Бебаҳо хазина
  • 07 Февраль 2015

Бебаҳо хазина

Президентимизнинг “Юксак маънавият — енгилмас куч” асарида маънавиятни шакллантирадиган мезонлар ҳақида шундай дейилган: “Ўзбек халқи маънавий дунёсининг шаклланишига ғоят кучли ва самарали таъсир кўрсатган улуғ зотлардан яна бири — бу Алишер Навоий бобомиздир. Биз унинг мўътабар номи, ижодий меросининг боқийлиги, бадиий даҳоси замон ва макон чегараларини билмаслиги ҳақида доимо фахрланиб сўз юритамиз”.

Чиндан ҳам, Навоийнинг қайси бир асарини мутолаа қилсак, бебаҳо битикларда инсоний туйғулар, эзгу фазилатлар, ободончилик ва бунёдкорлик ҳақидаги фикрлар мужассамлашганини англаймиз.
Ҳазрат Навоий  юрт тинчлиги, Ватан ободлиги, халқ фаровонлиги учун  ёшларни билим олишга, меҳнат қилишни ўрганишга даъват этиб, бу комилликка элтувчи куч эканини уқтиради. Улуғ мураббий барча асарида ёшларни баркамолликка  эришиш ва бунинг учун ёшликдан илм олишга чорлайди:

Йигитликда йиғ илмнинг
махзани,
Қарилиғ чоғи
сарф қилғил ани.

Ёшликда эгалланган билим тошга ўйилган нақш каби мустаҳкам бўлиши — бу ҳаётий ҳақиқат эканлиги барчага маълум.
Алишер Навоий фарзанд тарбиясида, келажакни давом эттиришда ота-онанинг ўрни беқиёс эканлигини алоҳида таъкидлаб, ота ва онани ой билан қуёшга ўхшатади, уларнинг хизматини қилиб, иззат-ҳурматини жойига қўйган фарзанд бахтли-саодатли бўлишига ишора қилади. Бу хусусда “Ҳайрат ул-аброр”да қуйидаги сатрларни битади:

Бошни фидо айла
ато қошиға,
Жисмни қил садқа
ано бошиға.
Икки жаҳонингға
тиларсан фазо —
Ҳосил эт ушбу
икисидин ризо.
Тун-кунунгға айлагали
нурфош,
Бирисин ой англа,
бирисин қуёш.

Алишер Навоий “Ҳайрат ул-аброр” достонида ота-онанинг фарзанд олдидаги бурч ва вазифалари хусусида тўхталиб, аввало, фарзанд дунёга келгач, ота-она унга муносиб ном қўйиши керак, дейди. Қолаверса, таълим-тарбия бериш учун муаллим чақириши, шунингдек, болага меҳр кўрсатиши лозим. Ота-оналар фарзанд тарбияси учун масъулдирлар ва азалдан улар ўз бурчларини амалда бажариб келганлар. Ота-она фарзанд дунёга келган кундан бошлаб уни меҳр билан парвариш қилиб, илмли, маърифатли қилишга интилади. Бор куч-қувватини, қудратини — борини фарзандининг Инсон бўлиши учун сарфлайди, дея изоҳлайди.
Айтиш жоизки, Алишер Навоий қаҳрамонлари ёш авлодга барча соҳада ибрат мактабидир. Айниқса, шоир номини улуғлаб келаётган, мустақиллик фарзанди бўлган вилоятимиз йигит-қизлари бир пайтлар қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куядиган Қизилқум саҳросини обод воҳага айлантиришга муносиб ҳисса қўшмоқдалар.   
Мухтасар айтганда, Навоийнинг эзгу истаклари мустақиллик туфайли рўёбга чиқди. Бугун ҳазрат асарларига тамомила бошқача меҳр-муҳаббат, ҳурмат-эҳтиром билан қаралмоқда. Ўзбек халқининг ҳар бир фарзанди, республикамиз фуқаролари унинг асарларини севиб ўқиб-ўрганмоқда, улардан таълим-тарбия олаяпти. Зотан, ул табаррук зотнинг битиклари ёшларимиз учун бебаҳо хазинадир.


Сулаймон ИНОЯТОВ,
Навоий давлат педагогика институти профессори.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn