Сўзнинг сеҳрли жозибаси
  • 31 Январь 2015

Сўзнинг сеҳрли жозибаси

Навоий ташбеҳлари ҳамиша ўзининг ҳаётийлиги билан ажралиб туради: у теварак-атрофдаги ҳамма кўриб, лекин ҳеч ким эътибор бермайдиган нарса-ҳодисалардан ўз фикрини гўзал ва таъсирчан шаклда ифодалаш учун фавқулодда ажойиб ва оҳорли қиёслар, ўхшатишлар топади:

Оразин кўрдум, ниҳон ашк айлади сирримни фош,
Яшурун қолмас ўғурлуқ уй ароким бўлса ёш.
Албатта, бундай қараганда, кўз ёши ва ёш боланинг бир-бирига ҳеч қандай нисбати йўқ. Лекин Навоийнинг маҳорати шундаки, бу ерда у кўз ёши ва ёш боланинг муайян хусусияти аро муштаракликни топа олган — бу: кўз ёши — инсоннинг, ёш бола — хонадоннинг сирини фош қилиши. Ёш сўзининг икки маънони — ҳам кўз ёши, ҳам ёш болани билдириши шоирга қўл келган.
Алишер Навоий муболаға санъатидан ҳам маҳорат билан фойдаланади. Шоир тасвир жараёнида баъзида у ёки бу нарса-ҳодисанинг асл ва табиий ҳолатини катталаштириб ёки кичрайтириб олади, яъни таърифни ҳаддан ташқари юксакка кўтаради ёки ерга уриб юборади. Бу усул муболаға деб аталиб, унинг уч тури фарқланади. Агар шоирнинг ушбу даъвоси ақлу одатга мувофиқ бўлса, бундай муболаға мақбул ҳисобланади ва таблиғ дейилади. Агар даъво ақлга сиғса-ю, одатдан ташқари бўлса, унга иғроқ дейилади. Агар даъво одатдан ташқари бўлиб, ақлга ҳам сиғмаса, ғулув деб юритилади. ўулув ҳаддан ўтмоқ маъносини билдиради. Бу билан аён бўладики, Навоий ижодида муболағанинг барча турига дуч келиш мумкин.  Мисол учун, у маҳбубамни кутиб, тонг отгунча кипригимга уйқу қўнмади, деса, бу гапга ҳамма ҳам ишонади:
Кеча келгумдур дебон ул сарви гулрў келмади,
Кўзларимга кеча тонг отқунча уйқу келмади.
Бу муболағанинг таблиғ турига мисол бўла олади. Лекин шоир ушбу ҳижрон кечасини ногаҳон туш кўрсам, унинг даҳшатидан заҳрам (ўт пуфагим) ёрилиб, ўлган бўлар эдим, дер экан, бу даъво ақлга сиғса ҳам, одатдан ташқари. Демак, бу иғроқ ҳисобланади:
Ушбу ҳижрон кечасин туш кўрсам эрди ногаҳон,
Ўлгай эрдим ваҳмдин, албатта, заҳрам ёрилиб.
Шоир ижодида муболағанинг “Тоғни дашт қилиб, даштни тоғ айлади дардим” қабилидаги ғулув тури кўпроқ учрайди:
Бўлубтур заъфим ул янглиғки, боссам мўрни ўлмас,
Вале ул жисмим узра чиқса, дардидин чиқар жоним.
“Шунчалик заифлашибманки, чумолини боссам ҳам, у ўлмайди, лекин чумоли устимга чиқса, оғирлигидан жоним чиқади”.
Албатта, одам боласининг бу даражада заифлашиши одатдан ташқари, ақлга ҳам тўғри келмайди. Байт орқали шоир ишқ дастида ҳаддан ортиқ ранжу азоб чекиб, ожизу нотавон бир аҳволга тушганлигини муболаға йўли билан тасвирламоқда.
Зотан, шоир маҳоратининг юксаклиги ҳам, асарларининг бадиий баркамоллиги ҳам шунда.

Эргаш ОЧИЛОВ,
филология фанлари номзоди.

«...Бари халқ ила қавми шокирдурур»
“Садди Искандарий” достонида тўлиқ бир боб адолат маърифатига бағишланган.
Шоир ўз қарашларини ҳадислар билан далиллаштириб, бир соатлик адолат бутун Борлиқдаги мавжудотнинг ибодатидан афзал эканлигини айтади:
Ҳадисида ҳам бу башоратдурур,
Ки адл аҳли сори ишоратдурур.
Ки адл ичра ўтганча бир соате
Эрур беҳки жинну башар тоати. 
Шоир адолат тушунчасини фақат ахлоқий, ҳуқуқий талқин қилиш билан чекланиб қолмай, унинг сиёсий томонига ҳам эътибор беради. У адолатни мамлакат фаровонлиги, хазинанинг маъмурлиги, бойликнинг кўпайиши, шаҳар ва қишлоқлар гуллаб-яшнашининг муҳим омили, деб билади. Фикрларини эса шундай баён қилади:
Яна ҳам ҳадиседурур бу саҳиҳ,
Ки айлабдур они баёни фасиҳ:
Қолур куфр аро қолса обод мулк,
Бўлур зулм, агар бўлса барбод мулк.
Алишер Навоий талқинида,  ижтимоий муносабатларнинг энг оддий кўринишидан тортиб, умумманфаатларини ҳал қилувчи ҳолатларгача адолат тамойилига оғишмай амал қилиниши шарт. Унинг талқини бўйича адолат, энг аввало, жамиятдаги ижтимоий муносабатларнинг уйғунликда, бир-бирини тўлдириб борувчи ҳолатда вужудга келишига замин ҳозирлайди. “Чунки, — дейди Навоий, — адолатли жамиятда одамларда шукроналик туйғуси устувор бўлади”:
Яна улки чун адли зоҳирдурур,
Бари халқ ила қавми шокирдурур.
Умуман олганда, адолат — эскирмайдиган мавзу. Адолат тамойили бугунги кунда ҳам турли соҳа олимлари томонидан тадқиқ қилинмоқда. Аммо бирор илмий-амалий хулоса йўқки, мутафаккир шоир Алишер Навоий ижодида у ёки бу кўринишда талқин этилмаган бўлса. Шу сабабдан, адолатпарвар жамият қуришдек эзгу ғояни амалга оширишни ўз олдига мақсад қилган мустақил диёримизда ҳазрат Алишер Навоийнинг бу борадаги фикрлари ўз амалий ифодасини топмоқда, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Олимжон ДАВЛАТОВ.

Жамолингға фидо
Гулў гулзор сенинг боғи жамолингға фидо,
Сарйў шамшод доғи тоза ниҳолингға фидо.
Бутубон меҳригияҳ донаси ҳам сочилса,
Оразинг гулшани ичра хату холингға фидо.
Йўқ менинг, балки Хизр бирла Масиҳо жони,
Чашмаи нўш аро жонбахш зулолингға фидо.
Янги ой, балки тўлун ой демайин, балки қуёш,
Тўлин ою қуёшинг узра ҳилолингға фидо.
Эй кўнгул, васли хаёлини қилурсен доим,
Ки менинг жону жаҳоним бу хаёлингға фидо.
Тутқунг, эй ринди харобот, мангға соғарким,
Руҳ бодингғау эски сафолингга фидо.
Эй Навоий, лабидин нукта сўрарсен, юз жон
Бўйла ширин сўзу жонбахш мақолингға фидо.

«Унинг баланд остонаси...»
У буюк зотнинг интизомли мажлислари фазл аҳлининг мақсади эди. Унинг баланд остонаси — бева ва бечоралар борадиган жой эди. Ва унинг таомлар тўлдирилмиш дастурхонлари саргардон ва сарсонлар учун доим тайёр ва унинг эҳсонининг эшиги муҳтожлар учун ҳар вақт очиқ эди. Ва у билан ўлтурувчилар яхши таъблик ва фазилатли кишилардан ўзга эмас эди. Ва унинг хотирининг дўст ва улфатлари кўнгулларни забт этувчилардан бошқа эмас эди. Ва халқнинг назарида зўр ва оғир кўринган нарсалар унинг ҳиммати олдида енгил ва андак кўрунур эди, аммо ноаҳл кишилар унинг нафис мажлисига киролмас эдилар.
Давлатшоҳ САМАРҚАНДИЙ.

«Юз байти бир пул экан-да»
Ҳазрат Алишер Навоийнинг замондоши ва шогирди Хондамирнинг “Макорим ул-ахлоқ” асарида шундай дейилади: “Бир кун соф кўнгилли Амир фасоҳат ва зарофат бобида замон шоирларининг пешқадами Хожа Осафийга насиҳат қилиб, айтди: “Мен сенга ҳайрон бўламанки, ўткир зеҳнинг ва баланд таъбинг (истеъдодинг) бўла туриб, шеър айтиш билан кам шуғулланасан, ҳамма вақтингни фойдасиз ишларга сарф қиласан”. Осафий: “Тақсир, ҳозирги фурсатда борган сари кўпроқ шеър айтишга машғул бўлаётирман. Масалан, ўтган кеча икки пуллик шамъ ёниб битгунича икки юз байт ёздим”, деди. Ҳазрат: “Демак, у тизмаларингнинг юз байти бир пул экан-да”, деди.

Отабек ИСМОИЛОВ тайёрлади.

МУҲАББАТ ВА ЭЗГУЛИК ТАЛҚИНИ
Жаҳон адабиётида буюк сиймолар унчалик кўп эмас. Бироқ ана шу даҳолар ичида ҳам барча давр кишиларини ҳайратга солувчи сўзни илоҳият воситасига, илоҳият қувватига айлантирганлар ундан ҳам камроқ. Шундай улуғлар сафида, шубҳасиз, Данте, Навоий, Шекспирнинг ўрни алоҳида, зеро, булар барча замонларнинг чинакам сўз, фикр, ишқ даҳолари бўлиб қолаверади.
Бу улуғларда олам ва одамга муносабат бобида жуда кўп муштарак жиҳатлар бор. Бу муштараклик, энг аввало, ибтидога ва интиҳога  муносабатда  кўринади. Мазкур жиҳатлар Навоий сиймосини ўарбнинг улуғ шоирлари ичида яна ҳам улуғворлаштиради.
Муҳаббат йўқ жойда тубанликка йўл очиқ, жаҳолат севги дарахтида эмас, адоват бутоғида етишади. Адоват одам борлиғини парчалаб ташлайди. Муҳаббат охир-оқибатда, ҳатто хунхор кучларни бирлаштиради. Бир-бирларини кўрарга кўзи йўқ Лайли ва Мажнун қабиладошлари икки ошиқ қалб садоқати қаршисида лол қолиб, низони унутадилар. Улар ана шу бирдамликни ва яхлитликни, самовий муҳаббатни англашлари учун Лайли ва Мажнун ўзларини қурбон қилишга мажбур бўлдилар.
Дантенинг “Илоҳий комедия”сида шарқона фалсафа, шарқона оҳанг, шарқона мушоҳада кезиб юришининг сабабларидан бири шуки, буюк шоир достонини Ибн Сино, Фарғоний каби алломаларимиз қарашлари таъсирида яратганини ўзи тан олган. Унинг ижоди Шарқ уйғониш ва Шарқ фалсафаси таъсирида камол топди. Данте ва Навоий фалсафаларидаги ўхшашликлар, бир томондан, ана шу омилларга боғлиқ бўлса, иккинчи томондан, уларнинг доҳиёна хаёлий ва ақлий қудратлари, юксак истеъдодлари билан боғлиқдир.
 “Лайли ва Мажнун” Шарқнинг қайғули ишқ достони бўлса, “Ромео ва Жульетта” ўарбнинг фожиали муҳаббат қиссасидир. Бу асарларнинг сюжет йўналишлари Навоий ва Шекспирдан анча олдин пайдо бўлган эса-да, икки даҳо бир хил сюжетга янги ўлмас руҳ бахш этдики, шу боис ушбу асарлар инсониятни ҳамон сеҳр жозибасида тутиб келмоқда.
Асарларни солиштириш жуда қизиқ ва чуқур илмий кашфиёт ва хулосаларга олиб келиши мумкин. Энг аввало, бу достонда Шарқ ва ўарб бадиий тафаккуридаги фарқ — уларнинг тасвир услубидаги тафовут кўзга ташланади.
Биз  фақат асарнинг хулоса қисмларини солиштириш билан чекланамиз.  “Ромео ва Жульетта” фожиасида тасвирланишича, Европада бир-бирига душман икки хонадон ёшлари кўнглида муҳаббат, яхлитлашиш, ажралишу адоватни инкор этиш бошланди. Бошқача айтганда, бўлинган, парчаланган жойга яхлитлашиш уруғи сепилди. Бу уруғ ниҳол бўлди, гуллади, мева берди.
Ромео ва Жульеттанинг кўнгиллари яхлитлашиш йўлини топди. Аммо ғофил хонадонларнинг кўзи очилмади. Улар бирлашишни инкор қилдилар. Уларнинг кўзини очиш учун фожиа, қурбонлик керак бўлди.
Шекспир ҳам худди ҳазрат Навоий каби фожиа билан огоҳ қилади. “Ромео ва Жульетта” асари хотимаси ҳам ўзидан 130 йил олдин ёзилган “Лайли ва Мажнун” достонига жуда ўхшайди. Гарчи “Лайли ва Мажнун” афсонаси сюжети XVI асрда Европага аллақачон маълум бўлган ва шу афсона таъсирида Европа халқларининг ўнлаб севги афсоналари вужудга келгани ҳақидаги тадқиқотлар мавжуд бўлса-да, Шекспир асари Лайли ва Мажнун афсонасининг ўарбча варианти, Шекспир Шарқ афсонасини европалаштирган, деган хулосадан ўзимизни тиямиз.
Бироқ Ромео ва Жульеттадаги нафақат умумий сюжет линияси, балки қаҳрамонлар ҳам, характерлар ҳам, асар қурилиши ҳам “Лайли ва Мажнун” асарининг айнан ўзидир. “Лайли ва Мажнун” асари сўнгида Лайли жон таслим қилади. Буни эшитган Мажнун Лайли ётган уйга кириб, унинг ёнида жон беради.
Ниҳоят нифоқ ва ғофиллик билан ажралган руҳлар бирлашди. “Ромео ва Жульетта” асарида ҳам Ромео Жульеттани ўлди, деб ўйлаб, у ётган сағана бошида турганча заҳар ичади.
Ҳазрат Алишер Навоийга кўра ҳам, агар инсон ошиқ бўлса, ошиқлик кенг маънода, яъни Яратганга ошиқликкача унинг руҳи пок бўлиб, ўзи қалби пок руҳлар билан топишади, бирлашади, яъни яхлитлашади. Нопок вужуд эса яна зарра бўлиб қолиб, сарҳадсиз  оламда мангу саргардонликка маҳкум бўлади.
Бу борада ҳам Алишер Навоий буюк Данте билан ҳамфикрдир. “Лайли ва Мажнун” достонида асосий воқеа тугагач, “Эй, ишқ...” дея бошланувчи боб мавжудки, унинг ҳар бир сатри “Илоҳий комедия”нинг хотимасини қувватлаб-кучлантириб тургандек туюлади.
Ҳазрат Навоий “Лайли ва Мажнун”нинг юқорида тилга олинган сўнгги бобида ишқи маъжозий ва ишқи ҳақиқий ҳақида фикр юрита туриб, мубориз бир хулосага келади: “Аввалгисида киши тозаланиб, иккинчисига ўтса, йўқ-йўқ, уруғини экса ҳам, уни бутунлай торож этиб, унинг рамзий шаклидан асар қолмаса, кўринадиган жойдан кўринмасдан мақсадга сингиб кетса, ҳаёт ва коинотнинг яратилишига мақсад шудир”.
Насрий баённи ҳазратнинг ўз сўзларида келтирайлик.
Мақсад будур, ҳаётдин бу.
Бил хилқати коинотдин бу.
Ишқ буюк Навоий талқинида ҳаёт ва коинот яратилишининг бошланиши ва сўнгидир, ажралиш ва яхлитлашишнинг асосидир, йўқотиш ва топишнинг охиридир. Худди шу хулосада буюк Данте, Навоий ва Шекспир даҳолари муштаракликка эришади.
Данте, Навоий ва Шекспирнинг юксак бадиий тафаккурлари — фазодаги учрашув ана шу тарзда воқеъ бўлади.

Назар ЭШОНҚУЛ.

Алишер Навоийнинг шоҳ асари “Хамса” жаҳон адабиётида ўзининг муносиб ўрнига эга. Унинг таркибига кирувчи “Сабъаи сайёр” достони асосида XVII асрда грузин шоири Нодар Цициашвили “Барамгуриани” асарини яратган. Шоир Навоийнинг ушбу достонини Низомий Ганжавий ва Хусрав Деҳлавийники билан қиёсий ўрганиб, уни онгли равишда ўзининг ёзилажак асари учун асос қилиб олади.
Ҳиндистонда Алишер Навоийнинг таржима қилинган асарлари орасида кенг тарқалгани “Мажолис ун-нафоис”дир. У форс тилига бир неча бор ўгирилган. Бунда дастлаб Султон Муҳаммад Фахрий (1521 й., Ҳирот), Муҳаммад Қазвиний (1523 й., Истанбул) ва Шоҳали Абдулали (1598 й., Нишопур) хизматларини таъкидлаш керак.
XVI асрнинг охирлари — XVII асрнинг бошларида Навоий асарлари итальян тилида 4 марта, немис тилида 5 марта чоп этилган.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Бир куни Навоий... Илм комилликка элтади »