Экологик барқарорликни сақлашнинг муҳим омиллари
  • 03 Февраль 2015

Экологик барқарорликни сақлашнинг муҳим омиллари

Экологик барқарорлик, биологик ранг-барангликни таъминлашда сув-ботқоқли ҳудудлар, айниқса, муҳим аҳамиятга эга. Сабаби, бундай табиат ландшафтлари қушлар, сув жониворлари ва ўсимликларининг кўпайиши учун жуда қулайдир. Қолаверса, ушбу обиҳаёт манбаларидан ҳосил бўлган микроиқлим унга туташ минтақаларнинг гуллаб-яшнашига хизмат қилади. Шу боис жаҳонда сув-ботқоқли ҳудудларни муҳофаза этишга жиддий эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, дунё экологлари ҳар йили 2 февраль санасини “Жаҳон сув-ботқоқли ҳудудлар куни” сифатида кенг нишонлаб келмоқда. Бунга 1971 йилда Касбий денгизининг жанубий қирғоғида жойлашган Рамсар шаҳрида асос солинган.
Гап шундаки, ўша йили бу ерда халқаро аҳамиятга молик бўлган, асосан, сувда сузувчи қушлар яшовчи сув-ботқоқли ҳудудлар муҳофазасига қаратилган Конвенция имзоланган эди. Қисқача “Рамсар Конвенцияси” деб юритиладиган ушбу халқаро ҳужжатни дунёнинг 168 та давлати ратификация қилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси унга 2001 йилда аъзо бўлгач, Конвенция 2002 йилнинг 2 февралидан кучга кирди. Шундан буён мамлакатимизда ушбу сана кенг нишонланади.
Мутахассисларнинг айтишича, Рамсар Конвенцияси халқаро аҳамиятга молик сув-ботқоқли ҳудудлар рўйхатини шакллантириш, уларнинг муҳофазасини кучайтиришда муҳим ҳуқуқий асос ҳисобланади. Табиатнинг бундай ноёб гўшалари юртимизда ҳам кўплаб топилади. Улар орасида бугунги кунга қадар иккитаси — “Денгизкўл” ва “Айдар — Арнасой” кўллар тизими ушбу рўйхатга киритилгани диққатга сазовордир.
— Ўзбекистонда Рамсар Конвенциясининг миллий координатори Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасидир, — дейди мазкур қўмита раисининг ўринбосари Камолиддин Содиқов. — Шу боис кейинги йилларда қўмитамиз томонидан нафақат халқаро аҳамиятга эга бўлган кўллар, балки бошқа сув ҳавзаларини ҳам қайта тиклаш, орнитофаунаси ва ўсимлик дунёси муҳофазасини кучайтириш бўйича муайян ишлар амалга оширилди. “Тўдакўл” ва “Қуйимозор” сув омборлари — янги Рамсар ҳудудларни ташкил этиш” лойиҳаси тайёрлангани, шунингдек, Судочье кўлини халқаро рўйхатга киритиш ишлари олиб борилаётгани бунга мисол бўла олади.
Республикамизда табиий сув-ботқоқли ҳудудлар таснифига кирадиган кўплаб дарёлар, кўллар ва ирригация тизимлари мавжуд. Шу билан бирга, 53 та сув омбори бунёд этилган бўлиб, уларнинг умумий сув ҳажми 19,4 миллиард куб метрга тенг. Булар қушларнинг бехавотир кўпайиши учун қулай маскан саналади. Мазкур сув ҳавзаларида балиқхўр, лойхўрак ва ўрдаксимон қушларнинг 130 дан зиёд тури учраши бунинг яққол далилидир.
2007 йилда Ўзбекистон Қушларни муҳофаза қилиш жамияти ташкил этилгани, айниқса, мамлакатимиз орнитофаунасини чуқур тадқиқ қилиш, хусусан, сувда сузувчи қушлар мониторингини олиб бориш имконини берди.
— Республикамиздаги 14 та муҳим орнитологик ҳудудда куз, қиш ва баҳор пайтларида мунтазам равишда мониторинг ишларини олиб бораяпмиз, — дейди мазкур жамият раҳбари Роман Кашкаров. — Мониторинг натижалари ҳар йили юртимизга 4 миллиондан зиёд сувда сузувчи қушлар учиб келишини кўрсатмоқда. Улар табиий кўллар атрофида ин қуриб, полапон очади ва яна бошқа ўлкаларга учиб кетади. Қувонарлиси, доимий яшайдиган қушлар ҳам кам эмас. Орнитолог мутахассисларимиз январь ойининг ўрталарида ўтказиладиган ҳисобга олиш тадбирларида бунга кўп бора гувоҳ бўлишган. Охирги марта ташкил этилган шундай тадбирларга жамиятимиз аъзоларидан ташқари, олий ўқув юртларининг талабалари ҳам жалб қилинди. Пировардида Самарқанд, Бухоро ва Тошкент вилоятларидаги сув ҳавзалари тўлиқ қамраб олинди. Ушбу ҳудудларда 41 турга мансуб салкам 4 мингта сувда сузувчи қушлар ҳисобга олинди.
Юртимиз сув ҳавзалари ландшафт-географик хусусиятига кўра, ўта ноёб бўлиб, ўз бағрига камайиб бораётган паррандаларни тобора кўпроқ жалб этмоқда. Айни пайтда уларнинг Халқаро ва Ўзбекистон “Қизил китоб”ига киритилган 20 дан зиёд турини учратиш мумкин. Шу боис кейинги йилларда сув ҳавзаларини қайта тиклаш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилаяпти. Бунинг самараси ўлароқ, сув ҳавзаларининг ҳудуди кенгайиб, тўқайзорлар ҳолати тубдан яхшиланмоқда.
Пойтахтимизда Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ташаббуси билан ташкил этилган давра суҳбати айни шу мавзуга бағишланди. Тадбир иштирокчилари — тегишли вазирлик ва идоралар, таълим муассасалари, жамоатчилик вакиллари, эколог олимлар, орнитолог мутахассислар юртимизда табиий сув ҳавзаларини муҳофаза қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда уларнинг самаралари ҳақида батафсил маълумотлар берди.

Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Сангардактоғ шаршараси Ўқинг, қизиқ! »