Улуғвор орзулар васфи
  • 14 Февраль 2015

Улуғвор орзулар васфи

Буюк шоир, донишманд бобокалонимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома” асари, киши завқини оширадиган дилбар ғазаллари, “Аруз” номли салмоқли рисоласини мутолаа қилганда унинг шахсиятидаги ибратли хислатларга дуч келаверамиз.

Асл мақсади бобоси Амир Темур салтанатини қайта тиклаш ва бошқариш экан, бу йўлда у ўзга режаларидан воз кечиб, бир умр ҳаракат қилди. Бунинг учун яқинларининг фитнаю хиёнатларини кечирди, душманлари билан сулҳ тузди. Ҳиндистон султони Иброҳим Лўдийнинг ўзи билан бўлган жангда  вафотидан сўнг унинг онасига кўп мурувват кўрсатди, саройидан жой берди.
Бобур ўз даврининг тарихчиси, этнографи, ўлкашуноси, биолог, диншуноси эди. Араб алифбосининг мураккаб, ўрганилиши оғир бўлганлиги боис янги “Хатти Бобурий” алифбосини яратган, давлатчиликда вақт меъёрларини қайта ишлаб чиққан, почта тизимига қулай тарзда тартиб берган, Хуросон ва Ҳиндистонда Мовароуннаҳр тамаддунини ёйиб, замондош ҳукмдорлардан фарқ қилган ҳолда, Кобул ва Ҳиндистоннинг йирик шаҳарларида кўзни қамаштирувчи обидалар қурган. Ҳиндистонда оддий халқ дардига ярайдиган кўплаб иншоотлар: мадраса, шифохона, масжид, работларни бунёд этганки, бу унинг маҳаллий халқ орасида катта шуҳрат қозонишига сабаб бўлган.
Бобур — ҳассос шоир. Унинг ғазаллари, рубоий ҳамда қитъалари, маснавий ва фардларида ҳаётга муҳаббат, умрнинг ўткинчи лаҳзаларини ғанимат билиш, роҳатланиш каби кайфият устунлик қилади. Айниқса, ғазалларида ҳасби ҳол — шоирнинг таржимаи ҳолига мойил қарашлари, орзу ва армонлари, шодлиги ҳамда ғамгинлиги, беморлигининг аччиқ дамлари  ва чексиз шодмонлигининг эҳтиросли лаҳзаларини кузатиш мумкин.
У имкони борича умрни сермазмун, хуш ўтказишни тарғиб қилар экан, маъшуқа образини илҳом билан тасвирлайди, уни нозиклик жиҳатидан сочини белича ва яна белини сочичалик нозикликда тасвирлайди. Шоир ана шу ёр, севикли дилбари билан ўтган дамини дунёдаги барча фурсатдан ортиқ билади, худди ана шу туйғу ҳам Бобурнинг нақадар ҳаётга интиқлиги, гўзалликни севишидан далолат беради:
Сочинг белинчау дағи сочи киби ёринг,
Латофат ичра йўқ фарқи бу иккининг сари мўи.
Муяссар бўлса билгилким, бори оламдин ортиқдур,
Кабобию майи нобию маҳтобию маҳрўйи.
Бобур ғазалларидаги ҳаётийлик, севикли ёрни мадҳ этиш руҳиятининг устунлиги кишини қайта-қайта мутолаага чорлайди. Назаримизда, бу хусусият муаллифнинг нафақат назмий, балки тарихий юришлари, ҳаётий мушоҳадалари, умр китоби бўлган насрий асари “Бобурнома”сидаги ҳаётий тасвир, оддийлик, ўзига хос оригиналлик билан ҳам бевосита боғлиқдир. Зеро, бу асарда биз шахсияти мураккаб инсоннинг кенг билими, ҳаётни, яшашни хуш ўтказиш борасидаги фикрларини, фақатгина хуш ўтказишгина эмас, балки умрнинг қадрига етиш,  ҳар ғанимат дамни ардоқлаш дарсини ҳам ўқиймиз.

Ҳасан ҚУДРАТУЛЛАЕВ,
филология фанлари доктори, профессор.

Нафис сўз санъаткори
Қомусий аллома, ўзбек мумтоз адабиётининг атоқли намояндаси Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳаёти ва ижодий фаолияти миллий адабиётимиз тарихида алоҳида ўрин тутади. Бинобарин, истиқлол йилларида мамлакатимизда миллий адабиётимиз ва тарихимиз саҳнасида ўчмас из қолдирган кўплаб аждодларимиз қатори Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижоди ва фаолиятини ўрганиш борасида қатор эзгу ишлар амалга оширилди.
Хусусан, унинг назмий девонлари, “Бобурнома”, “Аруз рисоласи”, “Волидия” сингари нодир асарлари қайтадан нашр қилинди. Бобур ва бобурийлар ҳақида хорижда яратилган юзлаб бадиий, илмий, тарихий манбалар ўрганилди, уларнинг аксарияти она тилимизга таржима қилиниб, китобхонлар эътиборига ҳавола этилди.
Шу билан бирга, замондош шоир ва ёзувчиларимизнинг улуғ аждодимиз ҳақидаги рисолалари, бадиий асарлари китоб ҳолига келтирилди.
Таъкидлаш керакки, Бобурнинг умри давомида кўнглида асраб-авайлаб юрган кечинмалари, армон ва орзуларини “Бобурнома”дек дунё адабиётининг ноёб дурдонаси
ўзида мужассам эта олган. Унинг шеъриятида Ватан туйғуси, соғинчи уфуриб турди.
Толеъ йўқки жонимға балолиғ бўлди,
Ҳар ишники айладим, хатолиғ бўлди.
Ўз ерни қўйиб Ҳинд сори юзландим,
Ё раб, нетайин, не юзқаролиғ бўлди.
Қолаверса, Бобур инсоний фазилатларни, ёр васлини куйлади, одамларни яхшиликка, адолат, инсонпарварлик, юксак инсоний туйғуларни қадрлашга, асрашга чақирди:
Ҳар кимки вафо қилса, вафо топқусидур,
Ҳар кимки жафо қилса, жафо топқусидур.
Яхши киши кўрмагай ёмонлиқ ҳаргиз,
Ҳар кимки ёмон бўлса, жазо топқусидур.
Бобур турли соҳага оид асарлар ёзди. 1522 йилда ўғли Ҳумоюн Мирзога атаб “Мубаййин” номли асар битди. Унда солиқ тизимидаги ва бошқа масалаларни назмда изоҳлаб берди. Шунингдек, “Хатти Бобурий”, бизгача етиб келмаган, бироқ тарихий манбаларда бу ҳақда айтилган “Муфассал” номли асарларида нафақат тарихчи, балки ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларини мукаммал билувчи олим эканлигини намоён этган.
Хулоса ўрнида айтганда, Бобур ижоди, айниқса, унинг адабиёт, тарих, тилшунослик, ҳуқуқшунослик, мусиқа ва географияга оид ноёб асарлари бизга тарихимиз ҳақида қимматли маълумотлар бериш билан бирга, ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, боқий қадриятларимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлашга ўргатади.

Мавлуда ХОЛБЎТАЕВА,
Темурийлар тарихи давлат музейи илмий ходими.

ТОПИЛМАС
Сендек манга бир ёри жафокор топилмас,
Мендек санга бир зори вафодор топилмас.

Бу шаклу шамойил била худ ҳуру парисен,
Ким жинси башар ичра бу миқдор топилмас.

Ағёр кўз олидау ул ёр аён йўқ,
ўам хори кўнгул ичраю ғамхор топилмас.

Эй гул, мени зор этмаки ҳуснунг чаманида,
Кўзни юмуб очкунча, бу гулзор топилмас.

Бобур сени чун ёр деди, ёрлиғ этгил,
Оламда кишига йўқ эса, ёр топилмас.

* * *
Жамолинг васфини, эй ой, неча элдин эшитгаймен,
Не кун бўлғай, висолингға мени дилхаста етгаймен!

Тараҳҳум юзидин юзунгни кўрмакка буюрғайсен,
Хуш улким, оразингни кўргамен, сўзунг эшитгаймен!

Итингдурмен, сочинг занжирини бўйнумға маҳкам қил —
Ки, водийи фироқинг ичра қўрқарменки, йитгаймен.

Тараҳҳум қилмасанг ё боқмай, истиғно била ўтсанг,
Тазарруъ қилғамен ё йиғлағаймен — ўзга нетгаймен?!

Муяссар бўлмаса бошимни қўймоғлиғ аёғиға,
Бошимни олиб, эй Бобур, аёқ етганча кетгаймен!

«...Бори ёмонлиғ қилмағил»
Борму эркин ҳеч нима оламда ҳижрондин ёмон,
Ҳар неким ондин ёмонроқ йўқ, будур ондин ёмон.
Умр ғафлатда ўткариб борасен,
Эй йигит, воқиф ўл, қариб борасен.
Йўлни не билгай киши то раҳнамо кўрсатмагай.
Ҳар ердаки гул бўлса, тикон бўлса, не тонг?!

Ҳар сўзки эшитса, деса бўлмас,
Сўз борки, айтса — деса бўлмас.
Ҳар кимки кўп айтур, паришон айтур.
Яхшилиғ чун қилмадинг, бори ёмонлиғ қилмағил.

Бобурнинг бебаҳо мероси европаликларни ҳам ўзига мафтун этмоқда
Бобокалонимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг бой маънавий мероси хорижда катта қизиқиш билан ўрганилади. Чунки мустақиллик туфайли аждодларимизга кўрсатилаётган эҳтиром, уларнинг асарларини тадқиқ ва тарғиб этишга бўлган ўзгача муносабат чет элларда ҳам юксак эътироф этилмоқда. Бу эса ана шундай алломаларга бешик бўлган юрт фарзанди сифатида барчамизга чексиз ғурур бағишлайди.
Ўрни келганда, бир воқеани айтиб ўтсак.
Ватанимиз истиқлолга эришган дастлабки йиллар эди. Мустақил Ўзбекистонимизга сидқидилдан ишонч билдирган давлатлар бирин-кетин турли таклифлари билан юртимизга мурожаат қила бошладилар. Шу сингари лойиҳалардан бири мамлакатимиз олий ва ўрта махсус таълим тизими муассасалари учун инглиз тилидан ҳамкорликда дарслик тайёрлаш эди. 1994 йили Британия кенгаши вакиллари мазкур вазифани амалга ошириш мақсадида Ўзбекистонга ташриф буюрдилар. Танлов асосида 60 нафар инглиз тили ўқитувчисидан 10 нафари  саралаб олинди. Улар орасида камина ҳам бор эди.
Буюк Британиянинг Рединг (Reading) университети тил ўргатиш марказида дарслик ёзиш бўйича махсус тайёргарликдан ўтдик. Шундан сўнг Рединг ва Оксфорд университетлари кутубхоналарида изланишлар жараёнида Бобур ҳамда унинг авлодлари ҳақида жуда кўплаб илмий-тарихий асарлар билан танишиб чиққач, улардан нусха кўчириб, Ватанимизга олиб келдим. Натижада Буюк британиялик шарқшунос У. Эрскиннинг “Бобур Ҳиндистонда” (1996), ҳиндистонлик олим Л. Шарманинг “Бобурийлар салтанати” (1998), португалиялик шарқшунос Румер Годеннинг “Гулбадан” (2007), инглиз тарихчиси Вильям Рашбрукнинг “Ўн олтинчи аср бунёдкори” (2010), АҚШлик профессор Харольд Лемб қаламига мансуб  “Бобур — йўлбарс” (2012) асарлари ўзбек тилида дунёга келди. Ушбу муаллифларнинг асарларини таҳлил қилган ҳолда, ўзга мамлакат  олимларининг изланишларини халқимизга етказиш ниятида юртдошимиз Бобур ва  бобурийлар ҳақида махсус рисола ёзиш фикри пайдо бўлди. Шу тариқа  “Бобурийзодалар” (2003), “Марказий Осиё ва Ҳиндистон тарихида Бобурийлар даври” (2008), “Бобурийлар салтанатида давлат бошқаруви” (2013) каби китоблар ўқувчилар қўлига етиб борди.
Хорижлик олимларнинг асарларини мутолаа қилиш, ўзбек тилига ўгириш асносида Бобур шахсияти ҳақида билдирилган муҳим фикрларга дуч келдик. Чунончи, Буюк Британия қироличаси Викториянинг Ҳиндистондаги вакили, полковник Ж. Маллесон ўзининг 1894 йили  Оксфордда чоп этилган “Ҳиндистон ҳукмдорлари” асарида бобокалонимиз ҳақида шундай ёзади: “Бобур ўз ёшига нисбатан анча бой ҳаёт тажрибасига эга, табиатан саховатли, қўл остидагиларга ғамхўр, оила аъзоларига меҳрибон, дунёқараши кенг улуғвор инсон эди. Мен уни қудратли ҳукмдор, моҳир саркор сифатида, шунингдек, биз, инглизлар кўп жиҳатларини ўзлаштириб олганларимиз — мукаммал давлат тизимининг асосчиси сифатида, Ҳиндистонда 500 йилдан буён давом этиб келган парокандалик  ва бошбошдоқликка барҳам бериб, уларнинг можароларини ҳал этишда холисона  сиёсат юритган одил ҳакам сифатида  тасаввур қиламан”.
Шуниси диққатга сазоворки, улуғ ватандошимиз Бобурнинг ҳаёти ва ижодини ўрганишга бўлган қизиқиш йилдан-йилга ортиб бормоқда. Яқинда нашрдан чиққан Заҳириддин Муҳаммад Бобур энциклопедияси ҳам бу борада олиб борилаётган хайрли ишлар самарасидир, албатта. Президентимиз Ислом Каримов энциклопедия сўз бошисида шундай дейдилар: “Бобомиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур номи билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Ўзбек халқининг довруғини дунёга таратган буюк аждодларимиздан бири ўлароқ, ул зот бизни ўтмишни, тарихимизни қадрлашга, келажакка буюк ишонч билан қарашга ўргатади. Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби мумтоз инсонларни дунёга берган халқ ҳеч қачон хор бўлмайди, муқаррар тарзда саодатга эришади”.
Ушбу фикрлар барчамизни эзгу ишларга яна бир бор чорлагандек, қадриятларимиз, ўтмишимизга бўлган муносабатимизни янада юксалтиради.

Fофиржон САТИМОВ,
Андижон давлат университети доценти, «Дўстлик» ордени соҳиби.

Бобур — дилбар шахс... Уйғониш даврининг типик ҳукмдори, мард ва тадбиркор одам бўлган.

Жавоҳарлаъл НЕРУ.

“Бобурнома” Осиёнинг ҳаққоний тарихини акс эттирувчи китоб.

М. ЭЛФИНГСТОУН.

“Бобурнома” бутун тарихда яратилган ёзма ёдгорликларнинг энг бебаҳосидир.

Анетта БЕВЕРИЖ хоним.

Рубоийлар

Хотирни баҳор фаслида гашт оладур,
Кўз нурини ранги лолаю дашт оладур.
Хуш улки, толаларда юруб сайр этса,
Бу фаслдаким, латифу дилкаш толадур!

***
Туз оҳ, Заҳириддин Муҳаммад Бобур,
Юз оҳ, Заҳириддин Муҳаммад Бобур!
Сарриштаи айшдин кўнгулни зинҳор
Уз, оҳ, Заҳириддин Муҳаммад Бобур!

***
Ҳижрон аро ёд этиб, мени шод эттинг,
Маҳжур кўнгулни ғамдин озод эттинг.
Не лутф эди, дей, ҳури паризод эттинг,
Гўёки бузуқ Каъбани обод эттинг.

***
Эй ел, бориб аҳбобқа номимни дегил!
Ҳар ким мени билса, бу паёмимни дегил!
Мендин демагил гар унутулғон бўлсам,
Ҳар кимки мени сўрса, саломимни дегил!

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Бебаҳо хазина Улкан ва бебаҳо мерос »