Ноёб қушлар ошёни
  • 24 Апрель 2015

Ноёб қушлар ошёни

Денгизкўл — Олот тумани марказидан 35 километр жанубда, Зарафшон дарёси ўзанининг қуйи қисмида жойлашган йирик сув ҳавзаси. Чўл бағридаги ушбу кўлнинг табиати ўзига хос бўлиб, саксовул, черкез, юлғун, шувоқ, янтоқ, ялтирбош, нўхатак, қуштили каби наботот намуналари кенг тарқалган. Туранғил, ёввойи терак, тол, жийда, қамиш, қўғалар эса қуюқ чакалакзорларни ҳосил қилган. Бу жойда тўнғиз, шоқол, тулки, тўқай мушуги, эчкиэмар, ўқилон, қум бўғма илони, тошбақа сингари жониворлар ҳам учрайди. Ихтиофаунаси эса, асосан, Амударё ва Зарафшон дарёларида учрайдиган балиқ турлари ҳисобидан шаклланган.

Мазкур кўл сув ва суволди қушлари ҳаётида, айниқса, муҳим аҳамиятга эга. Денгизкўл пайдо бўлганидан буён унинг ҳудуди турли-туман учиб ўтувчи қушларнинг кўпайиши, озиқланиши ва қишлаши учун қулай маскан вазифасини ўтаяпти. Бу ерда Халқаро ва Ўзбекистон “Қизил китоб”ига киритилган ноёб қушларнинг ўндан ортиқ тури мавжуд. Улар кўл бўйларида бехавотир полапон очиб, учирма қилишмоқда. Айниқса, кичик қоравой, кичик оқ қўтон, қошиқбурун, вишилдоқ оққуш, мармар ўрдак, олақанот ўрдак, Зарафшон қирғовули, йўрғатувалоқ каби қушлар учун Денгизкўл қадрдон маскан саналади.
Кўп йиллик тадқиқотларимизнинг кўрсатишича, камсонли қушлардан оқбош ўрдакнинг дунё популяциясидаги 20-23 фоизи Денгизкўлда қишлаб қолса, республикамиз ҳудудида учрайдиган қушларнинг қирқ фоиздан ортиқроғи унинг бағрида қўним топган. Баҳорги ва кузги учиб ўтиш даврида сув ҳавзасида пушти бирқозон, жингалакли бирқозон,  кичик оқ қарға, мармар ўрдак, қора бошли балиқчи каби  камсонли, нодир қушлар борлиги кузатилган. Айнан шулар ҳисобга олиниб, республикамизда “Денгизкўл” орнитологик давлат буюртмахонаси ташкил этилган. Унинг фаолият кўрсатиши муддатсиз қилиб белгилангани эътиборга моликдир.
Мустақиллик йилларида ушбу буюртмахона Рамсар конвенцияси рўйхатига киритилиб, алоҳида муҳофаза остига олинди.
Вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси мутахассислари томонидан ўтказилган мониторинг натижаларига қараганда, кейинги йилларда кўл суви таркибида минерал тузларнинг миқдори ошган. Айни пайтда оқар сувни  қисман кўпайтириш ҳисобига кўлнинг жануби-шарқий қисмларида шўрланиш даражасини камайтиришга муваффақ бўлинди.
Бу ҳақда тўхталишимизнинг боиси бор, албатта. Чунки сув таркибида туз миқдорининг ошиб кетиши ҳавзада қушлар учун озуқа манбаининг камайишига олиб келади. Шуни инобатга олиб, кўлга оқизилаётган сув миқдорини ошириб бориш, биомелиоратив ишларни сифатли ўтказиш мақсадга мувофиқдир. Зеро, фаунаси бениҳоя бой, халқаро аҳамиятга эга бу масканни асраб-авайлаш барчамизнинг бурчимиздир!


Мухтор  ТЎРАЕВ,
Бухоро давлат университети Экология кафедраси доценти, биология фанлари номзоди.
Шовмиддин ПАРДАЕВ,
вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси инспекцияси бошлиғи, биология фанлари номзоди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Ноёб қушлар ошёни Хоразм гужумлари »