Хоразм гужумлари
  • 24 Апрель 2015

Хоразм гужумлари

Хоразмлик нуронийлар ёшларни алқаганда, “Гужумдек униб-ўсинглар”, дея дуо қилишади. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки воҳада азал-азалдан ўсадиган гужум дарахти ўта чидамли бўлиб, юз йилдан ортиқ умр кўради.

Мутахасcисларнинг таъкидлашича, қайрағочлар оиласига мансуб ушбу наботот намунаси жой танламайди. Худди янтоққа ўхшаб чуқур илдиз отиб, қурғоқчил, шўрланган ерларда ҳам ўсаверади. Барглари тукчалар билан қоплангани боис қуёш иссиқлигини ўтказмайди. Ҳаводаги намликни сўриб олиши туфайли буғлантириш хусусияти кам. Шу боис иҳотазорлар барпо этишда, асосан, гужумдан фойдаланилади.
Дарҳақиқат, гужум қум кўчкиларининг олдини олиш, шамол йўлини тўсиш, тупроқни эрозиядан асрашдан ташқари, иқлимни мўътадил сақлашда қўл келади. Айниқса, ёзнинг жазирамасида қуюқ соя бериб, офтобнинг тангадек нурини ҳам ўтказмайди. Шунинг учун бўлса керак, вилоятда гужум ўстирилмаган ҳовлини топиш қийин.
Шарга ўхшаш кўркам қиёфа касб этиб ўсувчи ушбу соябоп дарахт “биокондиционер”нинг ўзгинаси. Негаки, у карбонат ангидрид газини ютиб, кўп миқдорда кислород ишлаб чиқаради, ноорганик чангларни тутиб, ҳавони тозалайди. Бу — ҳар қандай иссиқ, хусусан, воҳанинг кескин континентал иқлим шароитида ҳам инсоннинг ҳордиқ чиқариши учун қулай шароит яратади, деганидир.      
— Гужум  дарахти халқ селекцияси маҳсули эмас, у Аму соҳилларида азалдан табиий ҳолда ўсади, — дейди биология фанлари номзоди Авазяз Жуманиёзов. — Мазкур тур илдизи ва уруғидан кўпаяди. У садақайрағоч, яъни  қорамон дарахтига пайванд қилинса, сизот сувларига чидамлилиги янада мустаҳкамланади, умри эса узаяди.
Шуни ҳам айтиш жоизки, гужум баргида ошловчи моддалар кўп. Ўтмишда кийим-кечак ва гиламлардаги доғларни кетказишда унинг барги асқатган. Шу маънода, гужумни ҳали чуқур ўрганилмаган табиат  мўъжизаси,  дейиш мумкин.
Дарахт ёғочи эса дурадгор ҳамда ўймакор усталар томонидан алоҳида қадрланади. Сабаби, ўта пишиқ бўлиб, иссиқ ва совуқда ёрилмайди. Ҳозирги кунда ҳам ҳунармандлар уй-рўзғор буюмлари, мебель жиҳозлари, эшик ва дарвозалар ясашда гужум ёғочидан фойдаланишни маъқул кўришади. Хива шаҳридаги тарихий обидаларнинг дарвоза ҳамда эшиклари айнан гужумдан ясалгани бунинг яққол тасдиғидир.
— Афсуски, ўтган асрнинг 80-йилларида гужумлар ниҳоятда камайиб кетди, — дейди вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси Бахтиёр Қаландаров. — Бунга, аввало, “шаҳар мўйловдори”, деб аталувчи зараркунандалар сабаб бўлди. Қолаверса, эътиборсизлик оқибатида мазкур тур йўқолиб кетиш хавфи остида қолди. Мустақиллик йилларида биологик хилмахилликни сақлаш, атроф-муҳит мусаффолиги ва экологик барқарорликни таъминлашга қаратилган ислоҳотлар туфайли гужум яна кўпайтирила бошланди. Бугунги кунда шаҳар ҳамда қишлоқларни кўкаламзорлаштиришда ҳам ундан кенг фойдаланилаяпти. 
Мисол учун, шаҳарларда лойиҳа асосида яшил майдонларнинг биринчи қаторларига игна баргли дарахтлар, кейинги қаторларга гужум ниҳоллари қадалаяпти. Агар жорий йилнинг баҳорги экин-тикин мавсумида вилоят бўйича 9 миллион 600 минг туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазиш режалаштирилган бўлса, шунинг 1 миллион тупини гужум ташкил этади.
Эътиборлиси, воҳа иқлимига мос бўлган соябоп ва ёғочбоп бу дарахт ниҳолларини топиш қийин эмас. Шовот туманидаги “Анор” фермер хўжалигида унинг кўчатини кўпайтириш йўлга қўйилган. Бу ерда айни пайтда 1 миллион туп гужум кўчати захираси яратилган бўлиб, улар аҳоли ва ташкилотларга етказиб берилмоқда.
Зеро, гужум дарахти Хоразмнинг кўҳна ва навқирон обидалари сингари ўта қадимий ҳамда мафтункордир. Унинг кўпайтирилиши биологик хилмахилликни сақлаш, экологик барқарорликни таъминлашнинг муҳим омилларидан бири саналади.


Ойбек РАҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Ноёб қушлар ошёни Мўъжизавий тош »