Бир ўлкаки, тупроғида...
  • 24 Апрель 2015

Бир ўлкаки, тупроғида...

Бу ноёб ўсимликнинг асл ватани Мексика бўлиб, у бундан 30 йил муқаддам Самарқанд давлат университетининг оранжереясида экилган эди. Аммо унинг юртимиз иқлимига мослашиши осон кечмади. Мутахассисларнинг кўп йиллик изланишлари, алоҳида парвариши туфайлигина агава заминимизда туп отиб, палак ёзди. Бугун унинг барқ уриб очилган тўп-тўп гулларини кўрган кишининг дили қувнайди.

Ойнаванд хона ичида дунёнинг турли жойларидан келтирилган бу каби наботот намуналари ниҳоятда кўп. Масалан, ёпиқ шароитда ўстириладиган манзарали, тропик ва субтропик ўсимликларнинг 250 дан ортиқ турлари парваришланмоқда. Бу эса узлуксиз ва қўшимча таълим жараёни, айниқса, олимлар, изланувчилар ҳамда талабалар томонидан илмий тадқиқот ишларини амалга оширишда биологик ва экологик захира бўлиб хизмат қилаяпти.
2011 йилда ушбу мўъжазгина маскан БМТ Тараққиёт дастури ҳамда АҚШ, Германия ва Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчихоналари молиявий кўмаги асосида тўлиқ қайта таъмирланди. Натижада у шаҳар аҳолиси ва меҳмонларининг энг севимли жойларидан бири бўлиб қолди.
Дарҳақиқат, ўқув ва оммабоп оранжерея йил бўйи кўплаб тингловчилардан ташқари, меҳмонлар, айниқса, хорижий сайёҳлар билан гавжум бўлади. Уларда минтақа иқлимига хос бўлмаган ўсимликлар ўстирилаётгани ҳавас ва ҳайрат ҳиссини уйғотмоқда. Лавр, қаҳва ва қовун дарахтлари, пальма, банан, япон мушмуласи ва кактуслар шулар жумласидандир.
Айни пайтда интродукция (иқлимга мослаштиришнинг дастлабки босқичи) шароитида манзарали ўсимлик турларини кўпайтириш, шу тариқа юртимиз ўсимлик оламини янада бойитиш мақсадида режали ишлар амалга оширилмоқда. Бу эса қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрини кўкаламзорлаштириш, ландшафт дизайнини яратишда қўл келаяпти.
Оранжерея ходимлари хизматига бўлган талаб тобора ортиб бораётгани эса уларни янада ғайрат-шижоат билан меҳнат қилиш, янги турлар устида изланиб, уларни юртимиз иқлимига мослаштиришга руҳлантирмоқда.

Хислат ҲАЙДАРОВ,
Самарқанд давлат университетининг Ботаника ва ўсимликлар физиологияси кафедраси мудири, доцент.
Шомурот ШАРАПОВ олган сурат.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn