«Бори элға яхшилик қилғилки...»
  • 15 Февраль 2014

«Бори элға яхшилик қилғилки...»

Февраль... йигирма саккиз кун. У шунчалик “бағрикенг”ки, шоир айтганидек, икки кунини мартга туҳфа этган. Деҳқон ерни даромадига қараб яхши кўргандек, чўпон қўйини зотига қараб ардоқлагандек, февралнинг санаси оз бўлса-да, бизнинг ўзбек адабиётида айнан шу ойнинг ҳурмати баланд, мавқеи юксак.

Баҳор мартдан бошланади. Март кирдими — буёғи кўклам. Табиат келинчакдек безанади. Дарахтлар худди тўйга бораётган онахонлардек кийиниб олади. Аммо бизда баҳор февралнинг биринчи ҳафтасидаёқ киради. Бу баҳор — юрагимизга ўша таниш инжа туйғулару бир дунё ифтихор билан келади. Негаки, февралда икки бобокалонимиз — Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур бутун Осиё тамаддунига улкан таъсир кўрсатган шахслардан бири. Шу билан бирга, у эътиқоди мустаҳкам инсон бўлиб, айнан шундай юксак фазилати боис тарихда ўзидан ўчмас из қолдирди. Бу ҳақда ҳинд халқининг атоқли фарзанди Жавоҳарлаъл Неру шундай дейди: “Бобур келиши билан Ҳиндистон янги сулола ҳукмронлигида қудратли салтанатга айланди. Шу боис Оврупонинг ҳужум қилиш хавфи ёки эҳтимоли йўқ даражага тушиб қолди”.
 “Бобурнома”ни ҳар сафар ўқиганимизда, у дили пок, эътиқоди мустаҳкам, шижоатли, мард ва баҳодир инсон бўлгани исботланаверади. Бунга бобомиз Бобурнинг гўдаклигиданоқ жисмоний тарбия билан жиддий шуғуллангани сабаб экани, шубҳасиз. Ана шу жиҳатга ота-онаси, катта онаси алоҳида эътибор берганлари “Бобурнома”да келтирилади. Ҳатто, қалъа девори устида икки йигитни қўлтиғига қистирганча чопиб машқ қилиш даражасига етди. Бобурнинг музлаётган дарёга шўнғиши ҳам болалигидан жисмонан ва маънан жиддий шуғуллангани, танасию руҳиятини чиниқтирганидан далолатдир. Эндигина тетапоя бўлаётган бола ҳаётни аввал отасидан, акасидан, маҳалласидан ўрганади. Эсини таниганда, тарихни, бобокалонларининг ҳаёт йўлини кўздан кечириб, ўзига мақсад, аниқ йўналиш танлайди. Бобурнинг умр чорраҳаларида Соҳибқирон Амир Темурнинг шонли ҳаёти, оламшумул ғалабаларидан таъсирлангани “Бобурнома”да бир неча марта таъкидланган.
Эзгулик ва яхшилик ҳаётнинг олтин қоидасидир. Зотан, Бобур “Яхшилик” радифли ғазалида ўзининг ҳаётий тамойилини баён этган. Унинг умр йўли энг мураккаб вазиятларда ҳам шу ақидага содиқлигини кўрсатади. Шоир ҳаёт мазмуни ҳақида мулоҳаза юритар экан, ҳикматомуз хулосаларга келади. Донишмандлар каби у ҳам шуҳратга ёндашишни “иккинчи умр”, деб ҳисоблайди: “ўаразким бу дунёда кишидан ушмундоғ нималар қолур, ҳар ким ақлдан баҳравар бўлса, нега андоғ ҳаракатга икдом қилғайким, андин сўнг ёмон дегайлар ва ҳар кишига ҳушдин асар бўлса, нега андоғ амрга эҳтимом қилмағайким, қилғондан сўнг муҳтасан дегайлар”.
Заҳириддин Бобур қисқа умр кўрган бўлса-да, асрлардан-асрларга фақат эзгулик ва яхшилик элтувчи “карвонлар” қолдириб кетди. Унинг “карвонлари” ҳали-ҳануз қалбимизни мунаввар этиб келаётир.
Темурийзода султон, улуғ шоир ва давлат арбоби, беназир тарихнавис Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳаёти ва ижоди давру замонлар ўтгани сайин неча авлод ижодкорларини қизиқтириб келмоқда ва табиийки, бундан кейин ҳам шундай бўлажак.

Санжар ТУРСУНОВ.

Чегара билмас ифода майдони
Йиллар давомида вақтли матбуотдаги мақолалар, радио суҳбатлари, телевидениедаги кўрсатувлар ўзбек абадий тили мезонларининг кўрки ҳисобланган. Шу боис ўзаро гап-гурунгларда, саводхонлик юзасидан пайдо бўлган мунозараларда “газетадан ўқиганман”, “телевизорда кўрганман”, “радиода эшитганман”, дея ўз фикрларини исботлашга уринган кишиларни кўп учратганмиз. Чунки оммавий ахборот воситалари ички маданият даражасига жавоб берувчи минбар ҳисобланади.
Лекин баъзида матбуот саҳифаларида “фидойи” — “фидоий”, “нақарот” — “нақорот”, “муолажа” — “муолижа”, “ёмонотлик” — “ёмонотлиқ” тарзда ёзилиши; “Раққоса қизлар”, “Биринчи шаҳар касалхонаси” каби сўз бирикмаларининг қўлланилиши, бўғин кўчирилишидаги хатолар кишини ўйга толдиради. Гоҳида эса шундай ғайритабиий ибораларга дуч келиб, ажабланишдан бошқа чора топмайсиз.
Яқинда бир тўйхонага бордик. 500 кишига мўлжалланган кошонанинг кириш эшиги тепасига “Hur Xayot”  деб ёзиб қўйилган. Аввало, сўзлар шундай жимжима билан ёзилганки, ундаги дастлабки сўз бошида “Н” ёки “N” ҳарфи турганини англаш қийин. Иккинчиси эса аниқ “Х” дан бошланган. Наҳот шундай катта тўйхонани қуришга қурби етган тадбиркор ўз биносига қўйилаётган номнинг ёзилишида мутахассис билан маслаҳатлашишга (“Ҳаёт” сўзининг қандай ёзилишини унинг ўзи ҳам билса керак) ҳафсала қилмаса.
Дам олиш, машинада юриш, оилавий суҳбат, овқат тайёрлаш пайтларида радио ва телевизор доимий ҳамроҳимизга айланган. Эшиттиришлар, кўрсатувлар, телетомошалар, намойиш қилинаётган бадиий фильмлар, сериаллардаги гаплар, хоҳлаймизми, хоҳламаймизми, онгимизга, нутқимизга таъсир кўрсатади. Мана шундай пайтда тилимиздаги бир қатор сўзларнинг нотўғри қўлланилиши ва талаффуз қилинишига баъзан гувоҳ бўлиб қоламиз. Жумладан, “олийгоҳ”, “пой афзал”, киносериалларда ошиқ маъшуқасига қараб “азизим”, дейиши, “фалончини тунаб кетишди”, “сувни ўчир”, “сувни ёқ” кабиларни айтмайсизми?!
Аслида, “пой афзал” луғавий жиҳатдан “оёқ яхшироқ” маъносини беради. Айрим юртдошларимиз “афзал” ўрнига “абзал”, “асбоб”, “иш қуроли” дейиш мумкинлигини, “пой абзал” деганда, оёқ кийими назарда тутилишини ҳисобга олса, мантиқан тўғри бўлар эди.
Тил маданиятига амал қилишда урғунинг ўрнига ҳам етарли баҳо бериш лозим. Чунончи, болалар боғчаларидан тортиб, умумтаълим мактабларигача, академик лицейлардан тортиб, олий ўқув юртларигача машғулот олиб бораётган мутахассисларимиз нутқларида талаффуз қилаётган айрим сўзлардаги урғу қўллаш қоидаларига қатъий риоя қилишлари жуда муҳим. Айрим касбдошларимиз фикрича, сўзнинг маъносига таъсир қилмайдиган урғуни истаган ўринда қўлласа бўлаверади. Ваҳолонки, устозларимиз урғуни тўғри қўллаш шахс маданиятининг кўзгуси эканини таъкидлашар эди. Бу ўринда мисоллар келтирайлик: “Академик театр”, “классик адабиёт”, “методик қўлланма” каби сўз бирикмаларидаги биринчи сўзда урғу “и” товушига тўғри келади. “Телевидение”да урғу тўртинчи бўғинда эмас, 3-бўғинда қўлланади. Бугун она тилимизга бўлган эътибор юксак даражага кўтарилган. Унинг эъзозу эҳтироми — ҳар бир эзгу амалларимизда кўзга яққол ташланиб турибди. Шундай экан, уни қалбимиз гавҳари билиб, эҳтиётлаб, ўз ўрнига қўйиб истифода этсак, нур устига нур. Зеро, она тилимиз — бебаҳо маданий бойлик, унинг қадру қиммати ҳамиша улуғ, ҳамиша битмас-туганмас руҳий қудрати биз билан бирга.

Омонулла  МАДАЕВ.

Амир Темур ўгитлари
Ишбилармон, мардлик ва шижоат соҳиби, азми қатъий, тадбиркор ва ҳушёр бир киши минг-минглаб тадбирсиз, лоқайд кишилардан яхшидир.
Гарчи ишнинг қандай якунланиши такдир пардаси ортида яширин бўлса ҳам, ақли расо ва ҳушёр кишилардан кенгашу тадбир истаб, фикрларини билмоқ лозимдир.
Бир ишга киришмай туриб, ундан қутулиб чиқиш йўлларини мўлжаллаб қўй.
Содиқ ва вафодор дўст улким, ўз дўстидан ранжимайди, дўстининг душманини ўз душмани деб билади. Агар керак бўлса, дўсти учун жонини ҳам аямайди.

Тонг
У  дераза пардасини четга суриб, чўғдек қип-қизил уфққа термилиб қолди. Туя ўркачига ўхшаш адирлар нимқизғиш товланар, тепароқдаги бир тутамгина адашган  булут ҳам пуштиранг кўринарди.
Қани эди, ҳув ўша гўзаллик бағрига сингиб кетса-ю, намозшомда кўксига бир қучоқ бинафша босиб қайтса. Кечаги туши ўнг бўлиб қолса қани эди?!
...Адирга кийикдек сакраб чиқди ўзиям. Атроф кўм-кўк майсазормиш. Ялангоёқ чопаётган эмишу товонини ўт-ўланлар ёқимли қитиқлармиш. Тушида бўлса ҳам, илк бор оёқларини ҳис қилди. О, бу нақадар ҳаловатбахш эди! Бинафшани тераверди, тераверди. Кейин бирдан... қуёш билан юзма-юз келди.  Неча йиллик ҳамдарди, ҳар куни ботишини деразасидан кузатадиган офтоб рўпарасида турарди. Бирам уни қучиб олгиси келдики!
— Ботмай тур, қуёшжон, ботмай тур! — дея ўша томонга елдек учиб югурди. Ойиси уйғотмай турганида, етиб ҳам борармиди?!.
Ҳабиба бир хўрсиниб, токчадаги китобни қўлига олди. Ҳар сафар кўнглининг туб-тубидаги мудроқ армонлар ўрмалай бошлаганида мутолаадан таскин топади. Эсини таниганидан буён ўтирган ногиронлик аравачаси, сим каравот, дори солинган қути — ҳаммаси ортда қолиб, унутилади. Яхшиям  шу китоблар бор! Шукрки, юриш саодати насиб этмаганига яраша уйғоқ қалб берибди Яратган.
— Она қизим, сени йўқлаб келишибди.
Дадасининг сўзларини эшитибоқ “тенгдош дугоналаримдир”, деган ўйга борди. Ўзини ўнглаб улгурмай остонада баланд бўйли,  ўктам бир йигит пайдо бўлди. Икки қўлида дасталаб боғланган китоблар.
— Ким экан деб ҳайрон бўлаётгандирсиз-а, синглим, — деди у саломлашгач. — Мен Зуфаржонман, сиз мактуб ёзган шоир.
Ҳабибани шундай ҳаяжон босдики, тилига бир оғиз сўз келмай қолди. Наҳотки шундай одам…
— Кўп безовта бўлманг, — деди  қайта-қайта рўмолини тўғрилашга уринаётган Ҳабибанинг  қошига ўтираркан. — Хатингиз шунчалар самимий ёзилибдики, атай ўзим излаб келдим. Ўқишни, ёзишни мустақил ўрганишга иродангиз етгани барчамизга сабоқ бўлиши керак.
Йигит тинмай гапирар, Ҳабиба эса сеҳрлангандек киприк қоқмай тингларди. Бу қадар самимий, маънили сўзларни биринчи бор эшитиши. Шу билан бирга, йигитнинг майин овози, ўткир нигоҳи асир этган, назарида унинг тимқора тубсиз кўзларига чўкиб бораётгандек эди.
Ўша кундан бери кўксига нотаниш ва айни пайтда ғоят ёқимли бир изтироб ин қурди. Зуфаржон ҳақида ўйлайдиган бўлди... Шундай кўркам шоир йигит тўшакка михланган ногирон қизнинг тенги эмаслигини биларди. Фақат бу ҳақда ўйлагиси келмас, шунчаки хаёллардан таскин изларди, холос.
У китобнинг янги варағини очди. Нигоҳлари у сатрдан бу сатрга кўчар, юрагида ўша кундан буён яшаб келаётган тотли ҳис оғушига оларди.
Кўзларини ҳаприққанча юмиб олди. Руҳини қамраган ҳис энди вужуди ичра илдиз ёйди. Бир ҳовучгина, хаста, рангпар жуссада буюк пўртана жунбушга келганди. Гўё шу тобда нимадир рўй берадигандек, юраги тез-тез уриб кетди. Бу ҳол қанча давом этди, ўзига ҳам аён эмасди. Китобнинг ерга “тап” этиб тушиши уни ўз ичига олган туманни туйқус тарқатиб юборди. Манглайидаги муздек терни артар экан,  титроғини босишга уринди. Аравачанинг пойига тушган китобни  олишга жазм қилиб аста энкайди. Қўли етмади. Янада зўр бериб чўзилди — ўзи олиши керак, ўзи! Шунчалар зўр бердики, ҳатто... Ҳабиба энгашган кўйи тошдек қотиб қолди. Йўқ, бўлиши мумкин эмас! Унга шундай туюлди, чоғи. Ўша қайсарона ҳаракатни яна такрорлашга аранг куч топди. Шунда... қимир этмай осилиб турган оёқларининг бармоқлари баб-баробар юқори томон ҳаракатга келди.
Ҳабибанинг боягина қинидан чиққудек урган юраги бир зум тўхтаб қолди. Ишқилиб, бу туш бўлмасин! У энди ўтирган жойида шунча йиллик уйқудан уйғонаётган аъзоларини қимирлатишга  уриниб кўрди. Ниҳоят, бармоқлари бирин-кетин қўзғала бошлади.
— Ё Худойим... Ана... ана... Ё худойим!
 Селдек ёпирилган кўз ёшлари юзини ювар,  чиндан-да шу он бутун олам ва шу олам ичра энг қадрдон кишиси унинг шикаста қалбига бўйлаётгандек эди.
...Қуёшнинг сўнгги шуълалари ҳам адир ортига ғарқ бўлди. Бироқ Ҳабибанинг қалбида эндигина тонг отган, унда балққан қуёш ҳеч қачон ботмайдиган эди.

Гулчеҳра АСРАНОВА.

Меҳр қолур, муҳаббат қолур
Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 60 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори барча адабиёт мухлисларини беҳад қувонтирди. Зеро, унинг шеърлари самимийлиги, содда ва равонлиги билан ажралиб туради. Шоирнинг, айниқса, Ватан, одамийлик, меҳр-оқибат ҳақида ёзганларини ҳаяжонсиз ўқиб бўлмайди. Қуйида Муҳаммад Юсуфнинг ана шундай шеърларидан бирини эътиборингизга ҳавола этамиз.
Ўтар қанча йиллар тўзони,
Юлдузлар — кўзёши самони.
Ўтар инсон яхши-ёмони,
Меҳр қолур, муҳаббат қолур.
Қорачуғда порлаган ўша,
Иқболига чорлаган ўша.
Дунёни тор айлаган ўша —
Меҳр қолур, муҳаббат қолур.
Анор, сенинг юзларинг сулув,
Хумор, сенинг кўзларинг сулув,
Ёдда қолмас сўзларинг сулув,
Меҳр қолур, муҳаббат қолур.
Оқиб кетди сувларда Тоҳир,
Зуҳро йиғлаб қолди қонбағир.
Келганда ҳам қиёмат охир,
Меҳр қолур, муҳаббат қолур.
Нима дейсан, эй, ғаюр инсон?
ўийбатларинг қилди мени қон.
Сен ҳам бир кун ўтурсан, инон,
Меҳр қолур, муҳаббат қолур.

Муҳаммад ЮСУФ,
Ўзбекистон халқ шоири.

Юракларда жўш урган туйғу
Хушоҳанг, асл қўшиқ ҳамиша мириқиб тингланади. Бундай хонишлар инсон дилига бесўроқ кириб, онгу шуурини забт этади, руҳияти, феъл-атворига таъсир ўтказади. Шу боис ота-она, оқибат ҳақида бамаъни бир қўшиқ янграса, беихтиёр яқинларимиз кўз олдимизда гавдаланади.
Шу маънода юрт ҳақидаги муаззам хонишларни ўзгача мароқ ва завқ билан тинглаймиз. Хусусан, “Мен нечун севаман, Ўзбекистонни?”, “Ватан ягонадир, Ватан биттадир”, “Тинчлик ва бахт”, “Агар жаннат кўкда бўлса, остидадир Ўзбекистон...”, “Номингдан айланай, Ўзбекистоним” сингари юзлаб ватанпарварлик руҳидаги қўшиқлар тингловчини бефарқ қолдирмайди. Шунингдек, бу йўналишдаги қўшиқлар ёш авлодни она-диёрга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашда муҳим восита бўлмоқда. Президентимизнинг “Юксак маънавият — енгилмас куч” асарида ҳам бугунги кунда мусиқа санъати навқирон авлодимизнинг юксак маънавият руҳида камол топишида бошқа санъат турларига қараганда кўпроқ ва кучлироқ таъсир кўрсатаётганлиги алоҳида таъкидланган.
Дарҳақиқат, яратиб берилган кенг имкониятлар туфайли ўзбек санъати истиқлол йилларида сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Бундай натижага эришишда миллий ва умумбашарий мусиқа санъати ютуқларини, жаҳон эстрадасининг энг яхши намуналарини ўрганишда соҳа ривожига кўрсатилаётган доимий эътибор, ёш истеъдодларнинг ўзини намоён этиши учун яратилаётган қулай шарт-шароитлар муҳим роль ўйнамоқда.
Гап шундаки, мана шундай қулай муҳит яратилган бўлишига қарамай, айрим ёш хонанда ва гуруҳларнинг саҳнага енгил-елпи хиргойилар (қўшиқ деб бўлмайди) билан чиқаётгани таассуфланарлидир.
Эҳтимол, Ватанга бўлган муҳаббат кишининг кийимига қараб белгиланмас, бундай туйғу ҳар кимнинг юрагида туғён уриши мумкин. Аммо Ватан мадҳ этилган қўшиқ саҳна маданиятига зид либосларни кийган тарзда айтилиши бачканалик эмасми?!
Шу ўринда бир мисол. Яқинда таниқли аёл хонандаларимиздан бири қайсидир ўМ радиоси орқали Ватан ҳақида янги қўшиқ тайёрлаганини билдирди. Бошловчининг қўшиқ билан боғлиқ саволларига жавобан, хонандамиз шунчалик мақтандики, қўяверасиз. Сўнг қўшиқ янгради. Афсуски, унда СЎЗнинг тафти, сеҳрини ҳис қилиш қийин. Биз бу ўринда андиша ва истиҳола юзасидан қўшиқчининг исмини келтирмадик. Гап эгасини топади, деб ўйлаймиз.
Тўғри, Ватан ҳақида бугун ҳам самимий қўшиқлар яратилаяпти. Бу борада, айниқса, Президентимиз ташаббуси билан анъанавий ўтказиб келинаётган “Ягонасан, муқаддас Ватан!” республика кўрик-танлови туфайли ўнлаб, юзлаб янги ва дилтортар қўшиқлар пайдо бўлаяпти. Худди шунингдек, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси томонидан “Марди майдон!” деб номланган жонли қўшиқлар фестивалининг ўтказилиши ҳам яхши самара бераяпти.
Халқимиз асл санъатни, дилбар навони, дилдор хонишни яхши кўради ва қадрлайди. Шу боис яхши кунларида тўй қилиб, таниқли санъаткорни хизматга айтиб, меҳмону мезбонларни хушнуд қилишни дилига тугиб яшайди. Бинобарин, санъаткорни маънавий дўст сифатида ҳурмат қилиб, уларга ишонадилар. Ватан ва миллат ҳақида қалбларни тўлқинлантириб, вужудларни титратиб юборадиган қўшиқлар яратиб, чин инсоний хислатлари билан тингловчи муҳаббатига сазовор бўлиш эса ана шу ишончни оқлаш демакдир...

Мақсуд ЖОНИХОНОВ.

Шамоллашдан эҳтиёт бўлинг!
Куннинг баъзан илиқ, тунларнинг эса аёз бўлиши шамоллаш ва грипп каби хасталикларни келтириб чиқариши мумкин. Шундай ҳолларда ўзбошимчалик билан  муолажа қилиш ярамайди. Бу каби хасталикларга чалинганда, беморга қувват бўладиган хушхўр таомлар бериш ва  уларга ошкўклар қўшиш мақсадга мувофиқдир. Шунингдек, бундай пайтларда наъматакли чой ва дамламалар ҳам яхши таъсир қилади. Шуни ёдда тутиш жоизки, шамоллаш билан боғлиқ беморларнинг таомига мурч, қалампир, сирка, ерқалампир қўшмаслик лозим. Халқ табобатида шамоллашни даволашнинг бир қатор усуллари борки, улар киши организмига ҳеч қандай салбий таъсир этмайди. Қуйида уй шароитида мутлақо зарарсиз бўлган даволаш усулларини тавсия этамиз:
Қайноқ сутга маълум миқдорда  ичимлик содаси қўшиб ичилса, йўталга фойда беради. Буғда пиширилган беҳи, шолғомни истеъмол қилиш ҳам ушбу хасталикни даволашда энг мақбул усулдир.
Шивит уруғидан тайёрланган дамлама томоқни юмшатиш ва балғам кўчириш хусусиятига эга. Бунда бир чой қошиқ шивит уруғи 300 грамм миқдордаги сувга дамланади. Дамлама ўз тафти билан илиқ ҳолга келгач, докада сузилиб, кунига 3-4 ош қошиқдан ичилади.
Халқимизда “Касални даволагандан кўра, унинг олдини олган маъқул”, деган ҳикмат бор. Касалликнинг олдини олишда эса, энг аввало, бадантарбия машғулотлари билан мунтазам шуғулланиб, организмни чиниқтириш етакчи ўринни эгаллайди. Спорт билан мунтазам шуғулланадиган кишиларга эса турли хасталиклар яқинлашмайди.

Маннон НАБИЕВ,
доришунос.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: Юлдузларга талпинган сиймо »