Нурота тизма тоғларининг маликаси
  • 24 Апрель 2015

Нурота тизма тоғларининг маликаси

Мамлакатимизнинг Жиззах, Самарқанд ва Навоий вилоятлари ҳудудлари бўйлаб чўзилган Нурота тизма тоғларининг табиати, ўсимлик ва ҳайвонот олами ўзига хослиги билан ажралиб туради.

Фан оламида “Қизилқум қўйи” деб аталадиган олқорлар фақат ушбу манзиллардагина учраши бунга бир мисол. “Нурота” давлат қўриқхонаси фаолиятининг асосий йўналиши ҳам шу каби ноёб ҳайвонлар, паррандаю даррандалар, ўсимлик дунёсининг кам учрайдиган турларини сақлаб қолиш, уларни келажак авлодларга безавол етказишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
— Қўриқхонамизнинг умумий майдони қарийб 18 минг гектарга тенг бўлиб, табиати ниҳоятда ранг-баранг, — дейди унинг директори вазифасини бажарувчи Тоҳир Матлабов. — Айтайлик, ўсимликларнинг 78 оилага мансуб, 800 дан ортиқ тури ўсса, шундан 24 таси фақат Нурота тизма тоғларида учрайди, холос. Анзур пиёзи ва ширачнинг 3, лола ва астарагалнинг 5 тадан тури шулар жумласидандир.
Қўриқхонанинг ҳайвонот олами ҳам хилма-хил. Бу ерда уя соладиган қушларнинг 10 тури, учиб ўтувчи қушларнинг 8, сут эмизувчиларнинг эса 4 тури Ўзбекистон Республикаси “Қизил китоб”ига киритилган. Улар ичида, айниқса, олқорлар ўта ноёб ҳисобланади.
Сўнгги маълумотларга қараганда, қўриқхона ҳудудида бу жониворларнинг 1500-1600 боши ҳисобга олинган. Бу ерда уларни кўпайтириш учун махсус парваришхона ташкил этилган. Дастлаб унинг майдони 4 гектар бўлган бўлса,  бугунги кунга келиб,  14 гектарга етказилди. Атрофи сим тўр билан ўраб олинган  ушбу ҳудудда 11 бош олқор назорат остида боқилаяпти. Ўртача тирик вазни 70 килограммгача етадиган бу ноёб қўйларни кўриш, ҳаёт тарзи билан яқиндан танишиш учун қўриқхонанинг “Ҳаёт” участкасига қарийб ҳар куни ўнлаб сайёҳлар, ҳатто хорижликлар ҳам ташриф буюришади.
Дарвоқе, “Нурота” давлат қўриқхонаси ҳудуди она-табиатимизнинг энг жозибали гўшаларидан бири сифатида экотуризмни ривожлантириш учун жуда қулайдир. Сайёҳликнинг мазкур турининг мақсади табиатга зарар келтирмаган ҳолда, унинг гўзаллигидан баҳраманд бўлиш эканлигини ҳисобга олсак, бу ерда бунинг учун барча имконият мавжуд. Қўриқхона ҳудудида жойлашган Асраф, Ухум, Ҳаёт, Сентоб каби қишлоқларда бир қатор тадбиркорлар аллақачон экотуризм ишқибозлари учун “Меҳмонхона уй”лар фаолиятини йўлга қўйишган. Шунинг учун ҳам, ана шу қишлоқлардан сўнгги йилларда хорижлик сайёҳларнинг қадами узилмайди. Ахир Можрумдаги 2 минг йиллик ноёб арча, танасининг айланаси 8 метр, илдиз ковакларида бемалол 4-5 одам ўтирадиган улкан сарв дарахти, Сентобсой, Тиккасой ва Ухумдаги қояларга қадим аждодларимиз томонидан ўйиб ишланган петроглифлар, “Ҳаётбоши” чўққисидаги Фозилмон кўли, сойлардан шарқираб оқаётган зилол сув, тоза ҳавосию турли сайроқи қушларнинг наволари — буларнинг барчаси “Нурота” давлат қўриқхонасига ташриф буюрган ҳар қандай сайёҳни лол қолдириши, турган гап. Қисқаси, бу ерга бир бора келган киши унга мафтун бўлиб қолади. Она табиатнинг ажиб латофатидан баҳра олиш ниятида қайта-қайта ташриф буюраверади.


Тожиддин ҚАМАРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn