«Қизил китоб» саҳифаларидан
  • 24 Апрель 2015

«Қизил китоб» саҳифаларидан

Бизғалдоқ

Қушларнинг энг серҳаракат пайти баҳор фаслига тўғри келади. Бу уларнинг иссиқ ўлкалардан учиб келиши билангина боғлиқ эмас. Балки ин қуриб, полапон очиши, уларни учирма қилиши туфайлидир. Шу боис қушларнинг “чуғур-чуғур”лари анча жонланиб қолган.
Ўзбекистон табиати нафақат учиб ўтувчи, айни пайтда доимий яшовчи қушларга ниҳоятда бойлиги билан ажралиб туради. Улар орасида ноёб турларнинг кўплиги, айниқса, эътиборга молик. Бизғалдоқ  — шулардан  бири.
Одатда, бу қуш мамлакатимиз жанубий қисмидаги тоғларда қишлаб, март — апрель ойларида тоғ этаклари, бутазорли текисликларнинг чўллашган ва яримчўллашган ҳудудлари, сув ҳавзалари қирғоқларига учиб ўтади. Унинг кўпайиш даври апрель — май ойларига тўғри келади ва иккитадан бештагача полапон очади.
Афсусланарлиси, бизғалдоқлар сони дунё бўйича қисқариб кетмоқда. Бунга, асосан, қўриқ ерларнинг ўзлаштирилиши, ноқонуний ов қилиш сабаб бўлаётгани айтилмоқда. Шунинг учун улар Табиат ва табиий ресурсларни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқи рўйхатига киритилган бўлиб, овлаш тақиқланган.
Юртимизда ҳам бу турни сақлаб қолиш, табиий кўпайишига қулай шароит яратиб бериш бўйича ишлар изчил амалга оширилмоқда. У Ўзбекистон Республикаси “Қизил китоб”ига киритилиб, муҳофаза остига олинган. Бу каби саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бераётгани қувонарлидир. Қушларнинг сони ўтган асрнинг 60 — 70-йилларида кескин камайиб кетган бўлса, бугунги кунга келиб, барқарорлашиб бораяпти. Ҳозирги кунда бизғалдоқларнинг бир неча мингтаси юртимизда қишлаб, эмин-эркин кўпаймоқда.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn