Сангардактоғ шаршараси
  • 13 Декабрь 2014

Сангардактоғ шаршараси

Юртимиз табиатининг гўзаллиги ва таровати барчани ўзига мафтун этиб келади. Айниқса, пурвиқор тоғларимиз жамоли, улар бағридаги “табиий обида”лар жаҳоннинг камдан-кам жойида учрайди.

Сурхондарё вилоятида жойлашган Сангардактоғ дараси ҳам ана шундай ноёб масканлардан бири. У ўзининг гўзал табиати, ўсимликлар дунёсининг ранг-баранглиги, турфа хил ҳайвонот олами, минглаб булоқлару чашмалари билан ном қозонган.
Бу ерда бир вақтнинг ўзида йилнинг тўрт фаслини кузатиш мумкин.
Гарчи тоғ ҳудуди бўлса-да, кейинги йилларда шаршара атрофида бунёдкорлик ишлари олиб борилди. Натижада меҳмонларнинг кўнгилдагидек ҳордиқ чиқаришлари учун барча қулайлик яратилди.
Денгиз сатҳидан икки минг метр баландликдан отилиб тушувчи шаршара табиатнинг ноёб мўъжизасидир. У 150 метр юксакликдан атрофдаги қояларга урилиб, оқади. Камалакмисол товланиб, сачраётган зилол суви баҳридилингизни очади. Ўзига хос овози асабни тинчлантириб, юракка қувват беради. Унинг суви совуқ бўлса-да, қанча ичилса ҳам саломатликка зиён қилмайди. Аксинча, вужудингизни тетиклаштиради. Шу боисдан бўлса керак, ёз бошланиши билан шаршарадан меҳмонларнинг қадами узилмайди.
Табиатнинг бу гўзал туҳфаси қиш фаслида ҳам ўзгача фусун касб этиб туради. Шаршара музлаб, улкан сумалакни ташкил қилади. Унга осилиб тушган бежирим, инсон ақли бовар қилмайдиган томчилар эса гўёки баҳайбат биллур шодаларини ёдга солади. Айниқса, унинг қуёш нурида жилоланиши кишига сўнмас илҳом ва такрорланмас сурур бахш этади.
Шаршаранинг ўнг томонида, бир оз юрилгач, “Жавзо шаршара”сига дуч келасиз. У йилда бир марта, фақат жавзо ойида тоғ бағридан сизиб чиқади. Ой ниҳоясига етганида шаршара суви ҳам ўз-ўзидан тўхтайди. Олимлар бу ҳолатнинг сирини ҳалигача билишолмади. Ваҳолонки, шаршаратоғ этагидаги митти булоқлардан йил бўйи сув оқади.
Қизиғи, шаршаралар жойлашган тоғ чўққилари устида умуман музликлар ва тоғ кўллари йўқ. Улардан сўнг тоғ ўрмонлари ҳамда палахса-палахса харсанглардан иборат беҳисоб тепаликлар бошланиб кетади.
Табиатнинг бу нафис гўшасига хориждан ҳам сайёҳлар келиб туришади. Улардан бири мазкур шаршарани кўриб, “Тоғ дунёси мўъжизаси”, деб эътироф қилган. Боиси, ушбу масканнинг тўрт томонини қалин ўрмонзорлар, осмонўпар қоялар ўраб олган. Бу ерда турлари камайиб бораётган дарахтлар бисёр ва бу Сангардактоғнинг асл ҳолатини сақлашда қўл келмоқда. Бинобарин, фарк, заранг, писта, зирк, мурут каби мевали дарахтлар, туғдона, самбиттол ва оддий тол, тоғтерак ҳамда татум сингари ёғочбоп дарахтларнинг парваришига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ривоятларда айтилишича, қадимда севганига эришолмаган сулув қиз тоғ шаршараси унгурига кириб ғойиб бўлади. Унинг майда ўрилган сунбул сочлари ўрнидан сумбула ўти ўсиб чиқади. Ҳозир шаршаранинг бағридан сумбула ўтлари девор бўйлаб ўсиб ётибди. Унинг ҳар барги тўпидан тинимсиз тўкилаётган маржон томчиларни маҳаллий аҳоли ўша сулув қизнинг кўз ёшлари, дейди.
Шаршара атрофидаги тоғ ва сойларда доривор ўтларнинг 266 тури мавжуд. Мазкур ўсимликларнинг барчаси шифобахш. Улардан саломатликни сақлашнинг турли усулларида фойдаланилади.
Шунингдек, Сангардактоғ қояларини минглаб ёввойи каптарлар уя қилиб олган. Улар қишин-ёзин шу ерда яшайди. Эрта тонгда какликларнинг овози ён-атрофни тутса, тоғ булбули навосидан ҳузурланасиз. Какку овози ҳар тарафдан қулоққа чалинади. Тоғ қорақуши, тоғтешар, зағча ва қарға, тоғ чумчуқ, кўкқарға ва куркуракқуш, лочин, бургут, укки, тоғ бойқушлари ҳам борки, бу тоғнинг қушлар олами нақадар бойлигидан дарак беради. Тоғ ўрмонларида қўнғир айиқ, силовсин, тоғ эчкилари, бўри, тулки, қашқалдоқ, Осиё сариқ суғури, бурамашох кийиклар яшайди.
Сангардактоғ шаршараси яқинида деярли текисликлар йўқ. Майдони оз бўлган текис жойлар бўз тупроқдан иборат. Энг тотли тоғ олмаси айнан шу манзилда ҳосил беради. Узоқ муддат сақлаш мумкинлиги учун ҳам Сангардак олмаси келгуси ёзгача сақланиб, Самарқанд, Қарши, Навоий, Қўқон, Тошкент ва Бухоро бозорларида сотилади. Ушбу ҳудуд теварагида Кенггузар, Нилу, Хўжаи Ҳубон, Сангардак, Чанглоқ, Боғча каби қишлоқлар бўлиб, аҳолисининг асосий турмуши чорвачилик ва боғдорчиликдан иборат. Қадимдан бу ҳудудларда майда туёқлилар ва шохли ҳайвонларни кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилган. Мазкур қишлоқларнинг қиёфаси ҳам йилдан-йилга ўзгариб бормоқда. Биргина Сангардак қишлоғида 2 та замонавий мактаб, Тоғ-кон саноати касб-ҳунар коллежи, ҚВП, ўрмон хўжалиги бўлимининг янги биноси қурилиб, аҳоли фаровонлигига хизмат қилиб келмоқда.
Шаршаралар юртимиз ҳуснига ҳусн қўшиб турибди. Уларни асраб-авайлаш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Зеро, келажак авлод ҳам табиатнинг бемисл гўзаллигидан баҳра олишга ҳақлидир.

Мусулмонқул МИРЗАЕВ,
«Узун» давлат ўрмон хўжалиги директори.







Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn