Юлдузларга талпинган сиймо
  • 22 Февраль 2014

Юлдузларга талпинган сиймо

Халқимизнинг улуғ фарзанди, жаҳон илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшган беназир аллома ва давлат арбоби Мирзо Улуғбек номи  билан боғлиқ Самарқанддаги музей Президентимизнинг ташаббусига кўра, тубдан янги қурилган бинода фаолият бошлади.

1908 йилда олимлар Бобур Мирзонинг “Бобурнома” ва Абу Тоҳир Хожанинг “Самария” номли тарихий асарларидаги маълумотларга асосланиб, расадхонанинг жойини аниқлашга муваффақ бўлдилар. 1908-1909 йилларда қазиш ишлари олиб борилди, бу эса бутун дунё олимларининг диққат-эътиборини ўзига жалб этди. Қояни ўйиб олинган чуқурликда мармардан ясалган иккита параллел ёй, меридиан радиуси 40,2 метрга тенг бўлган жуда катта қурилманинг бир бўлаги топилди.
Бобур Мирзонинг ёзишича, расадхона уч ошиёнлик бино бўлиб, тўгарак шаклида бўлган, бинонинг деворлари сирли кошинлар билан қопланган. Абдураззоқ Самарқандий бу нодир обиданинг ички қисмини шундай тасвирлайди: “Бинонинг ички қисми жаҳонда тенги йўқ ранг-баранг нақшлар билан безатилиб, девор ва шифтларида осмон градуси (даражалари), дақиқалари, ҳатто, сонияларигача ҳисобланиб, етти сайёра ҳамда “ҳаракатсиз” (собита) юлдузлар, шунингдек, ер курраси, етти иқлим, тоғу саҳролар ва дарёю денгизлар ҳамда уммонларгача тасвирланган”.
Мирзо Улуғбек жуда бой кутубхона ва қўлёзмаларга эга бўлишига қарамай, сарой кутубхоналарига китоблар сотиб олиш учун жуда катта маблағ сарфлар эди. У Мовароуннаҳрни илм-маърифат марказига айлантириш йўлида улкан ишларни амалга оширади. Жумладан, Бухорода 1432 йил, Самарқандда 1417 — 1420 йиллар, ўиждувонда 1432 — 1433 йиллар мобайнида қурдирган мадрасалар энг нуфузли илм-фан маскани ҳисобланган. Мадрасада билим олиш муддати 8 йил давом этган. Шу муддат давомида талабаларга ойлик маош ва “Улфа” деб аталган махсус тўлов пули бериб борилган.
1424 — 1428 йилларда қурилган Мирзо Улуғбек расадхонаси ХV аср меъморчилигининг нодир намуналаридандир. Бобур Мирзонинг ёзишича, расадхонанинг сирти кошин ва чиройли безаклар билан зийнатланган.
Мустақиллик йилларида Мирзо Улуғбек меросини ўрганиш ва эътироф этиш янги босқичга кўтарилди. Президентимиз ташаббуси билан 1994 йилда Ўзбекистонда ва Париждаги ЮНЕСКО қароргоҳида Улуғбек таваллудининг 600 йиллиги катта тантаналар билан нишонланди. 2009 йилнинг БМТ томонидан “Астрономия йили” деб эълон қилиниши муносабати билан Мирзо Улуғбек таваллудининг 615 йиллиги Самарқандда ва Парижда кенг нишонланди.
Буюк аждодимизнинг фандаги ютуқлари барча миллат вакиллари томонидан кенг эътироф этилмоқда. Мирзо Улуғбек таваллудининг 600 йиллик тантанасида ЮНЕСКО Бош котиби Федерико Майор юлдузлар ҳаракатидаги вақт фарқини айтганди. Муҳтарам Президентимиз ишонч ва ғурур билан буюк бобокалонимизнинг янглишмагани, балки ўша даврга нисбатан компьютерлардаги ноаниқликни мисол келтириб ўтиши ҳам фахр намунаси, десак, адашмаймиз.
Ҳазрат Алишер Навоий:
Темурхон наслидин Мирзо Улуғбек,
Ки, олам кўрмади султон анингдек,
дея бобокалонимизни улуғлаган бўлса, замондош шоиримиз Муҳаммад Юсуф ҳам ул зотга бағишланган шеърини шундай сатрлар билан бошлаган:
Самарқандга борсам мен агар,
Улуғбекни кўриб қайтаман...    
Ана шундай улуғ бобокалонларимизга муносиб бўлиш, уларнинг боқий меросини ўрганиш, тадқиқ этиш, чин инсоний фазилатларидан сабоқ олиш эса ҳар биримиз, айниқса, ёшларимиз учун кони фойдадир. Зеро, давлатимиз раҳбарининг “Юксак маънавият — енгилмас куч” асарида таъкидланганидек: “Буюк саркарда Амир Темур бунёд этган салтанатнинг вориси бўлишдек ўта масъулиятли вазифа айнан унга насиб этди. Мирзо Улуғбек қарийб қирқ йил мобайнида Мовароуннаҳр диёрининг донишманд ҳукмдори сифатида халқнинг азалий орзуси — тинчлик, тотувлик, илм-фан ва маданиятни тараққий топтириш йўлида улкан шижоат ва матонат кўрсатди”.

Маҳмуд БОБОЁРОВ,
Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси бош директори.

Навоийни англаш

Фурсат ғаниматдир
Уй бино айлаб ажабтур элни меҳмон айламак,
Улки бу уй ичра беш кун меҳмоне беш эмас.
Алишер Навоий шеъриятида тушунилиши осон бўлган байт ва ғазаллар талайгина. Бундай ғазалларни шарҳлашда, одатда, шеърнинг бадиий-эстетик жиҳатига кўпроқ эътибор берилади.
Жумладан, юқорида келтирилган байтда “беш кун” ва “беш эмас” ибораларида сўз ўйини — тажнис санъати қўлланилгани боис алоҳида диққат талаб қилади. Бунда шоир “беш” сўзининг туркий ва форсий маъноси (беш сўзи туркийда саноқ сон, форсийда кўп, ортиқ, зиёд маъноларини англатади)ни қўллаб, тасаввурни маъно-моҳият сари ҳаракатлантиради ва қалбда кечинмалар тўлқинини жунбушга келтиради. Бунинг натижаси ўлароқ “беш кун” ибораси ўқувчини теранроқ мулоҳаза юритишга, тафаккур қилишга чорлайди. Чунки халқ орасида беш кун ибораси қатори тўрт кун таъбири ҳам қисқа давр, бебақо дунё маъносида тенг ишлатилади, лекин Навоий шеъриятида тўрт кун дунёнинг бебақолигини англатувчи тавсиф сифатида бирор марта қўлланилмаган, айнан “беш кунлик” дунёга эса алоҳида ишора бор. Чунки оқил, покдомон, жамият ва раиятга фойдаси тегиб турган зот учун — “беш кун” жуда оз. Бунда шоир надомати ҳам акс этади. Ахир яхшилар ила олам гўзал. Яратган шундай кишиларга узоқ умр берса эди. “Беш кун” — аммоки, лоқайд, нафси амморага енгилган, фақат ўз тинчини деб яшаган инсонлар учун ниҳоятда бепоёнлик касб этади. Сабаби, улар ўз маънилари торлиги туфайли, алалоқибат зерикадилар, ҳаловатларини йўқотадилар. “Беш кун” шундай бир юкни елкаларига соладики, унинг ноаён азобидан еру кўкка сиғмайдилар. Воқеан улар ўтган вақт оралиғида нажот ва тасаллига  пойдевор қуввати хоссаларни вужудларида мавжуд этолмаганлар, баайни катта қоп тана бору ичи бўш. Айтиш жоизки, тасвир ва баённинг зоҳирий гўзаллигини кўзлаб, маъно юкидан озод сўзларнинг оҳангдорлигига қараб шеърда жойлаштириш Навоийдек тасаввури дақиқ шоир учун мутлақо ёт ҳодиса. Шунинг учун мумтоз шеъриятимизда қўлланилган ҳар бир тимсол, ҳар бир сўзнинг тарихий тадрижи ҳақида маълумот тўплаш, таҳлил қилиш ва муайян шеърга татбиқ эта билиш — тадқиқотчининг бирламчи вазифаларидандир.
“Беш кун” ибораси Навоийдан олдин ҳам, Навоийдан кейин ҳам Шарқ шеъриятида кенг қўлланилган. Хусусан, Навоийни ўзига устоз деб билган туркман шоири Махтумқулининг:
Узангинг тортарлар, тўрт кун кечган сўнг,
Беш кундан ортиқча меҳмон тўхтамас
деган сатрлари бор.
Навоий ўқиб-истифода қилган манбалардан бири — Хожа Абдуллоҳ Ансорийнинг “Илоҳийнома” асарида ҳаётнинг бешта энг муҳим куни Жунайд Бағдодий талқинида берилган. Унга кўра, ўтмишни хотирлаб, олдинги муваффақиятлардан мағрурланиб юришдан фойда йўқдир, чунки мозийдаги шавкат қайтарилмас, ўтмиш хатолари тузатилмасдир. Шу боис ҳар бир умр лаҳзаларидан тўғри фойдалана билиш, нафс аталмиш душман билан аёвсиз курашиб, ахлоқни адаб жавоҳирлари билан “безаб” бориш жуда ҳам муҳим.
Кундалик ташвишларга кўмилиб умргузаронлик қилиш, кўзни қамаштирувчи тақинчоқлар, пуч ҳою ҳавасларга иштиёқмандлик, бу — ҳаётсеварлик эмас. Аксинча, яшашдан мақсад, яхшилик ва ёмонлик, ҳаёт ва тириклик жумбоқлари каби азалий ҳамда абадий муаммолар хусусида фикр юритиш, тириклик аталмиш бебаҳо неъматнинг қадрини англаш ва унга муносиб бўлишга интилиш ҳаётнинг чин маъноси ва мазмунидир. Бинобарин, “Киши ўзи маърифат қилган нарсанигина яхши кўра олади...” Шу жиҳатдан, Навоий беш кунлик дунё ҳақиқатини теран мушоҳада этишга, ушбу ҳақиқат асосида ҳаёт кечиришга даъват этади.

Олимжон ДАВЛАТОВ,
филология фанлари номзоди.

Алломалар дейдики...

Биров сендан узрини сўраса, узрини қабул эт. Ўч олишдан кўра узрини қабул қилишда лаззат кўп!

Муҳаммад ҲУСАЙН

***

Гуноҳкор кишининг гуноҳидан кеч, адоват илдизини кес ва қўпориб ташла.

Аҳмад ЮГНАКИЙ

***

Ҳаддан ортиқ ғазаб ваҳшийлик келтиради ва бевақт қилинган лутф ҳам обрўни кетказади.

КОШИФИЙ

Энг улуғ фазилат
Қадим замонда бир одамнинг уч ўғли бор эди. Бир куни уларни ўз ҳузурига чақириб олиб:
— Ўғилларим, сизларни синамоқчиман, бир ой саёҳат қилинг. Шу бир ойлик умрингизни халққа фойдали, яхши ишларга сарф этинг. Қайси бирингизнинг қилган яхшилигингиз энг улуғ фазилат касб этса, бармоғимдаги қимматбаҳо узукни унга бераман,— деди.
Ўғиллари ҳар тарафга тарқалиб, саёҳатга чиқиб кетдилар. Бир ой саёҳат қилиб юриб, яна оталарининг ҳузурига қайтиб келдилар. Ота катта ўғлидан сўради:
— Ўғлим, шу бир ой ичида қандай яхшилик қилдинг?
— Отажон, бир куни танҳо ўзим бир боғ кўчасидан ўтиб кетаётсам, ерда жуда ҳам қимматли олмос тушиб ётган экан. Уни олиб дарҳол тегишли маъмурларга топширдим. Маъмурлар бошлиғи менга ташаккур айтиб, қўлимга мана шу тақдирномани ёзиб берди, олмоснинг эгасини топтириб унга топширди. Шу қилган ишим тўғрилигимга бир далил, шу ҳаракатим энг улуғ фазилат эмасми? — деб жавоб берди катта ўғли.
Отаси айтди:
— Жуда тўғри иш қилгансан, ўғлим, виждоний вазифангни адо этгансан. Лекин у олмос сенинг хусусий мулкинг эмас-ку?!
Кейин ўртанча ўғли сўзга киришди.
— Мен бир куни катта ариқ ёқасидан кетиб борардим. Шу чоқда бир ёш бола сувга тушиб кетиб, ҳалок бўлиш хавфи остида эканини кўриб қолдим. Дарҳол ўзимни сувга ташладим, кўп машаққат чекиб болани сувдан олиб чиқдим. Шу билан уни ўлимдан қутқазиб, ота-онасига эсон-омон топширдим. Ота-онаси мендан кўп миннатдор бўлиб, ҳаққимга дуо қилдилар. Ҳаётим қўрқинч остида қолса ҳам ёш болани ўлимдан қутқазиш учун қилган шу ҳаракатим билан мукофотингизга лойиқ бўлсам керак, деб ўйлайман.
Отаси ўртанча ўғлининг қўлини ушлаб:
— Офарин, ўғлим. Сени табриклайман, фақат шу гўзал ишинг туфайли қалбинг завқ-шавқ билан тўлганини ҳис этгансан, шунинг ўзи мукофот эмасми? — деди.
Кейин кичик ўғли отасига таъзим қилиб айтди:
— Отажон, менга доимо душманлик назари билан боқиб, зарар етказиб юрган бир одам бор. Мен унга ҳеч бир ёмонлик қилмаган бўлсам ҳам, у пайимда юради, ҳатто, мени ўлдириш учун фурсат кутади. Кеча ўша инсонни бир жар ёқасида ухлаб ётганини кўрдим. Агар уйқусираб бир ёндан иккинчи ёнга ағдарилса ёки қаттиқроқ товуш чиқариб уйғотилса, туришга ҳаракат қилиб жарга қулаб тушиши мумкин эди. Мен товуш чиқармасдан, секингина юриб унинг ёнига бордим. Жуда эҳтиётлик билан уни ушлаб, аста-секин ўз томонимга торта бошладим. Анча берига келиб хавф-хатардан қутулгандан кейин руҳим кўтарилди, шодланиб йўлимда давом этдим.
Отаси ўғлининг бу гўзал ишидан, олижаноблигидан шодланиб, кўзига ёш олди, уни қучоқлаб юз-кўзидан ўпиб:
— Бор бўл, ўғлим, яша, умринг узоқ бўлсин! Мукофотимни олишга сен ҳақлисан, чунки дунёда энг улуғ фазилат ёмонликка яхшилик қилишдир, — деб қимматли узугини ўғлининг бармоғига кийгизди, унинг ҳаққига дуо қилди.
Байт:
Отанг эрдир, сен ҳам эрдек қилиқ қил,
Ёмонлик айлаганга яхшилик қил.

Отабек ИСМОИЛОВ
тайёрлади.

Саид АҲМАД

Ҳайкал
(Ҳикоя)
Бухорода қадим иморатлар кўп. Бу кўҳна шаҳар кўчаларида хаёлчан кезарканман, бир тўда сайёҳлар боши булутга чулғанган минорага қараб туришганини кўрдим. Уларга кекса бир илмий ходим минора тарихини тушунтираяпти. Қулоқ солдим.
— Етти юз йил бўлган бу миноранинг қурилганига.
Сайёҳлар ҳайрат билан ёқаларини ушлашди.
Мен бу хил ёдгорликларни кўп кўрганман. Арманистондаги тўрт минг йиллик Двин харобалари, Кегарт қалъаларини, неча минг йиллар муқаддам ёзилиб бизга етиб келгунча тошга айланган китобларни кўрганман. Шуларни одам яратган, уларда одам қўлининг изи бор.
Бухоро кўчаларида кезарканман, жуда кўп хотиралар хаёлимдан ўтади. Асрлар қаърида қолиб кетган жангу жадалларни кўргандек, қилич-қалқонларнинг жарангини эшитгандек бўламан.
Буларнинг барини тарих шамоллари учириб кетди. Одамларнинг хотиридан юлиб кетди.
Аммо кўҳна деворда қолган беш бармоқ изи ҳали ҳам кўриниб турибди. Бу минг йиллар қаърида йўқ бўлиб кетган одам қўлининг изи. Шу азамат бинога ғишт терган меъмор қўлининг изи.
Одам қўлигина одамга абадий ҳайкал қўйишига ана ўшанда ишонганман.

Бир умр...
(Ҳикоя)
Театр майдонидаги саҳн баҳор кезлари жуда гавжум бўлади.
Қари-қартанг, ёш-яланг скамейкаларга ўтириб олиб ўзларини офтобга тоблашади. Кампирлар аравачаларда невараларини олиб келиб, ўзлари кўзойнак устидан газетани ялагудек қилиб ўқишади.
Мен ҳам бўш пайтларимда шу ерда ҳордиқ чиқаришни жуда яхши кўраман.
Бир кун киоскадан газета олиб ўқиб ўтирган эдим, ёнимда ҳассасини скамейкага тираб бир хотин ўтирарди. Унинг олдидаги ҳаворанг аравачада невараси ипи тугмасига боғлаб қўйилган қизил шарни ушлавололмай қийқиради. Кампир унга бепарво, ўтган-кетганларни томоша қилади.
— Неварами? — дедим. Кампир ўгирилиб қаради.
— Йўқ, айланай, чевара. Чевара ширин бўларкан. Онаси ёш. Дадасининг ўзи бола. Ўзим оёққа турғизиб бермасам эплашолармиди.
— Ҳали юрмайдими?
— Юриш қаёқда айланай. Энди той-той туряпти.
Биламан, болалар жуда айёр бўлишади. Кўтарадиган одамни топишса сира ерга оёқ қўйишмайди. Бу бола ҳам шунақа қилаётгандир. Кампирнинг меҳрибонлигидан фойдаланаётгандир.
— Юриб ҳам кетарди, қиш пайтида бола юришга эринади. Мана, офтоб одамнинг елкасини қиздириб қолди. Энди юриб кетар.
Кампир шундай деб болани аравачадан олди. Икки қўлтиғидан ушлаб ерга қўйди. Бола аввалига тиззасини букиб тихирлик қилиб турди-да, кейин икки оёғини ерга тиради.
— Қани, амакингларга битта той-той туриб бергин.
Кампир уни қўйиб юборди. Бола худди ҳавода муаллақ қолгандек омонат туриб қолди, кейин бирдан олдинга шўнғиб кетди. Шу шўнғиганда, ўнг оёғини кўтариб ташлади. Йиқилмади. Кейин яна бир марта шундай қилдию маст одамдек гандираклаб юриб кетди. Тўрт-беш омонат қадам ташлаб орқаси билан ўтириб қолди. Кампир югуриб бориб уни кўтарди. Бола энди аравага ўтиргиси келмай, ерга тушишга хархаша қилаверди. Кампир уни ерга қўйишга мажбур бўлди.
Шу алпозда бола уч-тўрт марта юришга интилди. Охири пилдираб беш-олти қадам босадиган бўлиб қолди. Кампир хурсанд.
Уларга қараб туриб, ўйлаб кетибман.
Боланинг оёғи ерга тегди. Биринчи қадами бошланди.
Эҳ-ҳе, бу одам ҳали ҳаётда қанчадан-қанча ерларни шу оёқ билан босиб ўтади. Умр бўйи...

Сўз кўрки
Инсон — одоби билан,
Осмон — офтоби билан.
Қобил ўғил роҳат келтирар,
Ноқобил ўғил — меҳнат.
Салом ҳам — фарз,
Алик ҳам — фарз.
Ўзбек халқ мақоллари

Лаззатли ва хосиятли
Халқимиз “олтин ёмби” деб атайдиган қовоқдан турли таомлар, жумладан, қовоқ сомса, қовоқ шўрва ва яхналар тайёрланишини яхши биласиз. Унинг сутда қайнатилгани, айниқса, лаззатли бўлади.
Қовоқнинг келиб чиқиш жойи Бразилия бўлиб, у ердан Ҳиндистонга келтирилган ва кейинчалик дунёнинг кўпгина мамлакатларига тарқалган. Археологик текширишларга кўра, қовоқ милоддан аввалги биринчи минг йилликдан бошлаб экиб келинади.
Ўзбекистонда қовоқнинг 50 га яқин тури мавжуд. Хусусан, биргина ошқовоқнинг мускадқовоқ, йирикқовоқ, ойимқовоқ, достарқовоқ, кулчақовоқ, картошкақовоқ, томошақовоқ сингари навлари маълум.
Ошқовоқ ҳам неъмат, ҳам малҳамдир. Ундан халқ табобатида йўтал, кўкрак ва томоқ оғриқларида фойдаланилади. Сабаби, таркибида қанд, пектин, калий, кальций, магний тузлари, темир, С, В1, В2, РР дармондорилари ва А провитамини каби моддалар учрайди. Уруғида эса 50 фоиз ёғ, фитостеринлар, органик кислоталар, қатрон бор. Бу моддалар меъда-ичак йўли, йўғон ичак яллиғланишига даво бўлса, пектин танадан холестеринни чиқариб юбориш хусусиятига эга.
Тинчлантирувчи омил сифатида уйқусизликда, безовта бўлганда кечаси ошқовоқнинг қайнатмасини асал билан бирга пиёланинг учдан бир қисмида ичиш тавсия этилади. Буюк аллома Абу Али ибн Сино ошқовоқдан олинган шира тиш оғриғини қолдириши, асал билан қайнатилгани эса ични юмшатиши ва чанқоқ қондиришини тадқиқ этган.

Мирзамир МИРЗАШАРИПОВ,
доришунос.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « «Бори элға яхшилик қилғилки...» Ота ва ўғил »