, биз ҳам Ўзбекистонимизнинг буюк келажаги йўлида бор имконият ва салоҳиятимизни ишга соламиз.

Ҳадис
Аввал онангга, яна онангга ва яна онангга, сўнг отангга яхшилик қил.

Боқий сатрлар

Бир сарв қомат кўрмишам
Аёл — муҳаббат ва вафо рамзи, садоқат тимсоли. У меҳрибон она, мунис сингил, суюкли ёр, оқила фарзанд бўлиб дилларни дилларга пайванд этади. Шунинг учун бўлса керак, дунё яралибдики, аёл васфи, унинг гўзаллиги улуғланади. Хусусан, мумтоз адабиётимизнинг забардаст вакиллари ҳам бу мавзуда минглаб ашъорлар битишган. Ана шундай етук ижодкорлардан бири Муҳаммад Ризо Огаҳийдир. Унинг ушбу ғазали дилбар аёлларимиз учун муносиб туҳфа бўлади, деб умид қиламиз.
Дўстлар, бу кун ажаб бир сарв қомат кўрмишам,
Сурати бошдин аёқ ғарқи латофат кўрмишам.
Офтоб осо мунаввар талъати фархундасин,
Олам аро ахтари авжи саодат кўрмишам.
Юзларининг шаклини англаб гули гулзори лутф,
Кўзларининг суратин айни иноят кўрмишам.
Жон фидо ширин лабини топмишам обиҳаёт,
Руҳпарвар нуктасин дурри зарофат кўрмишам.
Қочса ҳушим тонг эмас кўргач қиёми қоматин,
Ким, мани ҳайрон они қойим қиёмат кўрмишам.
Турғонин базм ичра илгин қовшуруб одоб била,
Беқарору музтариб кўнглумға роҳат кўрмишам.
Жон киби нозик белида фўтани зар остида,
Беш қабзи тийғини жонимға офат кўрмишам.
Билгуси ҳар муддао хотир аро қилғоч хутур
Табъиға махсус онинг фаҳму фаросат кўрмишам.
Кўрмадим монанд анго чобуклик ичра нечаким,
Дилраболар жилвасин беҳадду ғоят кўрмишам.
Билмадим ҳолим не ерга ойид ўлғой оқибат,
Ким, ўзим шавқида кўб бесабру тоқат кўрмишам.
Огаҳий, эмди манга ўлмакдин ўзга чора йўқ,
Ким, бу кун жонимда дардим бениҳоят кўрмишам.

Муҳаммад Ризо ОГАҲИЙ.

Яхшиликнинг афзали
Жаннат оналарнинг оёғи остидадир.
* * *
Агар ота-онанг тенг чақирса, онангга биринчи “лаббай” де!
* * *
Ота-она вафотидан кейин уларнинг дўстларига яхшилик қилиш — ота-онага яхшилик қилишнинг энг афзали ҳисобланади.

Сўз кўрки

Уч нарса умрни узайтирар: кенг уй, яхши улов, меҳрибон хотин.
Яхши хотин — эрнинг тинчлиги.
Аёлнинг сариштаси — рўзғорнинг фариштаси.
Қадрингни билса, қирқ йил эгил.
Она оёғи билан бешик тебратар, қўли билан рўзғор тебратар.

Ўзбек халқ мақоллари.

Қалб макони
Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида “Аёл қалбининг макони” деб номланган бадиий кўргазма иш бошлади. Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ташкил этилган ушбу тадбирда санъатшунос олимлар, рассомлар, ҳайкалтарошлар, халқ амалий санъати усталари, мухлислар қатнашди.
Кўргазмада тасвирий санъатда ўз услуби, ижод йўлига эга моҳир мўйқалам соҳибаларининг баҳор, борлиқ, она-табиат манзаралари акс эттирилган ижод намуналари томошабинлар эътиборига ҳавола қилинган. Шунингдек, унда тасвирий санъат оламига кириб келаётган ёш рассом қизларнинг ижод намуналарига ҳам кенг ўрин берилган.
Рангтасвир, графика, фото ва либослар дизайни билан бир қаторда, заргарлик, ҳайкалтарошлик санъати, замондошларимиз портретлари, сувбўёқ ва мойбўёқли асарлар ҳам намойиш қилинмоқда.

Гўзал РАҲМОНОВА.

Ҳикмат

Ҳамдаминг бўлур
Аёлнинг ҳусни бўлса, кўнгилга ёқимли бўлур, яхшилиги бўлса, жон озиғидир. Ақлли бўлса, турмуш интизоми ва рўзғор яроғи тартибли ҳамда саранжомли бўлади. Ана шундай турмуш ўртоғинг — ғам-кулфатда сирдош ва ҳамдаминг бўлур, махфий ва яширин дард ва машаққатда ҳамнафас ва ҳамроҳинг бўлур. Турмушда ҳар жафо етса, ҳасратдошинг ул ва осмондан ҳар бир бало келса — кўмакдошинг ул. Кўнглинг ғамидин ул ғам чекади.

Алишер НАВОИЙ.

Ибрат

Тақдир туҳфаси
Ривоят қилишларича, эру хотин хуш-хандон сўзлашиб ўтиришса, эшик тақиллаб қолибди. “Ким у?” дейишибди бараварига. “Мен Тақдирман, — дебди эшик ортидаги овоз. — Хонадонларингизга озгина бахт ва бахтсизлик олиб келувдим, шуни иккалангиз тақсимлаб олинг”.
— Сен бахтсизликни менга бер, бахтни эса хотинимга қолдир, чунки у умр бўйи шу оиланинг бахту саодати учун елиб-югурди, энди бахтли бўлиб, ўзи ҳам яйрасин, — дебди эркак.
— Йўқ, йўқ, бахтни умр йўлдошимга бера қол, у оиламиз аҳлини едириб-кийдирди, оғир юмушларни бажарди, соғлиғини йўқотди. Энди умрининг охиригача бахт оғушида яшасин, — дебди аёл.
Эшик ортидан яна овоз келибди:
— Қанийди, ҳар битта оила ҳам сизлардек аҳил бўлса, хонадонлар бахтга тўлиб кетармиди... Мен бор-йўғи сизларни синамоқчийдим, холос. Сизлар бир-бирингизни ардоқлаб, бахтли яшаётган экансизлар. Ҳамиша шундай бўлиб қолинглар!
Тақдир ўз йўлига равона бўлибди...

Ҳикоят

«Лайлини ранжитасан...»
Бир куни Мажнун касал бўлиб ётиб қолди. Даволаш учун табиб чақирилди.
Табиб:
“Томирдан қон олиш керак” деб Мажнуннинг қўлини боғлатди. Қон олиш пайти Мажнун: “Эй табиб, қўй, хизмат ҳаққини ол ва қўлимни еч, шу касалликдан майли ўлай, қон олишдан воз кеч,” деб додлади.
Табиб Мажнундан:
— Сен наъра тортган арслондан қўрқмайсану қўлингдан қон олдиришдан қўрқасанми? — дея сўради.
Мажнун шундай жавоб берди:
— Мен нинадан қўрқмайман. Менинг вужудим, борлиғим Лайли билан тўладир, қон олиш пайти Лайлини ранжитасан, мен шундан қўрқаман.
Яна бир кун Мажнунга яқинлари: “Лайли деб ёниб-куясан. У қиз асло сен айтгандек гўзал эмас-ку”, дедилар.
Мажнун жавоб берди:
— Сиз Лайлини менинг кўзим билан кўринг, менинг қалбим билан севинг! Мен унинг сурат жомидан абадий ишқнинг шаробини ичдим, у шароб сизга сиркадир.
Жалолиддин Румийнинг «Маснавий»сидан


Табассум
Эр хотинидан сўраяпти:
— Сизга нима совға қилай?
Хотин ўйланиб турса, эр давом этибди:
— Майли, яхшилаб ўйланг, сизга бир йил муҳлат.
***
Икки дўст суҳбатлашаяпти:
— Уйимга қайнонам, учта қайнсинглим, яна хотинимнинг холаси икки қизи билан келаяпти...
— Келса нима бўлибди?
— Ахир бугун 8 март-ку!
***
— Севара, мана сенга катта гулдаста!
— Раҳмат, азизим!
— Мана бу эса қайтими...

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Ота ва ўғил Яхшиликнинг умри боқий »