Ота ва ўғил
  • 01 Март 2014

Ота ва ўғил

Оилада ўғил улғая бошлади. Ўсмирлик ёшига етса ҳам ўйиндан бош кўтармас, уй ишларига қарашмайди. Ота-онанинг гапини қулоғига олмайди. Аммо уларнинг бориб турган эркаси, нима истаса, шуни ҳозир қилади.

Орадан йиллар ўтибди. Ота билан она фарзандини меҳнатга ўргатмоққа жазм қилибди. Ахир у тенгилар аллақачон отасининг ёнига кирган, рўзғорнинг бир буржини кўтариб келади. Шуларни ўйлаб, уни косиб дўстига шогирдликка берибди.
Косиб ўз касбининг устаси, қўлига тушган буюмга жило беради. У янги шогирдига касбнинг сиру асрорини ўргата бошлади. Аммо у устанинг гапларига парво қилмас, тиззасига олиб ямоқ солаётган эски чориққа қараб турса-да, фикри-хаёли бошқа ёқда бўлади. Кунлар шу тахлитда ўтаверди. Бир куни уста шогирдига айтдики, мана сизга маош, бориб ота-онангизга элтиб беринг.
У пулни отасига берди. Падари хабардормасми, пулни олди-да, ловуллаб ёнаётган оловга ташлади. Бола миқ этмади. Алангага индамай қараб турди.
Отанинг боши қотди. Қандай қилиб ўғлини ҳалол меҳнатга ўргатса бўлади? Унга-бунга маслаҳат солди. Устага шогирд тушгани маъқул, дейишди улар. Ўйлай-ўйлай, қаттиққўл ошнасининг қўлига топширди. Шогирднинг суяги қотганмасми, устанинг панду насиҳатларини барибир ўзига олмади. Охири у ҳам қўлига бир тутам пулни бериб, уйига кузатди. Бу гал ҳам отаси сиқим пулни гуриллаб турган ўчоққа ташлади, ўғлининг юзида ўзгариш бўлмади. Аксинча, ёнаётган пулга қизиқсиниб қараб турди.
Отанинг ҳафсаласи пир бўлди. Энди ўғлининг қўлидан етаклаб ўта талабчан устанинг қошига бориб айтдики, ўғлимнинг ёшлик чоғи ҳам ўтиб бораяпти, унга бирор касбни ўргатиш айни муддао. Йўқса, ота-оналик бурчимизга дарз кетади. Шунга қўлдан келганча ёрдам берсангиз, боболардан қолган гап бор: суяги меники, эти сизники, уста.
Уста чиндан ҳам талабчан эди. У шогирдини эрта тонгдан уйғотар, сомон ташитар ва тупроққа аралаштиришини кузатарди. Бола бундай ишни қилиб кўрмагани учунми, аввалига бўйин товлади. Уста янада қаттиқ олди, сўнг шогирд секин-аста сомон ташиб тупроққа аралаштирадиган, кун кўтарилгач, уни лой қилиб қорадиган бўлди. Тайёр пишган лойни қолипга солиб, силлиқ ғишт қуя бошлади. Шундай қилиб у бинокорликни ўрганишга киришди.
Ниҳоят меҳнатга кўника бошлаган шогирд уйига жўнади. Келди-да, меҳнатининг ҳақини отасига узатди. Ота унинг авзоидаги тетиклик, собитликни кўриб, пича хурсанд бўлди. Барибир синамоқчи бўлди-да,  пулларни олиб, алангага ташлади. Шунда бола жон-жаҳди билан ўзини оловга отиб, пулларни асраб қолди. Дарғазаб ўғил отасига қарата “Нега бундай қиласиз, ахир бу пешона терим-ку, ота?”, дея норозилик билдирди.
Шунда ота, хайрият, деди. Яша ўғлим, меҳнатнинг нони шундай ширин бўлади. Фақат меҳнат қил, кўриб турибсан, ҳалол йўл билан топилган пул ўтда ҳам ёнмайди, сувда ҳам чўкмайди.

Худойберди ТЎХТАБОЕВ,
Ўзбекистон Республикаси халқ ёзувчиси.

Сўнмас эътиқод тимсоли
Ўзбекистон — улуғ мутафаккирлар, олиму фузалоларга бешик бўлган муқаддас замин. Бугунги кунда Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Имом Бухорий, Бурҳониддин Марғиноний, Амир Темур, Мирзо Улуғбек сингари бобокалонларимизнинг номлари дунё тамаддуни билан боғлиқ ҳолда айтилишининг сабаби ҳам шунда.
Эътироф этиш керакки, истиқлолнинг илк йилларидан бошлаб Президентимиз раҳнамолигида буюк аждодларимизнинг хотирасига юксак эҳтиром кўрсатилиб, қадамжолари обод қилинди. Имом ал-Бухорий таваллудининг 1225 йиллиги муносабати билан Самарқанд вилоятининг Хартанг қишлоғида қад ростлаган Имом ал-Бухорий мажмуаси ана шундай табаррук манзиллар сирасидан. Давлатимиз раҳбарининг бевосита кўрсатмаси ва ташаббуси билан қад ростлаган ушбу мажмуа бугунги кунда нафақат юртдошларимиз, балки мамлакатимизга ташриф буюраётган хорижий сайёҳлар учун ҳам муқаддас зиёратгоҳга айланган.
Имом ал-Бухорий 810 йилда Бухорои шарифда таваллуд топган бўлиб, тарихий манбаларнинг гувоҳлик беришича,  у ёшлигиданоқ илм-маърифатга, китоб мутолаасига қизиққан. Бўлажак алломанинг қувваи ҳофизаси кучли бўлгани боис болалигиданоқ бир неча ҳадисни ёд олган. Ўша давр уламоларидан бири: “Имом ал-Бухорий билмаган ҳадис ҳадис эмас”, дегани ҳам унинг буюк истеъдод эгаси эканлигидан далолатдир.
 Имом ал-Бухорийнинг “Саҳиҳ ал-Бухорий” асари ислом таълимотида Қуръони каримдан кейин иккинчи ўринда турадиган табаррук асар ҳисобланади. Тарихий манбаларда қайд этилишича, у бутун фаолияти давомида илм аҳли ва толибларига ҳам илмий, ҳам  моддий кўмак бериб келган. Аллома ушбу асарни тайёрлаш жараёнида ҳар бир жумлага ғоятда эҳтиёткорлик билан ёндашган. Не машаққатлар билан тўплаган ҳадислар саҳиҳлигига тўла ишонч ҳосил қилиб, обдан текширгандан кейингина уларни ўз асарига киритган.
“Саҳиҳ ал-Бухорий”нинг илмий қиммати яна шундаки, у  ҳадис илмига илк бор қонун-қоидаларни киритиб, ана шу тамойилга асосан ишончли ва ҳаққоний ҳадислар — саҳиҳ ҳадисларни йиғди ва “Шурут ал-Имом ал-Бухорий” деган ном билан атади. Буюк аллома саҳиҳ ҳадислар бўйича биринчи бўлиб ўзига хос мактаб яратди.  Зеро, Президентимиз  таъкидлаганларидек, Имом ал-Бухорий ҳазратлари нафақат ўзбек халқи, балки бутун мусулмон оламининг фахр-ифтихоридир. Ул табаррук зотнинг ҳаёти чин маънодаги илмий ва инсоний жасорат, букилмас ирода, сўнмас эътиқод тимсолидир.

Убайдулла УВАТОВ,
тарих фанлари доктори, профессор.

Фарзанд
угун баҳорнинг илк куни. Орзиқиб кутилган фасллар келинчагининг ташрифи туфайли борлиқ уйғонади, табиат ям-яшил либосга бурканади. Бундай фараҳбахш айёмда дилхуш бир ашъор ўқиганга не етсин?! Бинобарин, 1 март — баҳорни, она-табиатни ўз шеърларида тараннум этган садоқат ва вафо куйчиси ЗУЛФИЯнинг таваллуд топган куни ҳамдир. Шундай экан, адабиётимизнинг атоқли намояндасини хотирлаб, дилбар шеърларидан бирини муштарийларимизга тақдим этишни лозим, деб билдик.
Нега севмай, эркалаб ўпмай,
Нечун демай уни ҳаётим?
Нега демай кўзимнинг нури,
Сўзлаганда қандим, новвотим?
Ширин экан фарзанд, у билан
Оилага кирар экан жон.
Кўзи кўзга тушиши билан
Меҳри балқир экан бепоён.
Иқбол бўлиб кўзинг олдида,
Кундан-кунга топаркан камол,
Не бахт, тоза ҳаёт боғингда
Ўсса тоза, бебаҳо ниҳол.
У бор ерда қайғу ва ҳасрат
Ҳаётингга бегона экан.
Қани айтинг, фарзанддан қиммат
Бу дунёда нима бор экан?
О... фарзандим, кўзим нурисан,
Менга сендай бўла олур ким?
Сен ҳаётим, сени кўраркан,
Дилда беҳад жўшади меҳрим.
Қора кўзларингга қарайман,
Унда борлиқ бўлар намоён.
Менинг бахтим ёрқин, бегумон
Жилваланиб кўринар аён.
Ширин сўзинг, чексиз меҳринг бор,
Қилиғингда бир олам ором,
Сен билан дил чиройли гулзор,
Қўшиғимга туганмас илҳом.
Сен ўс — соғлом, беқайғу, эркам,
Муҳаббатим бошингга соя,
Мен бахтиёр алла айтайин,
Қўшиқларим кўп, бениҳоя.
Кўзёш нима, сен билма зинҳор,
Сенга порлоқ тилайман иқбол,
Бу дунёда не яхшилик бор
Сенга, қўзим, сенга бўлсин, ол!

Табассум
Уч яшар болакай онасига деди:
— Ойи, катта бўлсам, мениям ўғилчам бўлади, уни эрталаблари боғчага олиб бораман.
— Кейин-чи?
— Кейин сиз мени ишга олиб бориб қўясиз.
*  * *
Ота бешинчи синфда ўқийдиган ўғлидан сўради:
— Хўш, мактабда ишлар қалай?
— Мен “икки”чининг отаси билан гаплашмайман!
*  *  *
— Хотин, тайёрмисан? Бунча имиллайсан? Меҳмонга кечикаяпмиз, ахир!
— Жуда бесабрсиз-да! Бир соатдан бери икки дақиқада тайёр бўламан, деб қулоғингизга танбур чалаяпманми?

Латиф ўланлар жозибаси
Қибрайда, Чирчиқ дарёсининг шундоққина ўнг соҳилида Қипчоқ деган қишлоқ бор. Уни нафақат юртимиз, балки қўшни мамлакатларда ҳам биладиганлар кўп. Нимаси билан машҳур дейсизми?
Биласиз, азалдан ўлкамизда бахшилик, оқинлик анъаналари шаклланган. Заминимиздан етишиб чиққан истеъдодлар халқ оғзаки ижодидан дуру гавҳар териб, асрлар оша келажак авлодларга етказиб келмоқдалар. Шу билан бирга, юртимизда қардош туркий халқлар маданий меросининг ноёб дурдоналари ҳам авлоддан-авлодга ўтиб келаётир. Айниқса, мустақиллик йилларида номоддий мероснинг ажралмас қисми бўлган халқ оғзаки ижоди алоҳида эъзоз ва эътибор топди.
Биз тилга олган Қипчоқ қишлоғида туғилиб камол топган Қулмахон Дуйсенов ҳам оқинлик анъаналарини давом эттириб келаётган истеъдод соҳибларидан. Санъатга ўзгача меҳри туфайли халқ термаларини мустақил ўргана бошлаган ҳаваскорнинг довруғи тезда чор-атрофга тарқалди. Бора-бора у ҳозирги замон оқинлик санъатининг халқаро миқёсда тан олинган йирик вакилларидан бирига айланди. Нафақат юртимизнинг олис-яқин еридан, балки қўшни мамлакатлардан Қипчоқни, Қулмахонни дараклаб келадиган бўлишди.
Қулмахоннинг ўланлари латиф, ёқимли. Истеъдоди ниҳоятда нодир. У айтадиганини аввалдан ёзиб-пишитиб ўтирмайди. Илҳоми жойида келади. Таъбир жоиз бўлса, тингловчига қараб “тўн бичади”. Айни чоққача айтишувларда Қулмахонга тенг келадигани топилгани йўқ. Шунданми, Ватанимизда, ҳаттоки, қардош халқлар диёрида анъанавий тарзда ўтказиб келинадиган халқаро оқинлар айтишувларида, неча йилдирки, Қулмахонга тенг келадигани топилмайди!
Бу воқеани Қипчоқ нуронийларидан бири Тоғай Сакиев айтиб берганди. Қайсидир йили қўшни мамлакатда ўтган нуфузли халқаро танловда ғолибликни қўлга киритган юртдошимизни ўша ерлик ашаддий мухлислардан уч-тўрттаси секин четга ториб, “Шу ерда қолиб, ижод қилинг, ҳамма истагингизни муҳайё этамиз”, дегандек гап қилишибди.  Қулмахон бу таклифни рад этибди. “Мен дўмбирани машҳур бўлиб юрт кезиш, мол-давлат орттириш учун эмас, мени булбулзабон этган жаннатмонанд юртимни мадҳ этиш учун қўлга оламан”, деб жавоб қилибди.
Қулмахон ўзининг ўта ноёб истеъдодини Тошкентнинг 2200 йиллигига бағишлаб ўтказилган йирик халқаро анжуманда дунёнинг кўпгина нуқталаридан келган фольклор ишқибозлари кўз ўнгида яна бир бор намойиш этди. Ўшанда Қулмахоннинг хорижлик мухлислари ҳам ниҳоятда кўп эканига, булбулзабон оқиннинг қувваи ҳофизасига маҳлиё бўлган шинавандалар уни узоқ олқишлагани, ўз мамлакатларига концертлар, учрашувларга таклиф этишганига гувоҳ бўлганмиз. 
Қозонда бўлса, чўмичга чиқади, дейдилар. Бинобарин, Қулмахоннинг санъати халқаро миқёсда яна бир бор эътирофини топди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 21 йиллигига бағишлаб пойтахтимиздаги “Истиқлол” санъат саройида бўлиб ўтган халқаро оқинлар беллашувида ўз маҳоратини намойиш этган ҳамюртимиз бу сафар ҳам зални “зириллатди”, минглаб юракларни ҳаяжонга солди. Пировардида хориждан ташриф буюрган манман деган санъат соҳиблари орасида улоқ яна ҳамюртимизда кетди!
Ўша куни Қулмахон қадрдон қишлоғи Қипчоққа халқаро танловнинг бош соврини — “Нексия” автомашинасини миниб қайтди.

Ғайрат ШЕРАЛИЕВ.

Боқий умр
Айтишларича, саховатда, илму маърифатда беназир бир кишининг уйида бўлиб ўтган меҳмондорчиликда олим, фозил бир инсонни кўп ва хўп таърифу тавсиф қилдилар. Мезбон у олимни кўриб, суҳбатидан баҳра олишни орзу қилиб, уни навбатдаги меҳмондорчиликка чорлади. Олим келгач, салом бериб ҳамма билан кўришди. Кейин мезбонга таъзим айлаб:
— Меҳмондорчиликка чақирганингиз учун ташаккур, минг йил роҳат ва фароғатда умр кечиринг, — деди.
Мезбон синчков эди. Шу боис дарҳол олимнинг сўзига таажжуб қилиб айтди:
— Ҳали ўтирмай туриб, мумкин бўлмаган сўзни оғзингиздан чиқардингиз, бир одамнинг минг йил умр кўришига ақл бовар қиладими?! Бундай сўзни айтиш сиздек олим ва фозил кишига муносибмикан?
— Инсоннинг тириклиги фақат жисмнинг боқийлиги билангина эмас. Одам минг йил умр кўрмаслигини ҳамма билади. Лекин ўтиб кетгандан кейин ҳам қолдирган эзгу ишлари боқий умрдир. Сизнинг олижаноб, марҳаматли эканлигингизни халқ унутмай, номингизни доимо ҳурмат билан ёд этиб туради. Вафотингиздан кейин ҳам қилган яхшилигингизни унутмайди, номингизни кўнглида абадий сақлайди, деган маънода “Минг йил умр кўринг”, дедим, — дея жавоб берди олим.

Отабек ИСМОИЛОВ тайёрлади.

Сўз кўрки
Олдин англа, кейин танла.

Поклик соғлиқни, ақл сабрни сақлар.

Роҳатини кўрган азобига ҳам чидайди.

Той минган от ҳам минар.

Ўзбек халқ мақоллари.

Машҳур еттиликлар

Дунёда сонлар билан боғлиқ турли афсоналар юради. Кўпгина халқларда эса 7 сони хосиятли рақам ҳисобланади Аслидабу ҳеч нарсани ҳал қилмаса-да, ҳаётда шу сон билан боғлиқ бир қанча ажойиботлар мавжуд. 7кун, 7 мўъжиза, 7 хазина, 7 авлод, 7 иқлим, 7 ранг, 7 сайёра, 7 денгиз ва ҳаказо. қуйида уларнинг айримлари билан танишасиз

Етти авлод
1.  Фарзанд
2.  Невара
3.  Чевара
4.  Эвара
5.  Панневара
6.  Овора
7.  Бегона

Моддаларнинг етти кўриниши
1. Қаттиқ ҳолати
2. Суюқ ҳолати
3. Газсимон ҳолати
4. Плазма ҳолати
5. Нейтрон ҳолати
6. Эпиплазма ҳолати
7. Физик вакуум ҳолати

Етти мусиқа нотаси
1. До
2. Ре
3. Ми
4. Фа
5. Соль
6. Ля
7. Си

Давронбек ТОЖИАЛИЕВ тайёрлади.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn