Улкан ва бебаҳо мерос
  • 17 Апрель 2015

Улкан ва бебаҳо мерос

Мустақиллик туфайли кўҳна ва бетакрор тарихимизни чуқур ўрганиш, ўзлигимизни англашга кенг имконият яратилди. Хусусан, бугунги кунда жаҳон илм-фани ҳамда маданияти ривожига беқиёс ҳисса қўшган Алишер Навоий сингари улуғ аждодларимиз фаолияти ва бебаҳо мероси билан кенг жамоатчилик, халқимизни ошно этиш, аждодларимизнинг буюк хизматларини тарғиб қилиш борасида кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Навоий инсонийлик, тинчликсеварлик, маърифатпарварлик ғояларини юксак маҳорат билан тараннум этган буюк ижодкор, туркий халқлар тили ва адабиётини жаҳон миқёсига кўтариб чиқа олган даҳо адибдир. Шу жиҳатдан, у жаҳон адабиётининг энг ёрқин сиймолари Рудакий ва Фирдавсий, Низомий ва Саъдий қаторидан муносиб ўрин олган. Улуғ озарбайжон шоири Фузулий эса Алишер Навоий ижодига юксак баҳо бериб, уни “Султони салотини шуъаро” деб атаган.
Навоийнинг бой мероси инсоният тарихининг барча даврлари учун аҳамиятлидир. Ўлмас доҳиёна сўз-ўгитлари ҳануз одамларни эзгу ишларга ундайверади.
Маълумки, Навоий адабий тил ривожига салмоқли ҳисса қўшган. Унинг асарлари сўз санъатининг юксак ғоялар ифодаланган олий намунаси бўлиши билан бирга, мукаммал адабий тил намунаси ҳамдир. Бобокалонимизнинг “Муҳокамат ул-луғатайн”и илмий асар бўлиб, у фақат ўзбек тили нуқтаи назаридан эмас, балки умумий тилшунослик илмининг намунаси сифатида синчиклаб ўрганишга лойиқдир. Бу асарда тил ва унинг назарий масалалари фаннинг бугунги талабларига жавоб бера оладиган даражада таҳлил қилинган.
Алишер Навоий ҳаётининг охирги йилларида бутун умри мобайнида ёзган шеърларини “Хазойин ул-маоний” номи билан тўртта девонга тақсимлаган. Ушбу девонлар XV асрдаёқ нафақат Мовароуннаҳр ҳамда Хуросонда, балки Эрон, Озарбай-
жон, Ҳиндистон, Шарқий Туркистон ва бошқа ўлкаларда ҳам шуҳрат топган.
Навоий шеърияти инсон ҳамда инсоннинг ҳаёт тарзи ҳақидаги сабоқлар тўпламидир. Унинг деярли барча асарларида эзгулик, саховат, ҳиммат, инсофу адолат, сабру қаноат ва ҳаёт қийинчиликларига бардош бериш мадҳ этилади. Инсон вужудидаги душманлик, ҳасад, ёвузлик, адоват, бахиллик, хасислик, тамагирлик, ёлғончилик, дунёга ҳирс қўйиш каби иллатлар қораланади.
Шоир инсонни камолот сари интилишга чорлайди, унинг умри абадий эмаслиги, у кейинчалик пушаймон бўлмаслик учун ҳар бир дамни эзгу ишларни амалга оширишга сарфлаши лозим эканлигига ундайди. Ҳазратнинг, айниқса, инсонларни жинси, ирқи, миллати ёки диний эътиқодига қараб эмас, балки уларнинг мақсадлари, хислатларидан келиб чиқиб баҳолаш  лозимлиги хусусидаги фикрлари ҳамиша долзарблиги билан таъсирлидир. Масалан, у ўз қаҳрамонларини турли ўлка ва халқларнинг фарзандлари сифатида тасвирлайди:
Кўнгулни олса малоҳат била тафовут йўқ,
Хитойи ўлсину ё армани ва ё ҳинду.
Ҳусн чун жилва қилур, оқу қорада йўқ фарқ,
Кишига келса бало — хоҳи Хито, хоҳи Ҳабаш.
Мен тилаб ҳусн, вале шоҳ тилаб аслу насаб
Менга лўли била ҳинду, анга қўнғироту қиёт.
Орадан шунча вақт ўтибди ҳамки, қомусий билимларни ўзида мужассамлаштирган бу улуғ мутафаккир шоирнинг жаҳон маданияти хазинасида муносиб ўрин эгаллаган ўлмас асарлари авлоддан-авлодга хизмат қилиб келмоқда. Унинг бизга қолдирган бой ва улкан мероси умуминсоний маданиятнинг хазинасига бебаҳо ҳисса бўлиб қўшилди. Уларда порлоқ ҳаёт билан боғлиқ олижаноб фикрлар олға сурилган. Шунинг учун Навоий асарлари ҳам макон, ҳам замон билан доимо ҳамоҳанг, ички мутаносибликка эгадир.

Саидбек ҲАСАНОВ,
Алишер Навоий номидаги Адабиёт музейи директори,
филология фанлари доктори, профессор.

Инсоний фазилатлар сабоғи
Алишер Навоий умрининг сўнгги ўн йилида “Муҳокамат ул-луғатайн”, “Мезон ул-авзон”, “Мажолис ун-нафоис”, “Рисолаи муаммо” илмий асарлари билан бирга, “Маҳбуб ул-қулуб”, “Тарихи мулки ажам”, “Вақфия”, “Муншаот”, “Тарихи анбиё ва ҳукамо” сингари ижтимоий-сиёсий, фалсафий руҳдаги насрий ҳам обидаларни яратди.
 Унинг “Насоим ул-муҳаббат” асарида Шарқ файласуфлари, шоирлари, шунингдек, ўша давр ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим роль ўйнаган турли соҳа кишилари ҳаётига оид маълумотлар келтирилган.
Ушбу асарда инсонни улуғловчи, унинг одоб-ахлоқини кўрсатувчи хислатлар ҳақида турли ҳикояту ривоятлар бор. Ана шундай ҳикоятлардан бирида тўғрисўзлик хусусида фикр юритилади. Айтишларича, бир киши душманлар таъқибидан қочаётганида бир дарвеш уни вайронага беркитибди. Келаётганларга: “Сизлар қуваётган одам вайронада” деса ҳам, улар ишонмай, бизни алдаяпсан, деб ўтиб кетадилар. Таъқибдан халос бўлган йигит вайронадан чиқиб: “Нега мени ўзинг беркитиб, яна ўзинг айтиб бердинг?” деб ўпкалаганида, дарвеш: “Менинг ростгўйлигим барокатидин қутулдинг, энди билганингни қил!” дея жавоб берган экан. Бу ҳикоятни келтирар экан, Алишер Навоий “Ростгўйлик инсон учун буюк фазилатдир”, дейди.
Шунингдек, асарда улуғлар ҳаётида рўй берган ҳодисалар ҳам ибрат тариқасида кўрсатилади. Ҳажга бориш ниятида бўлган бир киши йўлда Шайх Мўминни учратиб, ундан маслаҳат сўраганида: “Агар онанг бўлса, унинг хизматида бўлгин! — дейди Шайх. — Агар бош тортсанг, мен эллик марта ҳаж қилганман — бошяланг, оёқяланг ва ҳамроҳсиз. Барчасини сенга бердим. Сен онанг кўнглидаги шодликни менга бер!”.
Булардан ташқари, “Насоим ул-муҳаббат”да Абдураҳмон Жомий, Мавлоно Шарафиддин Али Яздий, Ҳомил Кирмоний, Қосим Табризий, Шайх Низомий, Фаридиддин Аттор, Саъдий Шерозий, Хусрав Деҳлавий, Камол Хўжандий каби донишманд кишилар ҳамда буюк иқтидор соҳиблари ҳақида ҳам қисқа ва лўнда маълумотлар берилган.
Президентимизнинг “Юксак маънавият — енгилмас куч” асарида “Маънавиятни шакллантирадиган асосий мезонлар — маънавий мерос, маданий бойликлар, кўҳна тарихий ёдгорликлар”, дейилган. Дарҳақиқат, маънавият тушунчасини англаш учун, аввало, инсонни тушуниш, англаш керак. Шу маънода, Алишер Навоийнинг “Насоим ул-муҳаббат” асари ушбу жиҳатдан муҳимдирки, уни ўрганишда тарихимизни, улуғларимиз ҳаётини билиш билан бирга, унда илгари сурилган ростгўйлик, тўғрилик, ҳалоллик, меҳнатсеварлик сингари қатор умуминсоний фазилатлар ёшларимизнинг комил инсон бўлиб улғайишларида муҳим аҳамият касб этади.

Олимжон ЖЎРАЕВ,
Жиззах давлат педагогика институти профессори.

ДУРДОНА
Тунунгда шамъи мажлис бўлсам эрди...
Тикан кирса кафингға кинасидин,
Чиқорсам эрди киприк игнасидин.
Кўруб хору хас ўрнунгда ниҳони,
Сочим бирла супурсам эрди они.
Чу билсам гарддин кўнглунгда қайғу,
Ер узра ашкдин сепсам эди сув.
Бошингға тушса меҳнат шоми жовид,
Юз очиб зоҳир этсам эрди хуршид.
Агар жонингға қасд этса узун кун,
Сочим еткурса эрди анбарин тун.
Юзунгни олмасам эрди энгимдин,
Аритсам эрди ашкингни енгимдин.
Тилар бўлсанг юзунг кўрмакка кўзгу,
Юзум юзунгга тутсам эрди ўтру.
Сув истаб тушса ўтлуғ кўнглунга жўш,
Лабимдин тутсам эрди чашмаи нўш.
Дамо-дам айлабон ҳамдамлиғингни,
Кеча-кундуз қилиб маҳрамлиғингни.
Тунунгда шамъи мажлис бўлсам эрди,
Кун ўлса ёру мунис бўлсам эрди.
Чу айлабтур сиреҳри тезрафтор,
Сени бир ён, мени бир ён гирифтор.
Киши гар кўксини юз пора қилсун,
Фалак бедодиға не чора қилсун!
Анинг бедодидин ким бўлса ношод,
Қилур жониға бедод узра бедод.
Неча сен бастаи банду балосен,
Балолар банди ичра мубталосен.
ўаму дардингча дард имкони йўқтур,
Балоу меҳнатинг поёни йўқтур.
Вале бўлмиш жаҳон аҳлиға маълум
Ки, илгингда қотиқ хоро эрур мум.
Чекарга дарду андуҳ журъатинг бор,
Бало тортарға сабру тоқатинг бор.

«Фарҳод ва Ширин» достонидан.

Ҳайратлар олами
Навоий инсон умрининг мазмуни ҳақида кенг ва теран мулоҳаза юритган. Барча даврлар ҳамда замонлар учун етук донишманд ҳисобланган ул зотнинг бу борадаги фикр-мушоҳадалари ўзининг фавқулодда теранлиги, фалсафий салмоғи ва бадиий мукаммаллиги билан алоҳида ажралиб туради.
Чунончи, шоир шундай байтни битган:
Бу коргаҳда хато келмади чу бир сари мўй,
Хато менинг назаримдандур, хато кўрсам.
Мазмуни: “Бу дунёда битта қил ҳам бесабаб пайдо бўлмаган. Агар мен бирор нарсада хато кўрсам, у, аслида, ўша нарсанинг чиндан ҳам хато яратилганлиги туфайли эмас, балки менинг нуқтаи назаримнинг қусурли эканлигидандир”.
Байтда иккита изоҳталаб сўз мавжуд: биринчиси — коргаҳ. Бу сўзнинг луғавий маъноси — ишхона, корхона, дўкон, иш жойи. Бирор иш амалга ошириладиган жой ёки нарса. Масалан, тўқувчилик дастгоҳи. Мажозий маънода эса, бирор бир манзил, қароргоҳ, жумладан, дунё, олам маъносида ҳам қўлланилади. Мирзо Бедил бу дунёни “коргаҳи қумоши шаббоф” — “тунда нафис матолар тўқийдиган корхона”, мажозий маънода, “зулмат, яъни ғафлатнинг нафис матосини тўқийдиган корхона” деб атайди. Яъни ранг-баранглиги билан одамларнинг кўзини ўйнатиб, уларни ғафлат тўрига ўрайдиган ва мақсаддан чалғитадиган жой. Навоий ҳам бу сўзни айнан дунё маъносида кўп қўллайди. Хусусан, “Наводир уш-шабоб” девонидан ўрин олган ғазалларидан бирида ёзади:
Бода тутким, бу улуғ коргаҳ аҳволиндин
Ҳеч фаҳм ўлмади ҳар неча хаёлот айлаб.
Мазмуни: “Май тутки, бу дунё сиру синоати ҳақида ҳар қанча ўйлаб, мушоҳада юритиб, тасаввуру тахайюлга берилсам-да, ҳеч нарса маълум бўлмади”.
Энди юқорида келтирилган байтга қайтсак, иккинчи изоҳталаб сўз — сари мўй. У бошдаги сочнинг бир тукича, сочнинг бир учича, қилча, яъни заррача, озгина, арзимас даражада маъноларини билдиради. Демак, шоир бирор нарса, ҳатто у қилча бўлса ҳам, муайян мақсадсиз яратилмаган, бирор вазифадан холи эмас, ўзининг муқим ўрнига эга, илоҳий ҳикмат ва хизматга молик, деган фикрни илгари сураяпти.
Навоийнинг баъзи фикру ташбеҳлари ғазалдан-ғазалга кўчиб юради. Лекин шоир уларни шунчаки такрорлаб қўя қолмайди, балки муайян фикрни давом эттиради, унинг янги маъносини очади, шарҳини келтиради. Бинобарин, шоирнинг у ёки бу байтини шарҳлаш учун узоққа бориб ўтирмай, “Хазойин ул-маоний”, “Хамса” достонлари ёки бошқа асарларидаги муштарак байтлар асосида турли маъно қирраларини очиш мумкин. Коргаҳ — дунё моҳияти борасидаги байтлари хусусида ҳам шундай дейиш ўринлидир. Жумладан, “Садди Искандарий” достонида Искандарнинг саволига Арастунинг жавоби мисолида Навоий бу масалага ҳам ойдинлик киритади:
Неким офаринишқа пайвастадур,
Бори бир-бирисига вобастадур.
Бир иш деса бўлмас “сазовор эмас” —
Ки, бир ришта тоб анда бекор эмас.
Бу худ собит ўлдики, йўқ ҳеч зот
Ва ё ҳеч аъфол ёхуд сифот —
Ки, зимнида хосияте бўлмағай,
Вужудида кайфияте бўлмағай.                            
Мазмуни: “Борлиқдаги барча нарсалар бир-бирига боғлиқдир — бирор нарсани мувофиқ эмас, деб бўлмайди, чунки ҳатто қил ҳам унда бекор яратилмаган: зот, феъллар ва сифатлар шундай муқаррар бўлганки, улардан ҳар бирининг асосида бир хислат, вужудида бир хусусият мавжуд”.
Ҳақиқатан ҳам, шоирнинг айни шу мазмундаги барча байтлари ўзаро қиёсланса, бу борадаги фикрлар моҳияти ойдинлашади — бир байти иккинчисининг, иккинчиси учинчисининг маъносини очишга ўзига хос калит бўлиб хизмат қилади. Бундан англашиладики, Навоий теран фикрларини бадиий юксак мисраларда мураккаб бир услубда ифодалабгина қолмай, бу тилсимни очиш учун бир неча “очқич”лар ҳам қолдирган. Уни топиш забардаст сўз санъаткори тадқиқотчисининг истеъдод кучи, билим даражаси, идрок қуввати, тахайюл қудрати, таҳлил маҳоратига боғлиқ.
“Бу дунё бус-бутун ҳикмат-ку, ҳикмат!”  деган эди буюк Абулқосим Фирдавсий муаззам “Шоҳнома” асарида. Навоий эса бу ҳикмат сирларини излагани, унинг моҳиятига етишга интилгани сари ҳайрат асирига айланаверади, ҳайрат ўтида куяверади:
Сипеҳр гунбади ичра нетиб қадаҳ ичмай —
Ки, бўлди мужиби ҳайрат бу корхона манга.
Мазмуни: “Бу кўк гумбази ичра нега май ичмайки, бу корхона, яъни олам менинг ҳайратланишимнинг сабаби бўлиб турибди”.
Ўз даврининг фозил кишиси сифатида Навоийнинг олам моҳиятини англаш, инсон қалби сир-синоатларини билишга, ҳаёт маъноси, инсон умрининг мазмунини тушунишга интилгани, табиий. Лекин у ўзининг бу борадаги билим ва хулосаларидан қониқмаган, имкон қадар кўпроқ нарсани билишга уринган — унинг коргаҳ, корхона тушунчалари билан боғлиқ байту мисралари билишга чанқоқ кўнгилнинг ҳайрату ҳаяжонлари, эътирофи ва иқроридир.
Эргаш ОЧИЛОВ,
филология фанлари номзоди.

РУБОИЙЛАР
Эй ишқ, анинг кўйида тавфи ҳарам эт,
Бизни доғи ул тавфға бошла, карам эт,
Бир доира кўйи теграсида рақам эт,
Гар чиқса аёғим, рақамингдан қалам эт.

Бўлди менинг ўлмагимга савдо боис,
Савдоға ҳавойи жоми саҳбо боис,
Саҳбоға доғи дайру чалипо боис,
Бу барчаға ул дилбари тарсо боис.

Будур тилагимки, улки маъбудунг эрур,
Туткай сени улёнки, сенинг судунг эрур.
Кўнглунгга  етургай улча беҳбудунг эрур,
Илгингга кетургай улча мақсудунг эрур.

Аҳбоб, денгизки, хонумондин тамаъ уз,
Не хону не мон, кавну макондин тамаъ уз,
Не кавну макон, жону жаҳондин тамаъ уз,
Лекин демангиз муники ондин тамаъ уз.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn